Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг

2024 йил биринчи ярим йиллик иш режасининг ижроси юзасидан

АХБОРОТ

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси жорий йилнинг биринчи ярим йилликдаги фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонун, МСК регламенти, шунингдек, МСКнинг 2024 йил 20 февралдаги 1326-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил биринчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режасида белгиланган еттита устувор йўналиш бўйича олиб борди. Яъни:

 

Биринчи, сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантириш, ҳудудий сайлов комиссиялари фаолиятини услубий йўналтириш;

 

Иккинчи, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва унинг Котибияти фаолиятини такомиллаштириш;

 

Учинчи, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашларга  сайловларни ўтказишга оид Марказий сайлов комиссиясининг ҳужжатларини хатловдан ўтказиш, таҳлил қилиш ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов кодексига, бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш;

 

Тўртинчи, сайлов комиссиялари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, сайлов жараёнида ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

 

Бешинчи, сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини ошириш ва ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш;

 

Олтинчи, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида хорижий давлатлар тажрибасини ва халқаро амалиётни ўрганиш, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар сайлов органлари билан ҳамкорлик доирасини кенгайтириш;

 

Еттинчи, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар ва аралаш сайлов тизимининг асосий қоидаларини сайлов жараёни иштирокчиларига тушунтириш, сайловчиларнинг электорал маданиятини ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантириш, ҳудудий сайлов комиссиялари фаолиятини услубий йўналтириш йўналишида:

 

– Ҳудудий сайлов комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида МСКнинг 2024 йил 27 майдаги 1330-сонли қарори қабул қилинди;

 

– Сайлов тизимида илк бора ўз фаолиятини доимий олиб борувчи ҳудудий сайлов комиссиялари тузилди ва уларнинг 267 нафар аъзодан иборат шахсий таркиби, хусусан, ҳудудий сайлов комиссияларида доимий асосда фаолият юритувчи комиссия раиси ўринбосари ва комиссия котиби тасдиқланди.

 

Марказий сайлов комиссияси ва унинг Котибияти фаолиятини такомиллаштириш йўналишида:

 

– Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига асосан Марказий сайлов комиссиясининг жамоатчилик асосида ишловчи аъзоларининг ваколатлари тугатилди. Марказий сайлов комиссияси аъзолари таркиби 9 нафар этиб белгиланганлиги муносабати билан Х. Палуаниязов ҳамда М. Хусанова Марказий сайлов комиссиясининг янги аъзоси этиб сайланди. Натижада, доимий асосда фаолият юритувчи тўққиз нафардан иборат Марказий сайлов комиссиясининг тўлиқ таркиби шакллантирилди.

 

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 январдаги

 
ПФ–19-сонли
Фармонига мувофиқ МСК Котибиятига қўшимча 10 та штат бирлиги ажратилди. Шу муносабат билан МСК Котибиятининг янгиланган тузилмаси тасдиқланди. Янги ташкил этилган штат бирликларига сайлов қонунчилиги ва амалиёти соҳасида тажрибага эга кадрларни танлов асосида жалб қилиш ишлари давом этмоқда.

 

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 январдаги

 
ПФ–19-сон Фармони ҳамда Марказий сайлов комиссияси Раисининг 2024 йил 29 февралдаги 22-сон фармойиши билан Марказий сайлов комиссияси Котибияти тузилмасига Котибият раҳбари лавозими киритилди. А. Рўзиев МСК Котибияти раҳбари этиб тайинланди;

 

– Марказий сайлов комиссиясининг янги таҳрирдаги Регламенти тасдиқланди, Марказий сайлов комиссиясининг Котибияти тўғрисидаги низом ишлаб чиқилди.

 

 

Қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашларга сайловларни ўтказишга оид Марказий сайлов комиссиясининг ҳужжатларини хатловдан ўтказиш, таҳлил қилиш ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов кодексига, бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш йўналишида:

 

– Хатлов ва таҳлиллар натижаларига кўра, Марказий сайлов комиссиясининг 14 та низом ва йўриқномаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, 3 тасини ўз кучини йўқотган деб топиш зарурати борлиги аниқланди. Сайлов кодексига сўнги киритилган ўзгартиришлардан келиб чиқиб, ҳудудий, туман (шаҳар), округ, участка сайлов комиссиялари фаолиятини тартибга солувчи, шунингдек сайлов округлари ва участкаларини тузиш, овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби бўйича Марказий сайлов комиссиясининг 6 та янги қарорлари қабул қилинди;

 

– Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловида овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низомда сайлов комиссиялари томонидан овоз бериш биносини жиҳозлаш, сайловчиларнинг рўйхатларини шакллантириш, сайлов бюллетенлари билан таъминлаш, овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда сайлов натижаларини аниқлаш тартиби билан боғлиқ барча жараёнлар тўлиқ ва батафсил белгиланди.

 

Эътиборлиси, бундан олдин ушбу нормалар Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган бир қатор норматив ҳужжатларда белгиланган эди, сайлов комиссияси аъзолари ва сайлов жараёни иштирокчиларига қулайлик яратиш мақсадида депутатлар сайловида овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш ягона низом сифатида ишлаб чиқилди.

 

Сайлов комиссиялари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, сайлов жараёнида ахборот хавфсизлигини таъминлаш йўналишида:

 

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш йўналиши бўйича 2024 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режасининг 10-банди ижросини таъминлаш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда электрон ахборот алмашув – “E-saylov” ахборот тизими ишлаб чиқилди.

 

Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 29 майдаги “E-saylov” ахборот тизимини амалга киритиш орқали айрим бўшаб қолган ўринларга маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайловини тайинлаш тўғрисида

 
1334-сонли қарори билан халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг 20-Пахтазор, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг 27-Келес ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 53-Туркистон сайлов округларида бўшаб қолган ўринларга депутатлар сайлови тайинланди ва ўтказилди. Бунда бўшаб қолган ўринларга маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир сайлов жараёни иштирокчилари ўртасидаги тегишли муносабатлар “E-saylov” ахборот тизими орқали амалга оширилди;

 

– “Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини долзарблаштириш бўйича йўл харитаси” тасдиқланди ва ижрога қаратилди;

 

– Марказий сайлов комиссиясининг янги веб-сайти, ҳудудий сайлов комиссияларининг веб-сайтлари ҳамда туман (шаҳар) сайлов комиссияларининг веб-саҳифалари ишлаб чиқилди ва ишга туширилди;

 

– Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида “Сайлов участкасини аниқлаш” хизмати фаол ҳолатга келтирилди.

 

Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини ошириш ва ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш йўналишида:

 

– Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 27 май куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида “Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш ҳақида”ги 1331-сон қарори билан Концепция тасдиқланди ва уни амалга ошириш бўйича ишлар бошлаб юборилди. Ҳозирда ўқув жараёнларини услубий таъминлаш ва юқори ташкилий даражада ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда;

 

– ҳудудий, туман (шаҳар), округ ва участка сайлов комиссияларининг раиси, ўринбосари ва котиблари учун давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ўқув-амалиёт машғулотларининг ўқув-дастурлари ишлаб чиқилди;

 

– участка сайлов комиссиялари аъзоларини сайлов қонунчилиги борасидаги билим ва малакасини оширишга қаратилган махсус видео ўқув қўлланмалар тайёрланди.

 

 

Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида хорижий давлатлар тажрибасини ва халқаро амалиётни ўрганиш, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар сайлов органлари билан ҳамкорлик доирасини кенгайтириш йўналишида:

 

 хорижий давлатларнинг сайлов органлари ва халқаро ташкилотлар таклифига биноан чет давлатларнинг сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш, хорижий давлатларда бўлиб ўтаётган сайловларни кузатиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва Котибият ходимлари Ҳиндистон, Бангладеш, Покистон, Озарбайжон, Индонезия, Беларусь, Жанубий Корея, Америка Қўшма Штатлари, Россия ва Мўғулистон давлатларига хизмат сафарларини амалга оширишди.

 

– Мазкур ташрифлар доирасида МСК вакиллари қуйидаги халқаро анжуманларда:

 

МСК Раиси З.Низамходжаев 15 март куни Россия Федерацияси МСК томонидан ташкил этилган “Сайлов жараёнларини рақамлаштириш: мақбул чегаралар” мавзусидаги халқаро давра суҳбатида;

 

МСК Раисининг ўринбосари Б.Кучкаров 13 февраль куни Индонезия Умумий сайлов комиссияси томонидан Сайлов тизимлари халқаро жамғармаси (IFES) ва Эркин сайловлар бўйича Осиё тармоғи (ANFREL) халқаро ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил қилинган “Ўзаро боғланиш: демократия, технология ва сайлов дахлсизлиги” мавзусидаги халқаро конференцияда;

 

МСК Раисининг ўринбосари Б.Кучкаров, комиссия аъзоси Г. Рахимова 23-26 январь кунлари Ҳиндистон сайлов комиссияси томонидан ўтказилган Осий сайлов органлари Ассоциацияси Ижроия кенгашининг мажлисида (ОСОА ИК);

 

МСК Раиси З. Низамходжаев ва комиссия аъзоси Г. Рахимова 23 май куни Санкт-Петербург шаҳрида МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг Демократия ривожланишини мониторинг қилиш халқаро институти ва МДҲ ПА Кенгаши котибиятининг ҳамкор университетлари томонидан ташкил этилган “Ҳамдўстлик мамлакатларида Президентлик институти” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этдилар.

 

– 25-28 март кунлари ЕХҲТ ДИИҲБ делегацияси 2023 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва Конституциявий референдум жараёнларини кузатиш натижалари бўйича Якуний ҳисоботларни тақдим этиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф доирасида бир қатор мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда сиёсий партиялар учун Конституциявий референдум ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича мониторинг натижалари юзасидан якуний ҳисоботларнинг расмий тақдимоти ва уларда келтирилган хулоса ва тавсиялар муҳокамаси бўлиб ўтди. Хусусан, 26 март куни ДИИҲБ делегациясининг МСК Раиси З. Низамходжаев билан учрашуви ўтказилди. Унда ДИИҲБ сайловларни кузатиш Миссияларининг натижалари бўйича берилган тавсияларни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ қилиш, сайловларга оид ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.

 

– 28 май куни ЕХҲТ ДИИҲБ Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари МСК Раиси З. Низамходжаев билан учрашув ўтказди. Учрашувда бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш жараёнлари, миллий сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиришлар ҳамда сайловларни кузатиш бўйича эҳтиёжлар муҳокама этилди.

 

Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар ва аралаш сайлов тизимининг асосий қоидаларини сайлов жараёни иштирокчиларига тушунтириш, сайловчиларнинг электорал маданиятини ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш йўналишида:

 

– Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг оммавий ахборот воситаларида чиқишлари бўйича алоҳида медиа-режа ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда;

 

– МСКнинг расмий веб-сайтига Комиссия фаолиятига, шу жумладан сайлов қонунчилигидаги янгиликларни ҳаётга татбиқ этишга доир 447 та ахборот жойлаштирилди;

 

– МСКнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига 258 та, жумладан  Фейсбук ижтимоий тармоғида – 44 та, Твиттер ижтимоий тармоғида – 44 та, Инстаграм ижтимоий тармоғида – 44 та пост ва 38 та медиаҳикоя (story), Телеграм мессенжерида – 44 та пост, “Одноклассники” ижтимоий тармоғида – 44 та постдан иборат ахборот жойлаштирилди.

 

– Матбуот хизмати томонидан Марказий сайлов комиссиясининг 25 йиллиги муносабати билан “Сайлов: кеча ва бугун” номли ҳужжатли фильм ишлаб чиқилди. Марказий сайлов комиссиясининг YouTubeдаги каналида намойиш этилди. Ушбу фильмда мамлакатимизда сайлов жараёнларининг вужудга келиши ҳамда ривожланиш тарихи, бугунги замонавий сайлов ютуқлари тасвирланган.

 

– МСКнинг янги намунадаги расмий рамзи (логотипи) ҳамда Сайлов-2024 учун тегишли логотиплар янада замонавийлаштирилди ва брендбуклари тайёрланди. МСКнинг янги намунадаги  расмий рамзи 2 июль куни ўтказилган МСК йиғилишида муҳокама қилинди ва уни тасдиқлаш тўғрисида 1347-сонли қарор қабул қилинди.

 

– Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган жами 84 та мурожаатнинг 5 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган, 76 та мурожаатда кўрсатилган масала Марказий сайлов комиссияси ваколатига тегишли бўлмаганлиги сабабли “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасига мувофиқ тааллуқлилиги бўйича кўриб чиқиш учун ваколатли идораларга юборилган, 3 та мурожаат белгиланган тартибда тугатилган. Ҳисобот даврида рад этилган мурожаатлар мавжуд эмас.

 

2024 йилнинг биринчи ярим йиллиги учун белгиланган 26 та банддан иборат Тадбирлар режасида сайлов кампанияси муддатлари билан бевосита боғлиқ бўлган 1 та банд (11-банд)нинг ижроси Марказий сайлов комиссияси қарори асосида кейинги ярим йилликка кўчирилди.

 

Тадбирлар режаси 16-бандининг ижроси таъминлаш ҳам сайловга тайёргарлик кўриш тадбирлари билан боғлиқлиги сабабли, мазкур банд ижросини таъминлаш муддатини 2024 йилнинг 2-ярим йиллигига ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

 

Ўтган давр мобайнида Марказий сайлов комиссиясининг жами 8 та мажлиси ўтказилиб, 17 та қарор қабул қилинди.

 

Комиссияда кадрлар салоҳиятини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш, ходимларни хизмат сафарига юбориш ва ваколатга доир бошқа масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссияси Раисининг 89 та фармойишлари қабул қилинди.