САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИДАГИ ЯНГИЛИКЛАР: АЙБСИЗЛИК ПРEЗУМПЦИЯСИ. ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИЛГАНЛАРНИНГ САЙЛОВДАГИ ИШТИРОКИ

25.01.2023

4009

msk_yangiliklari_in

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида изчиллик билан амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар бераётган юксак самаралар халқимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва янада кенгайтиришга қаратилган ҳаётий қонунлар қабул қилинаётганида ҳам ўз инъикосини топмоқда. Барча соҳаларда бўлгани каби, сайлов қонунчилигининг ҳам либераллаштирилаётгани, ўз навбатида, сайловларни очиқ-ошкора, шаффоф, демократик ва умумеътироф этган принциплар асосида ўтказишга хизмат қилади.

 

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида изчиллик билан амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар бераётган юксак самаралар халқимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва янада кенгайтиришга қаратилган ҳаётий қонунлар қабул қилинаётганида ҳам ўз инъикосини топмоқда. Барча соҳаларда бўлгани каби, сайлов қонунчилигининг ҳам либераллаштирилаётгани, ўз навбатида, сайловларни очиқ-ошкора, шаффоф, демократик ва умумеътироф этган принциплар асосида ўтказишга хизмат қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан 2019 йил 22 декабрнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайлов куни деб эълон қилиниши, 20 сентябрдан сайлов кампаниясига старт берилиши, нафақат мамлакатимиз, балки халқаро жамоатчиликнинг ҳам эътиборини тортган воқеа бўлди. Маркази сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази иш бошлади.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган мазкур марказда илк матбуот анжумани ўтказилди. Мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Мирзо -Улуғбек Абдусаломов журналистларнинг барча саволларига батафсил жавоб берди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шу йил 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини амалиётга жорий этишга оид қонуннинг имзоланиши мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий ҳаётидаги улкан воқеа бўлган алоҳида таъкидланди.

 

Кутилганидек, журналистларнинг саволлари асосан сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ҳақида бўлди. Лойиҳаси кенг жамоатчилик ва халқаро экспертлар томонидан батафсил, жумладан, йирик халқаро илмий-амалий анжуманларда муҳокамадан ўтказилиб, Олий Мажлис томонидан қабул қилинган Сайлов кодексидан ўрин олган янги нормалар ва имкониятлар кўпчиликни қизиқтириши табиий. Қамоқда сақланаётган шахсларнинг сайловлардаги иштироки — ана шундай муҳим янгиликлардандир.

 

Айни пайтда, бу йилги сайловларда, мамлакатимиз тарихида биринчи марта, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар ҳам иштирок этади.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан мазкур нормани ҳаётга татбиқ этиш учун ҳуқуқшунос олимлар, амалиётчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда “Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом” ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

 

Низомда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказишда қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкасини тузиш, участка сайлов комиссияларини шакллантириш ва овоз беришни ташкил этиш тартиби белгиланди.

 

Қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритилади.

 

Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилган:

ушлаб турилган – жиноят содир этганликда гумон қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддасида назарда тутилган асослар бўйича озодликдан маҳрум этиш жойи ҳисобланмаган хизмат биноларида ёки вақтинча сақлаш ҳибсхонаси камерасида ушлаб турилган шахс;

қамоққа олинган – Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи;

қамоқда сақлаш – жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган шахсларни ёхуд қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсларни тергов ҳибсхоналарида сақлаш;

ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар – қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар;

оғир жиноятлар – қасддан содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар;

ўта оғир жиноятлар – қасддан содир этилиб, қонунда ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёхуд умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар;

манзил-колонияси – жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар соқчисиз, аммо назорат остида сақланадиган жазони ижро этиш муассасаси.

 

Сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадир. Қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган, шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар овоз бериш ҳуқуқига эгадирлар. Оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди.

 

Мазкур Низомнинг амалиётга татбиқ этилиши мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар бераётган юксак самараларнинг ҳаётдаги яна бир ифодаси бўлади.

 

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган, шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар ҳам мамлакатимиз тарихида биринчи марта овоз бериш ҳуқуқига эга бўлдилар. Зеро, бундай шахслар фақат озодликдан маҳрум этилган, уларнинг сайлов ҳуқуқини ҳеч ким чеклаб қўйгани йўқ.

 

Баҳодиржон ЮНУСОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси аъзоси.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур