Сайлов — демократия кўзгуси. Зеро, ҳар қандай мамлакатда очиқлик, ошкоралик, сўз эркинлиги, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига оид умумэътироф этилган кўплаб демократик тамойилларнинг амалда нечоғлик таъминлангани айнан сайлов жараёнида намоён бўлади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2019 йили Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг қабул қилиниши мамлакатимиз миллий сайлов тизимида туб ислоҳотларнинг янги даврини бошлаб берди. Ўтган йиллар мобайнида сайлов ва референдум ўтказиш бўйича миллий қонунчилик ва амалиёти халқаро стандартларга мос демократик тамойиллар асосида янгиланди. Сайлов кодекси амалиётга киритилгач, аввало, сайловга оид мавжуд барча қонунлар ва қонуности ҳужжатлари яхлит ҳужжатга жамланди. Бевосита ишлайдиган қонун мақомини олди.
Ўтказилаётган ҳар бир ислоҳот аввало инсон ва жамият манфаатига хизмат қилган тақдирдагина кутилган самараларни беради.
Инсон қадрини юксалтиришга устувор вазифа сифатида қараладиган Янги Ўзбекистонда бундай юксак самараларни сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча жараёнлар адолатли, ҳалол, шаффоф, умумэътироф этилган стандартлар ва энг мақбул амалиётлар, мамлакатимизнинг сайловлар соҳасидаги халқаро мажбуриятларига биноан ўтказилаётганида кўриш мумкин.
Энг муҳими, фуқаролар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириши учун барча шароитлар яратилиб, сайловчилар мавжуд имкониятдан самарали фойдаланади.
Буни ўтган сайловлар ва референдум жараёнларини бевосита кузатиб борган нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент ассамблеяси, Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши миссиялари ва хорижий мамлакатларнинг юзлаб кузатувчиларининг эътирофлари ҳам яққол тасдиқлаб турибди.
Сўнгги йилларда сайлов жараёнларида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ва сайлов жараёнида иштирок этувчи барча субъектларнинг ҳуқуқий масъулиятини ошириш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани сайловчилар, сайланувчилар ва сайлов ташкилотчиларининг нафақат ҳуқуқ ва имкониятларининг янада кенгайиш, балки масъулиятининг ошишига ҳам хизмат қилмоқда. Сайлов қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликнинг аниқ ва самарали механизмлари шакллантирилгани ана шундай ўзгаришлардан биридир.
Сайлов қонунчилигини бузганлик учун белгиланган жавобгарлик, аввало, умумий принцип сифатида Сайлов кодексининг 103-моддасида ўз ифодасини топган. Мазкур моддада сайлов қонунчилигини бузган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши қатъий белгиланган. Бу меъёр фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва сайлов жараёнида шаффофликни таъминлашга қаратилган.
Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирлар орасида маъмурий жавобгарлик тизимининг янада аниқ ва самарали йўлга қўйилгани алоҳида аҳамиятга эга. Мамлакатимизда сайлов жараёнида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва ҳар бир фуқаронинг сайлов ҳуқуқини тўлақонли таъминлаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда кенг қамровли ва аниқ ҳуқуқий механизмлар яратилди.
Бунда мамлакатимизда амалга оширилаётган сайлов ислоҳотларида халқаро тажриба ва нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши тавсиялари инобатга олинди. Бу эса миллий қонунчиликда адолат, ошкоралик ва фуқаролар иродасининг эркин намоён бўлиши учун ҳуқуқий кафолатлар яратилишида муҳим омил бўлди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг махсус бобида сайлов ва референдум жараёнида содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар тўлиқ қамраб олинган. Хусусан, сайлов комиссиялари фаолиятига аралашиш, уларнинг қарорларини ижро этмаслик, номзод, кузатувчи ва сиёсий партия вакилларининг ҳуқуқларини бузиш ёки улар тўғрисида ёлғон маълумотлар тарқатиш, ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш, ахборот ва ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиш, жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов ёки референдум натижалари тахминларини чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузиш каби ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Сайлов жараёнининг қонуний ва адолатли ўтиши, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари, давлат маблағларидан мақсадли фойдаланиш, молиявий ҳисобдорликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тизимли равишда такомиллаштириб борилмоқда. Бунинг яққол мисоли сифатида 2024 йил 4 сентябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги, яъни 5110 ва 5111-моддалар киритилди.
Кодекснинг 5110-моддасида сайлов (овоз бериш) бюллетенларини бериш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Амалиётда кўп учрайдиган “бошқа шахслар номидан овоз бериш” ҳолатларини қонун йўли билан чеклаш, сайлов комиссияси аъзоси томонидан бундай ҳолатга йўл қўйилган тақдирда эса уни маъмурий жавобгарликка тортиш механизми яратилди. Бу орқали “Бир сайловчи — бир овоз” тамойили тўлақонли кафолатланди.
Шунингдек, Кодексга киритилган қўшимча 5111-модда билан сайловда иштирок этувчи сиёсий партиялар белгиланган тартибда ва муддатда ҳисобот тақдим этмаса, ёки ҳисоботда билиб туриб нотўғри маълумот келтирилса, мазкур ҳаракатлар учун ҳам мансабдор шахсларга маъмурий жавобгарлик белгиланди. Бу норма сайловда давлат маблағларининг сарфланишида шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, сайлов жараёнидаги коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ушбу янги моддаларнинг қонунчиликка киритилиши орқали сайлов жараёнида адолат, қонунийлик ва ошкораликка эришиш, ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш, фуқароларнинг сайловда эркин иштирок этиши учун янада мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди.
Бундан ташқари, сайлов жараёнидаги ҳуқуқбузарликларнинг айрим турлари жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказиш хавфини туғдиргани туфайли жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 146-моддаси алоҳида аҳамиятга эга. Хусусан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ёки референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов (овоз бериш) бюллетенларига ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни била туриб нотўғри санаш каби ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 147-моддасида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини, номзод ёки ишончли вакил ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қилишга йўл қўймаслик бўйича қўшимча кафолатлар назарда тутилган. Шу билан бирга, фуқаролар, номзодлар, партиялар ёки уларнинг вакилларига нисбатан босим ўтказиш, қўрқитиш, алдаш ёки зўравонлик йўли билан уларнинг сайловдаги иштирокини чеклаш жиноий жавобгарликка сабаб бўлувчи ижтимоий хавфли қилмиш сифатида баҳоланади.
Айнан ушбу қонун нормалари амалий ҳаётда сайлов жараёнида очиқ-ошкоралик ва адолатли рақобат муҳитини таъминлайди. Жиноий жавобгарликнинг қатъий белгиланиши эса давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини тўлиқ кафолатлаш, масъулиятини ошириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлади.
Бугунги ҳуқуқий ислоҳотлар фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини ишончли ҳимоя қилиш, жамиятда ҳуқуқий онг ва сайлов маданиятини юксалтириш, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш борасидаги амалий қадамлар сифатида муҳим аҳамият касб этади.
Анвар РЎЗИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси
котибияти раҳбари
“Жамият” газетасининг 2025 йил 25 сентябрдаги №38 (957) сонида чоп этилган