27.01.2023

2690

msk_yangiliklari_in

Мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар, илмий-амалий ва ижодий изланишлар давом этмоқда.

 

Мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар, илмий-амалий ва ижодий изланишлар давом этмоқда.

 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек,барчамиз, аввало, ўз жонини она юрт учун қурбон қилган ватандошларимизнинг руҳи поклари олдида бош эгиб, таъзим қиламиз. Уруш ва меҳнат фронти қатнашчиларини – азму шижоатли, довюрак ота-боболаримиз, сабр-матонатли оналаримиз, момоларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.

 

Элчи Абдусаломов ҳам ана шундай юксак эҳтиромга лойиқ инсонлардан. Ҳаёт бўлганида 100 ёшини қаршилар эди. Уруш йилларида жанг майдонларида ва ундан кейинги даврда меҳнат жабҳасида кўрсатган жасорати ибратга муносибдир.

 

Номус

 

Минг тўққиз юз қирқ биринчи йилнинг ёзида Сирдарё вилоятидаги Ҳовос туманининг Соват қишлоғига келган биринчи “қора хат” Абдусалом бобонинг қаддини букди. Тўнғичи – Йўлчининг кўксини дунёга бало-қазодек ёпирилган фашистларнинг ўқи тилкалаб ўтган эди.

 

Сабр-бардошли деҳқоннинг бир қора тунда қуюқ сочлари оқариб, оппоқ юзлари кўмирдек қорайиб кетди. Лекин на ўзи, на хотини уввос тортди. Сасини чиқармай, ичидан куйди.

 

Йўли чимилдиқдан аввал охират сари тушган Йўлчидан на гумона, на нишона қолди.

 

Ота-онасига ҳам таскин, ҳам суянчиқ бўлиб турган Элчига навбат келган эди. Ярим дунёни ўз забтига олган уруш ва ажал шарпаси ҳар қадамда, ҳар сонияда сезилиб турарди.

 

Эр-хотин тун-кун шукр қилардики, “қора хат” оралаган оиладан иккинчи фарзанд ҳарбийга олинмаётир. Сўнг бу умид ҳам урушнинг қурбонига айланди.

 

Оила таҳлика билан кутган ўша хазонрезги фаслнинг совуқ оқшоми мўъжаз ҳовлидаги пастқамгина пахса уйга сассизгина кириб келди:

 

– Мен энди борай, ота! – деди иккинчи ўғил. – Оқ фотиҳа беринг!

 

Она изиллаб Элчининг билагига ёпишган жойида эри унга ялт этиб қараб қўйди. Иқболхон ая тамизли аёли эди. Уни ўчди. То ҳануз бу оилада тутум шундай – аёл эр измини ўзи учун қонун ёки зуғум эмас, шараф деб билади. Унинг заифалиги эмас, донолиги, улуғлиги шунда. Рўзғоридаги қут-барака, фарзандларининг солиҳлиги, оиласининг эл-юртдаги юксак нуфузи шундан.

 

Ота бошини эгди. Ичини эзиб ётган ғам баттарроқ ўртади. Ютинди. “Қулт” этган товуш баралла эшитилди. Ота гўё томоғига тиқилган тошни ютди.

 

Кейинчалик, орадан қарийб олтмиш йил ўтгач, 2000 йили, ёши саксондан ошиб, фарзандлари билан рози-ризоликда Яратганга омонатини топшириш фурсати етганида, Элчи Абдусаломов бу манзарани бот-бот эслар, кўз олдига келтирар экан, “отам, раҳматли, жуда бардошли одам эди”, дейди ва ҳорғин кўзлари, юзлари ёришиб кетади.

 

Фарзанд доғи эзиб ташлаган Абдусалом бобо камсуқум ва камгап бўлсада, ичимдагини топ эмасди.

 

– Шошилмасанг бўларди, болам, – деди.

Ўғил кенг пешонасини силади:

– Одамларнинг кўзига қарай олмаяпман, ота. Мендан бошқа ҳамма кетиб bo‘ldi...

– Сени олмайдику? Аканг шаҳид ketgan...

– Олади. Ўзим ариза beraman...

– Mayli... Баракат топ, ўғлим!

Ота қадоқ қўлларини дуога очди, хира тортган кўзларидан оқаётган ёш юзларини беаёв куйдираётган она қўшилди:

– Ё Худованди карим! Боламизни Ўзинг паноҳингда асра!

Икки кундан сўнг бағрига босиб хайрлашар экан, ота:

– Дадил бўл, ўғлим! – деди овози титраб. – Қўрқишга ўрганма. Ўргансанг, кўп қийналасан. Эсингда тут: Гитлернинг эмас, Худонинг айтгани бўлади!

Балки бу гаплар бугун кимларгадир муаллифнинг тўқимаси бўлиб туйилар: “Жаа, опқочадида, бу, журналистлар! Бандаси жаҳаннамга ҳам ўзи илтимос қилиб кириши мумкинми?».

Мумкин!

Ўша банданинг ори, номуси бўлса, кириши мумкин!

 

Қишлоғида қурол кўтаришга қурби етган эркакнинг ҳаммаси фронтга кетиб, эри, отаси, ўғли, ака-укаси жанггоҳларда қон кечиб юрган чол-кампир, хотин-халаж, бола-бақранинг орасида ўша осий банда – йигит ёлғиз ўзи серрайиб қолган бўлса. Уларнинг аламли, ғамнок нигоҳларига, таъналарига дош бериши ўлимдан қаттиқ азобга айланса, Ватани ва халқининг тақдири хавф остида қолса, жаҳаннам ўтига киради!

 

Ҳеч кимни, ҳеч қачон урушга кетгулик қилмасин!

 

Ўн тўққиз ёшли Элчибой онаси қавиб берган чопонини аскарлик шинелига алмаштирди. Каттарқўрғоннинг биқинидаги ҳарбий машқ майдонида умрида биринчи марта қўлига милтиқ олди.

 

Сўнг поезд уни минглаб тенгқурларига каби Оврупа томонларга олиб кетди. Йўл-йўлакай уланган вагонлардан эшелон чўзилиб, улардан жой олган навқирон йигитларнинг сафи кенгайиб бораверди.

 

Бундай эшелонлар Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбекнинг, тўрт ярим миллионлик Ўзбекистон аҳолисининг бағридан суғуриб олиб кетган фарзандлари – қарийб икки миллион. Шунча одам урушга сафарбар этилган.

 

Москвага йигирма чақирим қолганида эшелонни икки самолёт ўққа тутди. Изидан “қора қузғунлар” галаси бомба ёғдирди.

 

Қиёмат қўпди.

 

Боягина бир-бири билан чақчақлашиб келаётган қанча йигит вагонлардан сакраб, оқ дастурхонга ағдарилган седанадек сочилиб кетди. “Оҳ” дейишга улгурмай, тутдай тўкилди.

 

“Дадил бўл, ўғлим!».

 

Абдусалом бобонинг иккинчи ўғли, кечаги деҳқон йигит, эндиги оддий аскар, Элчибой Абдусаломов биринчи марта ажал билан шу зайилда бақамти келди. Урушнинг даҳшатини, босқинчиларнинг ваҳшийлигини, инсон умрининг омонатлигини, ҳаётнинг ширинлигини, тинчликнинг қадрини шу кўйда англади.

 

Бироқ ортиқча ваҳимага тушмади: “Гитлернинг эмас, Худонинг айтгани бўлади!».

 

Ёвга қарши жангларини Москва остонасидан бошлаб, Берлингача давом эттирди.

 

Қулман ОЧИЛ

Манба: “Ҳуррият” газетаси.

2020 йил 10 июнь.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур