Аралаш сайлов тизимида гендер тенгликни таъминлаш

09.11.2023

1870

msk_yangiliklari_in

2023 йил 9 ноябрь куни Самарқанд шаҳар ёшлар маркази биносида Самарқанд вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ва шаҳар, туман бўлинмалари раҳбарлари, вилоятнинг фаол хотин-қизлари вакиллари иштирокида Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган ва қуйи палата томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун тарғиботига бағишланган “Аралаш сайлов тизимида гендер тенгликни таъминлаш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

 

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Н.Ризаев, Ғ.Абдиев, Марказий сайлов комиссиясининг котиби Х.Маматовлар долзарб мавзуларда маъруза қилдилар.

 

Марказий сайлов комиссияси котиби Худоёр Маматов маърузада қайд этиб ўтганидек: “Ҳозирги кунда юртимизда сайлов жараёнлари мажоритар тартибда ўтказилиб, Қонунчилик палатаси депутатлари ушбу сайлов тизими асосида, яъни ҳудудий бир мандатли округ бўйича сайланади. Ўзбекистонда амалда бўлган ҳозирги даврдаги амалиёт ва умуман хорижий давлатлар тажрибаси мажоритар сайлов тизимининг ижобий жиҳатлари билан бирга, бир қатор ўзига хос камчиликларини ҳам намоён этмоқда.

 

Хусусан, парламентни шакллантиришда сайловчиларнинг ҳар бир берилган овози эмас, балки ғолиб бўлган номзодга берилган овозлари инобатга олинади. Яъни, ғолиб бўлган номзодни сайлаган фуқароларнинг хоҳиш-иродаси асосида вакиллик органлари шакллантирилиб, қолган сайловчиларнинг овозлари аҳамиятга эга бўлмайди.

 

Пропорционал сайлов тизимида эса, сайловчилар аниқ бир шахсга эмас, балки сиёсий партияларга овоз берадилар ва депутатлик ўринлари партиялар олган овозларга мутаносиб равишда тақсимланади.

Ушбу қонун янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган нормаларни ҳаётга изчил татбиқ этишга қаратилган бўлиб, ушбу ҳужжат билан Сайлов кодексининг 70 ва 91-моддаларига сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда можаритар сайлов тизими бўйича аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг 30 фоизидан 40 фоизга ошириш, шу билан бирга, пропорционал сайлов тизими бўйича партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар беш нафар номзоднинг икки нафарини хотин-қизлар вакилларидан кўрсатиш назарда тутилмоқда Бу шубҳасиз, гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқаришга кенг йўл очади.

 

Таъкидланганидек, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг сиёсий, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, уларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда. Кейинги йилларда қабул қилинган бир қатор қонунлар аёлларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Давра суҳбатида бугунги кунда хотин-қизларнинг ижтимоий-ҳуқуқий фаоллиги ошиб бораётгани, давлат бошқарувидаги иштироки янада кенгаяётгани хусусида тўхталиб ўтилди. Биргина мисол, айни пайтда Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизини, Сенат аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 25 фоизидан ортиғини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Аёл депутатлар палатанинг норма ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти, фракциялар ва қўмиталар томонидан олиб борилаётган ишларда алоҳида фаоллик кўрсатиб келаётгани таъкидланди. Жумладан, тўртинчи чақириқ Қонунчилик палатаси фаолиятининг ўтган даврида, яъни 2020 — 2023 йиллар давомида аёл депутатлар 23 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва парламент муҳокамасига киритишда бевосита иштирок этган.

 

Эътироф этилганидек, бу, ўз навбатида, давлат ва жамият ҳаёти учун муҳим бўлган қонунлар ва қарорларнинг қабул қилинишида хотин-қизларнинг сўзи, фикри инобатга олинаётганлигини кўрсатмоқда.

 

Мавзуга оид тадбирлар турли меҳнат жамоаларида, ўқув муассасаларида фаол давом этмоқда. 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур