Янги сайлов тизимининг ўзига хос хусусиятлари

 

Қонунчилик ва сиёсий тизимлар тирик организм сингари доимий тарзда ривожланиб боради. Жумладан, мамлакатимиз сайлов тизими ва қонунчилиги ҳам мунтазам такомиллашиб бормоқда. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловлар аралаш сайлов тизими бўйича ўтказилади.

 

Хўш, жаҳонда ўзи қандай сайлов тизимлари мавжуд? Ва аралаш сайлов тизими деганда нима тушунилади?

 

1. Мажоритар сайлов тизимида сайловчилар аниқ бир шахсга овоз беради. Сайлов бюллетенида депутатлик ўрни учун курашаётган номзодлар кўрсатилади. 2024 йилга қадар мамлакатимизда мажоритар сайлов тизими амал қилган.

 

2. Пропорционал сайлов тизимида сайловчилар сиёсий партияларга овоз беради. Сиёсий партиялар сайловда қўлга киритган овозлари фоизига мутаносиб равишда депутатлик ўринларини эгаллайди.

 

3. Аралаш сайлов тизими мажоритар ва пропорционал сайлов тизимларининг уйғунлашувидан ҳосил бўлган. Бу уйғунлик парламентнинг бир қисми – мажоритар, бошқа бир қисми эса пропорционал тизим асосида шаклланишида намоён бўлади.

 

Аввалги сайлов тизимига кўра Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатлари мажоритар сайлов тизими асосида ҳудудлардаги сайлов округларидан сайланган. Яъни, сайловчилар бюллетенда кўрсатилган депутатликка номзодларга овоз берган.

 

Бу йилги сайловларда Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати, аввалгидек, мажоритар сайлов тизими асосида, қолган 75 нафар депутат янги пропорционал сайлов тизими асосида сайланади. Унга кўра сайловчилар бюллетенда кўрсатилган партияларга овоз беришади.

 

Аввалги сайловларда сайловчига 3 турдаги сайлов бюллетени берилган, жумладан: 1 та бюллетень Қонунчилик палатаси сайлови бўйича, 1 таси халқ депутатлари вилоят Кенгаши сайлови бўйича ва 1 таси халқ депутатлари туман Кенгаши сайлови бўйича. Сайловчилар ушбу бюллетенлар орқали овоз беришган бўлса, эндиликда янги сайлов тизими бўйича фуқароларга 4 тадан бюллетень берилади. Юқоридаги 3 та бюллетенга қўшимча равишда Қонунчилик палатаси сайлови бўйича сиёсий партияларнинг номлари туширилган яна 1 та бюллетень берилади.

 

Мазкур бюллетень орқали сайловчилар ўзи қўллаб-қувватлаётган сиёсий партияларга тўғридан тўғри овоз беришади.

 

Аралаш сайлов тизими қуйидаги афзалликларга эга:

 

– сайловчиларнинг ҳар бир овози депутатлар сайланишида инобатга олинишини таъминлайди;

 

– сиёсий партияларнинг сайловчилар билан алоқалари янада мустаҳкамланади, фуқаролар сиёсий партияларнинг фаолияти билан яқиндан танишишни бошлашади;

 

– ўз соҳасининг етук мутахассислари сайланиши учун қулай шароит яратилади;

 

– бўшаб қолган депутатлик ўринларини тезкор тўлдириш имкониятини бериб, сайлов харажатлари камайиб, давлат бюджети маблағлари иқтисод қилинади.

 

Хулоса қилиб айтганда, янги сайлов тизими жамиятни демократлаштириш сари қўйилган жиддий қадам ҳисобланади.