Ўзбекистон делегацияси Қирғизистондаги муддатидан илгари ўтказилган парламент сайловларини халқаро кузатиш дастурида иштирок этди

02.12.2025

131

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси делегацияси Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев бошчилигида жорий йилнинг 30 ноябрида бўлиб ўтган Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши депутатларининг муддатидан илгари сайловларини халқаро кузатиш дастурида иштирок этди.

 

 

Делегация 24 нафар аъзо, шу жумладан Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссиялари аъзолари, МСК котибияти ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенатори ва депутатидан иборат бўлди. Делегация аъзолари икки давлат марказий сайлов органлари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайловларни кузатиш миссияси, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Туркий Давлатлар Ташкилоти ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кузатувчилар миссиялари (шу жумладан, Ўзбекистон билан чегарадош Қирғизистоннинг Ош, Жалолобод ва Боткен вилоятларида) ҳамда МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси кузатувчилари гуруҳи таркибида халқаро кузатувчи сифатида қатнашдилар.

 

 

Қирғизистонда ўтказилган парламент сайловларини халқаро кузатиш дастурида жами 58 та давлатдан 788 нафар халқаро кузатувчи иштирок этди. Жумладан, 20 та давлатнинг марказий сайлов органларидан 39 нафар кузатувчи, халқаро ташкилотлар ва парлaмент ассамблеялари миссияларидан 680 нафар кузатувчи, Қирғизистонда аккредитация қилинган 18 та элчихонадан 69 нафар дипломат иштирок этди.

 

 

Ўзбекистон делегацияси аъзолари Қирғизистон МСК раиси Т.Шайназаров томонидан сайловларни мониторинг қилиш мақсадида Қирғизистонга келган халқаро кузатувчилар учун ўтказилган тақдимотда иштирок этдилар.

 

 

Шу куни Ўзбекистон ва Қирғизистон МСК раислари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Т.Шайназаров ташриф ва Қирғизистон сайлов жараёнига билдирилган қизиқиш учун миннатдорлик изҳор этди. Ўзбекистон МСК раиси Қирғизистон МСК раиси томонидан халқаро кузатувчилар учун ўтказилган тақдимот юқори даражада ташкил этилганини таъкидлади.

 

 

Қирғизистонда қисқа вақт ичида белгиланган вазифалар самарали амалга оширилгани, сайловларни ошкора ва уюшқоқ тарзда ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилганини қайд этди ҳамда қарийб 800 нафар халқаро кузатувчининг иштирок этиши сайловларни муваффақиятли ўтказишга хизмат қилишини таъкидлаб, бўлиб ўтадиган парламент сайловлари тинч ва юқори савияда ўтишига ишонч билдирди.

 

 

З.Низамходжаев бундай ташрифлар икки мамлакат сайлов органлари ўртасида тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, Қирғиз халқининг меҳмондўстлиги ва самимийлиги, мамлакатнинг табиати ва маданий хусусиятларини миннатдорлик билан қайд этди.

 

 

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси МСКнинг «Юксалаётган Ўзбекистон. Сайлов 2024» тўплами тақдим этилди. Томонлар сайловларни ташкил этиш соҳасида ҳамкорлик ва тажриба алмашишни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқладилар.

 

 

Сайлов куни арафасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари Бишкек шаҳридаги бир қанча сайлов участкаларида бўлиб, сайлов куни участкага кела олмайдиган фуқаролар учун бинодан ташқарида овоз бериш тартибини ўргандилар. МСК маълумотларига кўра, 8:00 дан 20:00 гача давр мобайнида 9 364 нафар фуқаро овоз берган бўлиб, бу бинодан ташқарида овоз бериш учун ариза берган сайловчиларнинг 90,6%ини ташкил этди.

 

 

 

Сайлов куни делегация сайлов участкаларининг очилиши, овоз бериш, унинг якунланиши ва овозларни санаб чиқиш жараёнларини Бишкек шаҳри, Ош, Манас ва Боткен шаҳарлари, шунингдек, Иссиқкўл вилояти Тон туманидаги қатор сайлов участкаларида кузатди.

 

 

Делегация 90 дан ортиқ сайлов участкасида бўлди. Мониторинг давомида овоз бериш жараёни ошкоралик ва хавфсизлик шароитида ўтгани аниқланди. Сайлов участкаларда халқаро ва маҳаллий кузатувчилар ҳозир бўлиб, сайлов қонунчилигига риоя этилиши ва жараённинг холис мониторинг қилинишини таъминладилар.

 

   

 

Делегация аъзолари участка сайлов комиссиялари вакиллари, кузатувчилар ва сайловчилар билан конструктив мулоқот олиб бордилар. Участка сайлов комиссиялари вакиллари сайлов жараёнини ташкил этиш бўйича юқори даражадаги тайёргарлик ва малака намойиш этдилар.

 

  

Сайлов участкаларига ташриф давомида делегация аъзолари овоз беришда автоматлаштирилган бошқарув тизимини қўллаш ва сайловларда масофавий овоз бериш технологиясидан фойдаланиш билан танишдилар.         

 

 

Сайлов куни Ўзбекистон делегацияси аъзолари овоз бериш жараёни ва парламент сайловларининг дастлабки натижаларини эълон қилиш бўйича Қирғизистон Республикаси МСК брифингларида иштирок этдилар. Иштирокчилар сайлов округлари бўйича дастлабки маълумотлар билан онлайн режимда танишиш имкониятига эга бўлдилар.

 

 

1 декабрь куни делегация аъзолари халқаро кузатув миссияларининг матбуот анжуманларида иштирок этдилар. Мазкур тадбирларда Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши депутатларининг муддатидан илгари сайловларини тайёрлаш ва ўтказиш бўйича кузатув натижалари акс этган баёнотлар тақдим этилди.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур