“Сайлов органлари тизимини такомиллаштиришнинг ўзига хослиги” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

16.11.2023

1769

msk_yangiliklari_in

2023 йил 16 ноябрь куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги Чирчиқ давлат педагогика олийгоҳида “Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди.

 

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий сайлов комиссияси, Адлия вазирлиги вакиллари, шаҳар МФЙ раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, олийгоҳ ўқитувчи ва талабалари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

 

Таъкидланганидек, депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилиб, қабул қилинди. Қонун лойиҳаси билан айрим қонун ҳужжатларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказиш, сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантириш, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштириш ҳамда Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилмоқда. Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими (номзодлар рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши белгиланяпти.

 

Шунингдек, Сайлов кодексига сайлов комиссияларининг вертикал тизимини назарда тутувчи қоидалар, яъни “Марказий сайлов комиссияси — ҳудудий сайлов комиссияси — туман ва шаҳар сайлов комиссияси — округ сайлов комиссияси — участка сайлов комиссияси” тузилмаси таклиф этилмоқда. Бунда вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиялари ўрнига ҳудудий сайлов комиссиялари тузилиши назарда тутиляпти. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларини тузиш тартибидан воз кечиш ҳамда уларнинг вазифаларини ҳудудий сайлов комиссияларига юклаш таклиф этилмоқда.

— Сайлов комиссияларининг профессионал тарзда иш олиб боришини таъминлаш мақсадида ҳудудий сайлов комиссияларининг уч нафаргача бўлган аъзосининг доимий фаолият юритиши белгиланмоқда. Худди шундай, Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзолари сони 7 нафардан 9 нафарга оширилмоқда ҳамда жамоатчилик асосида аъзолари фаолияти тугатилмоқда. Яъни, Марказий сайлов комиссиясининг барча 9 нафар аъзолари доимий асосда ишлаши таклиф этиляпти.

 

Давра суҳбатида қайд этилганидек, сайлов комиссияси аъзоларининг ижтимоий кафолати кучайтирилмоқда. Хусусан, сайлов комиссиясининг ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадиган аъзолари сайлов даврида иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатилиши ёки уларнинг розилигисиз бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмаслиги ўрнатилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан бир мандатли сайлов округларида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланган, деб ҳисобланиши белгиланмоқда. Яъни мутлақ кўпчилик эмас, балки нисбий кўпчилик овози билан депутатлар сайланиши назарда тутилмоқда.

 

Семинар давомида иштирокчилар томонидан берилган саволларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Н.Аминов ва Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси С.Қурбанқуловлар  атрофлича жавоб бердилар.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур