Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг доимий фаолият юритадиган орган сифатида ташкил этилиши ва ривожланиш босқичлари

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Сайлов кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган сайловлар ва референдумлар ўтказишнинг асосий қоидалари ва принципларининг ҳамда халқаро сайлов стандартларининг  амалиётда ўзнинг кенг инъикосини топаётгани мамлакатимизда демократик қадриятлар ҳамда умумэътироф этилган тамойиллар янада мустаҳкамланишига, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузининг тобора юксалишига хизмат қилмоқда. Бу  айниқса, сўнгги йилларда улкан муваффақият билан ўтказилган Парламент (2019 йил) ва Президент (2021 йил) сайловлари ҳамда  Ўзбекистон Республикаси референдумига (2023 йил) тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнларида ёрқин намоён бўлди. Мустақил Ўзбекистонда ўтказилган барча сайловлар ва референдумлар тадрижи  аҳолининг ижтимоий-сиёсий жараёнларга қизиқиши ва фаоллиги муттасил равишда ортиб бораётганлигини кўрсатмоқда.

 

Мамлакатимиз ҳаётидаги ушбу  ғоят муҳим сиёсий жараёнлар - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси  томондан муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий савлов комиссияси ривожланишига оид энг муҳим саналар

 

1998 йил 30 апрель. Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги 613-I сонли қонуни қабул қилинди.

 

16 моддадан иборат ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг:  

 

-Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун тузилиши ҳамда ўз фаолиятини доимий асосда амалга ошириши;

 

- фаолиятининг асосий принциплари ва ваколатлари;

 

-Котибияти ва Регламентига оид энг муҳим тартиб-қоидалар белгиланди.

 

1998 йил 9 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида”ги 387-сон қарори қабул қилинди.

 

Марказий сайлов комиссиясини жойлаштириш учун унга Тошкент шаҳри, Халқлар дўстлиги майдони, 1-уйдаги маъмурий бинонинг биринчи қаватидан жой, тегишли тартибда автотранспорт воситалари ажратилди.

 

1998 йил 12 сентябрь. Доимий фаолият юритувчи Марказий сайлов комиссиясининг биринчи ташкилий мажлиси бўлиб ўтди. Раис ўринбосарини, Котибини, уч нафардан иборат доимий асосда ишловчи аъзоларини сайлашга доир масалалар кўриб чиқилди.

 

1999 йил 7 январь. Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида давлат раҳбарининг тавсиясига биноан филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комилов Марказий сайлов комиссиясининг Раиси этиб сайланди.

 

2001 йил 30 август. “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги 265-II-сонли қонуни (янги таҳрирда) қабул қилинди.

 

2016 йил 23 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясига 2016 йилги президентлик сайловида иштирок этишга ижозат бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

2017 йил 15 август.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  “Ўзбекистон Республикаси Сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва юритиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 630-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг Ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланди.

 

2018 йил 4 октябрь. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сайлов жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3961-сонли қарори қабул қилинди.

 

Марказий сайлов комиссияси мамлакатнинг бутун ҳудудида Сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимини жорий этиш ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан фойдаланиш бўйича фаолиятга умумий раҳбарликни ва мувофиқлаштиришни амалга ошириши белгиланди.

 

2018 йил 6 ноябрь. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4004-сонли қарори қабул қилинди.

 

Сайлов жараёнига «битта сайловчи — битта овоз» тамойилини амалга оширишни таъминлашга қаратилган ушбу  Қарорга биноан, Ўзбекистон Республикаси сайлов тизимини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари этиб:

 

биринчидан — сайлов ва референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, шунингдек, фуқаролар конституциявий сайлов ҳуқуқларини амалга оширилишини таъминлаш бўйича умумэътироф этилган халқаро принциплар ва стандартлар, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, сайлов тизими ва қонунчилигини босқичма-босқич либераллаштириш;

 

иккинчидан — сайлов комиссияларининг фаолияти самарадорлигини ошириш, Марказий сайлов комиссиясининг сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнида, ташкилий, ахборот-таҳлилий, услубий, маслаҳат функцияларини кучайтириш, унинг мақомини мустаҳкамлаш ҳамда оптималлаштириш;

 

учинчидан — сайлов комиссиялари ва референдумни ўтказиш бўйича комиссиялар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, сайловларни бошқариш тизимини модернизация қилиш, сайлов жараёнида ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

 

тўртинчидан — сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини ошириш ва ўқитиш тизимини жорий этиш, сайловчилар ҳамда сайлов жараёни бошқа субъектларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш;

 

бешинчидан — сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, сайлов комиссиялари ва референдумни ўтказиш бўйича комиссиялар фаолиятида жамоатчилик иштирокини кенг таъминлаш;

 

олтинчидан — сайлов комиссиялари фаолиятининг моддий-техник таъминотини янада яхшилаш, муносиб шароит яратиш, сайлов комиссиялари аъзолари ва ходимлари самарали фаолият юритишлари учун ижтимоий ва моддий рағбатлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш;

 

еттинчидан — сайлов қонунчилиги меъёрларини унификациялаш ва такомиллаштириш белгиланди.

 

Марказий сайлов комиссиясининг Сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

 

Марказий сайлов комиссияси таркибида Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув марказини ташкил этилиб,  Ўқув марказининг вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

 

сайлов комиссияси аъзоларини тизимли ўқитиш, малакасини ошириш, уларнинг сайлов қонунчилиги соҳасида мукаммал билимларини, сайлов жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда профессионал кўникмаларини шакллантириш;

 

сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш амалиёти, шунингдек, миллий сайлов қонунчилигининг умумэътироф этилган халқаро принциплари ва стандартларига мувофиқлигини тизимли равишда мониторинг қилиб бориш;

 

сайлов тизимининг муаммоларини чуқур ўрганишни таъминлаш, ушбу соҳадаги долзарб муаммолар бўйича тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

 

сайлов жараёнини ташкил этиш бўйича илмий-амалий қўлланмалар тайёрлаш ва чоп этиш, сайловчиларни сайловда овоз бериш тартиби, сайлов кампанияси жараёнлари билан таништириш бўйича замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ўқув-услубий материалларни яратиш.

 

2019 йил 25 июнь. Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари ҳар томонлама ўзининг ёрқин ифодасини топган кенг қамровли, пухта,  демократик руҳдаги Кодекснинг миллий ва халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилиши,  жамоатчилик муҳокамасидан сўнг қабул қилиниши мустақил Ўзбекистон тарихидаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеадир.

 

Сайлов кодекси қабул қилиниши муносабати билан сайловга оид мавжуд бир қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатлари яхлит Кодекс шаклига келтирилди. Бир қатор қонунлар ўз кучини йўқотди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари  шулар жумласидандир.

 

Мазкур қонунларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига доир бир хил нормалар мавжудлиги ва сайловга оид қонунлар сонининг кўплиги уларни қўллашда муайян қийинчиликлар туғдирар эди. Айни пайтгача юртимизда сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиб-таомиллари қонунлар даражасида эмас, балки Марказий сайлов комиссиясининг низом ва йўриқномалари билан тартибга солинардики, бу ҳам қонунлар тўғридан-тўғри ижро этиладиган бўлиши керак, деган муҳим талабга жавоб бермас эди.

 

Сайлов кодексидан шу пайтгача миллий сайловчилигимизда тадбиқ этилмаган ўттизга яқин янги қоидалар жой олди.

 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ҳамда “Инсон манфаатлари — ҳар нарсадан устун!” деган ҳаётбахш демократик ғояни ўзида мужассам этган Сайлов кодекси юртимизда сайловлар соҳасидаги ислоҳотларнинг янги ва янада юксак самарали даврини бошлаб берди.