ИСТИҚЛОЛНИНГ БУЮК ҚУДРАТИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ МИЛЛИЙ САЙЛОВ ТИЗИМИДАГИ БЕҚИЁС ЎЗГАРИШЛАРДА ЁРҚИН НАМОЁН БЎЛМОҚДА

20.08.2025

46

msk_yangiliklari_in

Зайниддин
НИЗАМХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси Раиси,
Ўзбекистон Қаҳрамони

 

ИСТИҚЛОЛНИНГ БУЮК ҚУДРАТИ

Ўзбекистоннинг миллий сайлов тизимидаги беқиёс ўзгаришларда ёрқин намоён бўлмоқда

 

Шу кунларда юртимизда истиқлол байрамига бағишлаб ўтказилаётган барча тадбирлар мазмун-моҳиятида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғоя ўзининг ёрқин ифодасини топаётганида эришилаётган улкан муваффақиятлардан шукроналик мужассам.

 

Халқимиз ўз кучи ва салоҳияти билан барпо этган мустақил давлат, эркин ва озод жамиятни янада кучли, янада гўзал ва обод этиш давлатимиз раҳбари томонидан бош вазифа сифатида белгилангани изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотларда муҳим омил бўлмоқда. Буни мамлакатимиз миллий сайлов тизимидаги беқиёс ўзгаришлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

 

Тараққиётимизнинг ўтган даври мобайнида демократик сайлов тизими ва миллий сайлов қонунчилиги босқичма-босқич шакллантирилиб, конституциявий принциплар ва умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мослаштирилди.

 

Янги Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй бераётган туб ўзгаришлар самарасида партияларнинг сиёсий майдондаги роли кучайди, сайловчиларнинг фаоллиги ошди, сайлов жараёнида иштирок этаётган фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, маҳаллий ва халқаро кузатувчиларнинг жамоат назорати ва мониторингини олиб бориш ваколатлари кенгайди.

 

Албатта, буларнинг барчаси давлатимиз раҳбари ташаббуси билан миллий сайлов тизимини тубдан ислоҳ қилиш, янада демократлаштириш, фуқароларга қулайлик ва эркинлик яратиш бўйича cобитқадамлик билан олиб борилаётган изчил сиёсатнинг юксак самараларидир.

 

Дунё тарихига назар ташланса, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини таъминлаш, миллий сайлов тизимни шакллантириш, бинобарин, демократия сари дастлабки қадамларни қўйиш жараёни ҳеч бир  мамлакатда осон кечмагани аён бўлади. Бундай шарафли йўлни  мамлакатдаги тинчлик, фуқаролараро тотувлик ва сиёсий барқарорликда босиб ўтиш камдан-кам давлатга насиб этган.

 

Миллий давлатчилик тарихи неча минг йилларга бориб тақалувчи Ўзбекистон – ана шундай кам сонли мамлакатлардан бири. Мустақиллик йилларида мамлакатимиз миллий сайлов тизими улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди ва давлат ҳокимиятининг муҳим институтларини шакллантиришга салмоқли ҳисса қўшди.

 

Ўзбекистоннинг эркин ва рақобатли сайловларни ўтказиш бўйича ўз зиммасига олган барча халқаро мажбуриятларга қатъий амал қилиб келаётгани мамлакатимизда сайлов кампаниялари миллий қонунчилик ва демократик сайловларнинг умумэътироф этилган тамойилларига мувофиқ ўтказилганида ўз инъикосини топмоқда.

 

Бунда, энг аввало, давлатимиз раҳбарининг халқ меҳрини қозонган қатъий сиёсий иродаси, юртимиздаги сиёсий тизимнинг етуклиги, демократия, маданият ва инсон ҳуқуқларининг юксак мезонлари муҳим омил бўлаётир.

 

Муваффақиятли ўтказилган ҳар бир сайлов ва референдум  шубҳасиз, умуммиллий ғалаба, нафақат Ватанимизда, балки Марказий Осиё минтақаси ва жаҳонда хавфсизлик, барқарорлик ва тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашга қўшилган муносиб ҳиссадир.

 

Инсон ҳуқуқларини, жумладан, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини кенг таъминлаш борасидаги миллий юксалиш  замирида Янги Ўзбекистонда  умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи, яширин овоз бериш тамойилларига қатъий амал қилиниб, умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларининг миллий сайлов қонунчилигига изчил сингдирилиши билан боғлиқ кўламли ислоҳотлар ва шарафли меҳнат мужассам. Миллий Конституциямиз ва қонунчилигимизда сайлов органларини шакллантиришга оид қоидаларнинг мустаҳкамлаб қўйилгани бу жараёнда улкан аҳамият касб этмоқда.

 

Самаралари юксак давр

 

Таъкидлаш жоизки, халқимиз  давлат мустақиллигига эришгунича Ўзбекистонда доимий фаолият юритувчи мустақил сайлов органи бўлмаган. Муайян сайлов кампанияси даврида миллий парламент ҳузурида  муваққат иш олиб борувчи сайлов қўмитаси ёки сайлов комиссияси тузилган ва сайлов якунланиши билан ўз фаолиятини тўхтатган.

 

1998 йилнинг 30 апрелида “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши  миллий сайлов тизимнинг мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этди. Ушбу қонунга биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини доимий асосда амалга ошириши йўлга қўйилди.

 

2014 йилдан Конституциявий орган мақоми берилган ва фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, мустақиллик, адолатлиликдан иборат Марказий сайлов комиссияси  мамлакатимизда Президент сайлови, парламент ва маҳаллий кенгашлар сайлови ҳамда референдумларни ўтказувчи барча сайлов комиссиялари тизимига бошчилик қилиб келмоқда. Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида Сайлов кодексининг ижроси устидан назоратни амалга оширади, унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди.

 

2019 йили Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган Сайлов кодекси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

 

Ватанимизда cайловлар соҳасидаги ислоҳотларнинг янги ва янада юксак самарали даврини бошлаб берган ушбу Кодексда сайлов қонунчилигига оид ҳужжатлар кодификация қилиниб, халқаро тажриба ва амалиёт афзалликлари чуқур таҳлил этилгани ҳолда, бир-бирини такрорловчи қонун нормаларига барҳам берилди.

 

Мазкур Кодекснинг яратилишидан асосий мақсад  фуқароларнинг сайлов қонунчилигига доир конституциявий ҳуқуқларидан самарали фойдаланиш, ўтказиладиган сайлов жараёнларининг халқаро сайлов стандартлари қоидаларига мувофиқлигини таъминлаш, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги бевосита иштирок этиш ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш, сиёсий партияларнинг мамлакат сиёсий саҳнасидаги соғлом рақобатини таъминлашдан иборатдир.  

 

Сайловчилар ва сайланувчилар учун кенг имкониятлар ва қулайликлар яратган ушбу Кодекс юртимизда сайловларнинг ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик тартиб-тамойиллар асосида ўтишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Бу  айниқса, Янги Ўзбекистонда улкан муваффақият билан ўтказилган миллий парламент ва маҳаллий кенгашларга (2019 ва 2024 йиллар) ва Президент (2021 йил) сайловлари,  Ўзбекистон Республикаси референдуми ҳамда муддатидан илгари Президент сайловига (2023 йил) тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнида янада ёрқин намоён бўлди.

 

Мустақил Ўзбекистонда ўтказилган барча сайлов ва референдумлар тадрижи  аҳолининг ижтимоий-сиёсий жараёнларга қизиқиши ва сиёсий фаоллиги, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси муттасил равишда ортиб бораётганини кўрсатади.

 

Янги сифат ўзгаришлари

 

Сўнгги йилларда сайлов қонунчилиги изчил такомиллаштирилиб, сайлов ўтказиш амалиёти сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бунда сайлов қонунчилиги халқаро умумэътироф этилган тамойиллар, нуфузли халқаро ташкилотлар тавсиялари ва халқимиз билан бамаслаҳат такомилига етказилди ҳамда мамлакатимиздаги демократик ислоҳотлар билан уйғунлаштирилди.

 

Ўзгаришларнинг энг халқчилларидан  бири, шубҳасиз, 2021 йилдан мамлакатимизда сайловлар октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланганидир. Сайловлар илгари айни қаҳратон қиш – декабрь ойида ўтказилар эди.

 

Бир қарашда, мамлакатимиз Конституциясининг тегишли моддасидаги битта сўз – “декабр”ни “октябр”га алмаштириб қўйиш жўн ва осон ишдек туюлади. Лекин неча ўн йиллардан буён амал қилиб келаётган бу муддатни ўзгартиришдек хайрли иш Янги Ўзбекистон шароитида амалга оширилганида буюк бир ҳикмат – халқ фикри ва инсон қадрига юксак ҳурмат-эҳтиром мужассам.

 

2023 йилда мамлакатимиз тарихида илк бор умумхалқ референдумида қабул қилингани янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси эса Янги Ўзбекистон ҳаёти барча соҳаларининг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.  

 

Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституциясида де-мократик сайлов тамойили қатъий мустаҳкамланди, фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи кафолатланди. Конституциямизнинг кўплаб бошқа мамлакатлар конституцияларидан фарқли асосий жиҳатлардан бири – Бош қомусимизнинг алоҳида ХХII боби айнан сайлов тизими, фуқароларнинг сайловга оид асосий ҳуқуқлари кафолатига бағишланганидир.

 

Хусусан, 128-моддада ҳар бир сайловчи бир овозга эгалиги, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши, ўн саккиз ёшга тўлган фуқаро сайлаш ҳуқуқига эгалиги, сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилиши белгиланди. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз, деб топилган фуқаролар, оғир ва ўта оғир жиноят содир этганлик учун суд ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суд қарори асосида маҳрум этилиши мумкинлиги кўрсатилди.

 

Замонавий конституциявий нормалар ва умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида миллий сайлов қонунчилиги тубдан такомиллаштирилди. Янги Ўзбекистоннинг миллий сайлов тизимида амалга оширилган улкан ўзгаришлар  2024 йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида ўзининг ёрқин ифодасини топди.

 

Таъкидлаш ўринлики, беш йил аввал – 2019 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлардан бери мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида, миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётида улкан ўзгаришлар юз берди.

 

Ушбу жараёнда 2023 йилнинг 18 декабрь куни кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун билан Сайлов кодексига ҳамда бошқа яна еттита қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани парламентни шакллантиришнинг янги замонавий тизимини йўлга қўйишда муҳим омил бўлди.

 

Бунда давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 6 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан учрашувда мамлакатимиз ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини ошириш учун аралаш сайлов тизимига ўтишга доир таклифи муҳим аҳамият касб этди.

 

Аралаш сайлов тизими ўзида моҳиятан иккита – пропорционал ва мажоритар сайлов тизимини уйғунлаштирган. Бу тизимда вакиллик органидаги мандатларнинг, яъни депутатлик ўринларининг бир қисми депутатликка номзодларнинг партиявий рўйхатига мувофиқ сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда, иккинчи қисми эса бевосита сиёсий партия томонидан бир мандатли сайлов округларидан кўрсатилган депутатликка номзодларга берилган овозлар натижасига кўра тақсимланади.

 

Шундай қилиб, Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўрнининг 50 фоизи – 75 нафари илк бор бир мандатли сайлов округларидан мажоритар сайлов тизими бўйича, қолган 50 фоизи – 75 нафари эса партия рўйхати бўйича пропорционал сайлов тизими орқали сайланди.

 

Маълумки, илгари Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлови фақат можаритар сайлов тизими асосида ўтказилган. 150 нафар депутатнинг барчаси бир мандатли сайлов округлари бўйича, бевосита депутатликка номзодларга берилган овозлар натижасига кўра сайланган.

 

Сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларни кўрсатишда аёллар учун камида 40 фоизлик квота белгилангани Янги Ўзбекистонда инсон қадрини янада юксалтириш борасида кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалдаги яна бир ифодасидир. Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг 38 фоизини ёки 57 нафарини хотин-қизлар ташкил этди ва бу Ўзбекистон тарихида энг юқори кўрсаткич бўлди.

 

Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар сайлови натижаларини белгилаш тартиби такомиллаштирилиши бир мандатли сайлов округларида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланган, деб ҳисобланиши жорий этилди. Бошқача айтганда, бу галги сайловда  илгари бўлгани каби мутлақ кўпчилик эмас, балки нисбий кўпчилик овози билан депутатлар сайланиши таъминланди.

 

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги фуқаролари Қонунчилик палатаси сайловида илк бор пропорционал тизим бўйича овоз беришда иштирок этдилар. Бу чет давлатларда бўлиб турган фуқароларимизнинг сиёсий иродасини рўёбга чиқариш ҳамда уларнинг берган овозини ўзларига алоқаси бўлмаган бошқа сайлов округи ҳисобига ўтказиш амалиётига барҳам берди.

 

Сайлов кодексида маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказиш учун сайлов округлари тегишли депутатлик ўринларига тенг миқдорда тузилиши, депутатлик ўринлари сони эса аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда аниқ белгилаб қўйилгани ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада мустаҳкамлаш имконини берди.

 

Сайловларни профессионал, очиқ ва демократик тарзда ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш мақсадида, Марказий сайлов комиссиясининг конституциявий мақоми мустаҳкамланди. Марказий сайлов комиссияси – ҳудудий сайлов комиссияси – туман ва шаҳар сайлов комиссияси – округ сайлов комиссияси – участка сайлов комиссиясидан иборат сайлов комиссияларининг вертикал тизими жорий этилгани сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни сифат жиҳатдан яхшилашга хизмат қилди.

 

Округ сайлов комиссиясининг сайлов участкалари ва участка комиссияларини тузиш, тегишли ҳудудда депутатликка номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олиш ваколатлари ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан амалга ошириладиган бўлди.

 

Фуқароларнинг Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар сайловлари жараёнига қизиқишининг сезиларли даражада ошгани барча босқичлари очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик асосида ўтказилган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг натижаларида яққол кўринди: сайловда жами 15 миллион 27 минг 529 нафар сайловчи овоз берди. Бу сайловчилар умумий сонининг 74,72 фоизи демакдир.

 

Қарор ва ижро

 

Рақамли технологияларнинг Ўзбекистон миллий сайлов тизимига фаол ва кенг жорий этилаётгани  сайловлар ва референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашда янгидан-янги имкониятлар яратмоқда.

 

Мазкур тизимга Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сайлов жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 4 октябрдаги қарори билан асос солинганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

 

 Йилдан-йилга такомиллашиб бораётган ушбу тизим сайлов жараёнига «Бир сайловчи — бир овоз» тамойилини жорий этишдаги қулайлиги, аниқлиги, қамровининг кенглиги ва замонавийлиги билан нафақат сайловчилар, балки сайлов ташкилотчилари ва сайловни кузатувчиларнинг ҳам кенг эътирофига сазовор бўлди.

 

2024 йилнинг 27 октябрь куни миллий парламентимиз ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда “Е-saylov” ахборот тизимининг ишга туширилиши бундай  эътирофларнинг амалдаги яна бир тасдиғи бўлди. Ушбу замонавий тизим ёрдамида сайлов жараёнининг кўплаб тартиб-таомиллари рақамлаштирилиб, бюрократик тўсиқлари кескин камайтирилди ва шаффофлиги оширилди. Тизим бошқа электрон платформалар билан интеграция қилингани сайлов жараёнларининг автоматлаштирилиши ва сайловларга оид маълумотларни реал вақт режимида олиш, алмашиш имконини берди.

 

Мамлакатимиз тарихида биринчи марта бешта сиёсий партия томонидан барча даражадаги депутатлик ўринларига юз фоиз номзодлар кўрсатилди. Бунда, “E-saylov” интерактив порталининг ишга туширилгани муҳим аҳамият касб этди. Бу тизим орқали сиёсий партиялар номзодларнинг қонунчилик талабларига мослиги ҳолати бўйича сайлов комиссиялари билан тезкор ишлаш имкониятига эга бўлди.

 

Янги ахборот тизимида фуқаролар учун ҳам сайловга оид ахборотларни олишда кўплаб қулайликлар яратилди. Хусусан, мазкур тизим сайловчилар ва сайлов участкаларига оид статистик маълумотларни олиш, барча турдаги сайловлар бўйича депутатликка номзодлар ҳақида ахборотга эга бўлиш, интерактив хариталарда депутатликка номзодлар ва уларнинг таржимаи ҳоли билан танишиш имконини берди.

 

Тошкент шаҳридаги ўнта сайлов участкасида сайлов куни электрон овоз беришни ташкил этиш ва ўтказишнинг тажриба-синов тариқасида жорий этилиши ҳам муҳим янгиликлардандир. Электрон овоз бериш тартиби синаб кўрилган сайлов участкаларида сайловчилар овоз беришнинг анъанавий ёки электрон шаклини мустақил танлаш ҳуқуқидан фойдаланди.

 

Бой тажриба

 

Истиқлол йилларида Ўзбекистон миллий сайлов тизимида эришилган энг муҳим муваффақиятлардан яна бири сайлов ташкилотчиларини тизимли ва босқичма-босқич ўқитиш борасида тўпланган бой тажрибанинг халқаро миқиёсда эътироф этилиши билан боғлиқ.

 

Ўқитишнинг юқоридан қуйига қараб кенгайиб, такомиллашиб борадиган кўп босқичли бу усули ўзининг юксак самараларини бермоқдаки, сабаби машғулотларни мамлакатимизнинг сайлов қонунчилиги бўйича  таниқли олимлари, экспертлари ва амалиётчилари, жумладан, Марказий сайлов комиссиясининг етакчи мутахассислари олиб боради.  

 

Ўқув машғулотлари Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган малака ошириш концепциясини амалиётга жорий этиш, ўқув-услубий материалларни ишлаб чиқиш, тренерлар жамоасини шакллантириш, “Saylov” мобил иловаси ва онлайн таълим платформаси каби рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, шунингдек, ўқув жараёнини мониторинг қилишга доир масалаларни қамраб олган. Жумладан, сайловдан сайловгача бўлган даврда аниқланган муаммо ва камчиликлар таҳлили асосида турли соҳалардаги мутахассис ва экспертлар жалб этилган ҳолда ташкил этиладиган ўқув машғулотлари бунда муҳим аҳамият касб этади.

 

Сайлов комиссиялари тизимини такомиллаштириш ва комиссия аъзолари сонининг мақбуллаштирилиши натижасида, сайлов ташкилотчиларини ўқитиш ва тайёрлашга сарф бўладиган меҳнат сарфи ва маблағларни тежашга эришилди. Жумладан, 2019 йилги сайловларида 180 000 нафарга яқин киши ўқитилган бўлса, 2024 йилда бу рақам 128 701 нафарни ташкил этди.

 

2024 йили ўтган сайлов кампаниясининг кўплаб ибратли жиҳатларидан яна бири  сайлов ташкилотчилари билан сиёсий партиялар ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий натижалари, Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган, сайловолди ташвиқотини ўтказишга оид одоб-ахлоқ қоидаларининг имзоланиши хорижда ҳам катта қизиқиш уйғотди.

 

Имконияти чекланган фуқароларнинг овоз бериш жараёнидаги фаоллигини ошириш учун барча зарур чоралар кўрилиши ҳам мустақиллик даврида қатъий йўлга қўйилган муҳим янгиликлардан.

 

Ибратли амалиёт

 

Истиқлол йилларида Янги Ўзбекистонда сайловларни очиқ ва ошкора кузатиш, жумладан, халқаро кузатувчилар фаолиятини таъминлаш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Дунёнинг айрим ривожланган мамлакатларида ҳам бундай кенг имконият — кўп  босқичли назорат ва кузатув тизими ҳамда амалиётига гувоҳ бўлавермайсиз.

 

Ўзбекистон Республикаси парламент сайловида жами 851 нафар хорижий (халқаро) кузатувчи аккредитациядан ўтказилди. Қиёс учун айтиш мумкинки, 2019 йилда ўтган сайловларда 825 нафар хорижий (халқаро) кузатувчи кузатувчи аккредитация қилинган.

 

Янги Ўзбекистон халқаро ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этиб, халқаро сайлов стандартларини амалга ошириш жараёнида конструктив ҳамкорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Улар орасида БМТ, ЕХҲТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ), ЕХҲТ парламент ассамблеяси, Европа парламенти, МДҲ, МДҲ парламент ассамблеяси (МДҲ ПА), Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар бор.

 

Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонда узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ҳаётбаҳш ислоҳотларда истиқлолнинг буюк қудрати ёрқин намоён бўлаётганининг яна бир ёрқин тасдиғидир.

 

 

“Янги Ўзбекистон” газетаси,

2025 йил 20 август.

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур