Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси Марказий сайлов комиссиялари раислари учрашуви бўлиб ўтди

01.09.2024

803

msk_yangiliklari_in

Озарбайжон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Миллий Межлисга навбатдан ташқари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатишни бошлади.

 

Бугун Бокуда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаевнинг Озарбайжон Марказий сайлов комиссияси раиси М. Панахов билан учрашуви бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон МСК раиси З. Низамходжаев Озарбайжон давлати ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирда иштирок этиш таклифи учун миннатдорчилик билдирди.

 

У сўнгги йилларда барча даражадаги Ўзбекистон-Озарбайжон ҳамкорлигининг мутлақо янги босқичини намойиш этадиган муносабатларнинг ижобий динамикасига ва сайлов соҳаси ҳам шулар қаторидан эканлигига алоҳида эътибор қаратди.

 

 

“Икки мамлакат сайлов органлари ўртасида самарали ҳамкорлик ривожланди ва амалга оширилмоқда. Сайлов жараёнини янада такомиллаштириш мақсадида тажриба, маълумот ва илғор амалиётлар доимий алмашилмоқда. Ҳамкорликнинг самарали шаклларидан бири бу миллий сайлов кампаниялари мониторингида иштирок этиш учун кузатувчиларни ўзаро таклиф этишдир”, деди З.Низамходжаев.

 

 

Ўз навбатида, Озарбайжон МСК раиси М. Панахов Ўзбекистон делегациясини навбатдан ташқари парламент сайловлари бўйича халқаро кузатув дастурида иштирокини олқишлаб, бу албатта мамлакатда эркин ва демократик сайловлар ўтказилишини қўллаб-қувватлашига ишонч билдириб ўтди.

 

 

Шунингдек, сайловолди ташвиқот жараёнлари Сайлов кодекси талаблари ва демократик тамойиллар асосида ўтаётганлигини таъкидлаб, М. Панахов сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик асосида амалга ошираётганлигига алоҳида эътибор қаратди.

 

Унинг сўзларига кўра, сайлов ошкора бўлиб ўтади, жумладан, минглаб сайлов участкаларида ўрнатилган веб-камералар орқали исталган киши сайлов жараёнларини бевосита кузатиш имконига эга бўлади. Трансляция МСК веб-саҳифасида қўйиб борилади, уни нафақат Озарбайжон ҳудудида, балки чет элда турган ҳолда рўйхатдан ўтмасдан кўриш имконияти мавжуд бўлади.

 

Шу билан бирга, сайлов жараёнларида 69 та хорижий давлатларнинг 50 та ташкилотидан жами 604 нафар халқаро кузатувчилар, жумладан, ЕХҲТ ДИИҲБдан 227 нафар, ЕХҲТ ПАдан 61 нафар, ТуркПАдан 16 нафар, МДҲ Парламентлараро Ассамблеясидан 34 нафар ҳамда МДҲдан 93 нафар. Сайлов мониторингини, шунингдек 111 200 нафар маҳаллий кузатувчилар ва ОАВ вакиллари амалга оширишади.

 

М. Панахов халқаро кузатувчилар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг сайлов жараёнига таклиф этилиши Озарбайжон ҳукумати ва сайлов ташкилотчилари фаолиятининг максимал шаффофлигини ва сайлов жараёнининг демократиклигини таъминлаш истаги сифатида баҳоланишини алоҳида қайд этиб ўтди.

 

Учрашув якунлари бўйича икки мамлакат сайлов органлари ўртасидаги ҳамкорлик янада самаралироқ бўлишига ишонч билдирилди.

 

МСК раиси З.Низамходжаев Озарбайжон ОАВга интервью берди.

 

         

 

Марказий сайлов комиссияси

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур