Сайловларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ва ҳеч қандай тўсиқларсиз амалга оширилишини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Жумладан, сайловчилар рўйхати уйма-уй юриб аниқлаштириш жараёнларида сайловчилар орасида ногиронлиги бўлган шахслар 832 минг нафар эканлиги ҳамда уларнинг 105 минг нафари бўлажак сайловда иштирок этиши учун кўмак беришга муҳтожлиги аниқланган.
Шунингдек, сайловда мустақил иштирок эта олмайдиган ҳар бир сайловчига овоз беришга кўмаклашиши учун 16 мингга яқин волонтёрлар бириктилди.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайловдаги иштироки учун тегишли инфратузилмавий шароитлар яратилди:
– барча сайлов участкаларига Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафаретлар етказилди;
– овоз бериш хоналарига махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари жойлаштирилди;
– кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар мавжуд бўлган сайлов участкаларида оптик лупалар етказилди;
– участка бинолари ногиронлар аравачасига мослаштирилган нишаб йўлаклари (пандуслар) ёки “ёрдамга чақириш” тугмаси билан жиҳозланди.
Бундан ташқари, сайловга оид ахборотларда сурдо таржима, субтитр ёзуви, Брайль алифбоси ва бошқа шакллар орқали етказилиб келинмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, сайлов комиссиялари таркибида ҳам 1 343 нафар ногиронлиги бўлган шахслар вакиллари фаолият кўрсатиб келмоқда.
Шунингдек, сиёсий партиялар томонидан кўрсатилаган барча депутатликка номзодларнинг 616 нафари ногиронлиги бўлган шахслар ҳисобланади.