Марказий сайлов комиссияси Раиси Фарғона вилоятида участка сайлов комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишга доир ўқув жараёнлари билан яқиндан танишди

08.06.2023

7416

msk_yangiliklari_in

Жорий йилнинг 7 июнь куни Марказий сайлов комиссияси Раис З.Низамходжаев Фарғона вилоятининг Данғара, Бувайда, Олтиариқ туманлари ҳамда Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарларида бўлиб, Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишга доир ўқув жараёнлари билан яқиндан танишди.

Марказий сайлов комиссияси Раиси ўқув-машғулот иштирокчилари билан бўлган мулоқот чоғида муддатидан илгари ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юқори савияда ташкил этиш, умум-эътироф этилган халқаро тамойиллар, илғор миллий ва хорижий тажриба асосида ўтказишда мазкур ўқувларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди. 

Шунингдек, МСК Раиси бўлиб ўтган сайлов ва референдум жараёнларида участка комиссиялари фаолиятида йўл қўйилган хато ва камчиликларнинг ечимлари, ўқув материалларини пухта ўзлаштириш, сайлов қонунчилиги талабларини оғишмасдан бажариш юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтди. 

Ташриф давомида МСК Раиси вилоятда тузилган сайлов участкалари биноларини бориб кўрди. Участка биноларида сайловчилар, УСК аъзолари, СЖБАТ билан ишловчи мутахассислар ва кузатувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш Концепциясига мувофиқ Фарғона вилояти бўйича Жамоат хавфсизлиги университети профессор-ўқитувчилари ташкил топган республика тренерлари ўз фаолиятини самарали олиб бормоқда. Ушбу республика тренерлари назорати остида ҳудудий тренерлар тингловчиларни интерактив усулларда маъруза, сайлов жараёнининг симуляцияси, сайлов жараёнларини моделлаштириш, видеороликларни намойиши ва улардаги ҳаракатларни муҳокама қилиш орқали ўқув машғулотларини олиб боришмоқда.

Фарғона вилоятининг барча шаҳар ва туманлардаги 3599 нафар участка сайлов комиссия раиси, ўринбосари ва котибларини ўқитиш жараёнлари ҳудудий тренерлар томонидан қатъий белгиланган режа-жадвали асосида олиб борилмоқда ва 6 июнь куни ҳолатига 2048 нафар тингловчиларнинг малакаси оширилишига эришилди.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур