НОМЗОДЛАР УЧУН УМУМИЙ МАЪЛУМОТЛАР
1. Номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи ва номзодларни рўйхатга олиш
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадир.
Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларга белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкалари берилгандан сўнг, сиёсий партиялар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловида иштирок этиш учун учун камида 40 мингта сайловчиларининг қўллаб-қувватловчи имзоларини тўплайди ва Марказий сайлов комиссияси текшириш учун тақдим этади.
Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширгандан сўнг сиёсий партияга Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этишга ижозат бериш тўғрисида қарор қабул қилади.
Тегишли сайлов комиссияси сиёсий партиялардан депутатликка номзодларни рўйхатга олиш учун ҳужжатларни қабул қилишни рўйхатга олиш муддати тугалланишига етти кун қолганида якунлайди.
Бир мандатли сайлов округлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олишни эса тегишли ҳудудий, туман ва шаҳар сайлов комиссияси амалга оширади.
Номзод этиб рўйхатга олинган шахсга рўйхатга олинганлик гувоҳномаси берилади.
Номзодларни рўйхатга олиш сайловга 35 кун қолганида тугалланади.
Номзодлар рўйхатга олинганидан кейин 5 кунлик муддатда тегишли сайлов комиссияси рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни номзоднинг фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозимини (машғулотининг турини), иш ва яшаш жойини, шунингдек уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни кўрсатган ҳолда эълон қилади.
Партия рўйхати Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади. Партия рўйхатини рўйхатга олиш учун тегишли ҳужжатлар сиёсий партиянинг ваколатли вакили томонидан рўйхатга олиш муддати тугашига камида 7 кун қолгунга қадар Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилади.
Партия рўйхатини белгиланган тартибда рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади.
Партия рўйхатида номзодларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партияга мансублиги, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами кўрсатилади.
Партия рўйхати белгиланган тартибда рўйхатга олинганидан кейин 5 кунлик муддатда Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни сиёсий партиянинг номи, рўйхатга олинган номзодларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойини кўрсатган ҳолда эълон қилади.
Партия рўйхати белгиланган тартибда рўйхатга олинганидан кейин, ушбу рўйхатга киритилганлар депутатликка номзод мақомини олади ва уларга гувоҳнома берилади.
Рўйхатга олинган партия рўйхатига ўзгартиришлар киритишга йўл қўйилмайди, бундан Ўзбекистон Републикаси Сайлов кодексининг 421-моддасида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
2. Номзодлар фаолиятининг кафолатлари
Рўйхатга олинган барча депутатликка номзодлар ва сайловда иштирок этувчи сиёсий партиялар тенг ҳуқуқларга эга бўлади.
Номзодлар, сиёсий партияларнинг вакиллари сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида, телевиденийе ва радио орқали сўзга чиқиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод бўлиш ҳуқуқига эга.
Номзодлар рўйхатга олинганидан кейин сайлов округи доирасида давлат йўловчилар транспортининг барча турларида (бундан шаҳар йўловчи транспорти, такси ва бошқа транспорт турларининг буюртма йўналишлари мустасно) текинга юриш ҳуқуқига эга. Сайлов округидан ташқарида яшовчи депутатликка номзод сайлов округига бориш ва яшаш жойига қайтиш учун уларда текинга юриш ҳуқуқидан фойдаланади.
Номзодларнинг хизмат сафари ва бошқа харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланади.
3. Номзодлик мақомидан маҳрум этиш
Сиёсий партия у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги, шу жумладан партия рўйхати бўйича ўз қарорини сайловга кечи билан 15 кун қолганида бекор қилиш ҳуқуқига эга, бу шахс тегишли сайлов комиссияси томонидан номзодлик мақомидан маҳрум этилиши мумкин. Сиёсий партия номзодлар кўрсатиш муддати тугагунига қадар тегишли сайлов комиссиясига янги номзодни рўйхатга олиш тўғрисида таклиф киритиши мумкин.
Сиёсий партия фаолиятининг тугатилганлиги номзодни шу партиядан сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этади.
Номзоднинг номзодликдан воз кечиши. Номзод сайловга қадар исталган вақтда номзодликдан воз кечиши мумкин. Бунинг учун у тегишли сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилади.
Номзод сайловга қадар вафот этган, сайлов ҳуқуқидан маҳрум бўлган ёхуд номзодликдан чақириб олинган тақдирда чоп этилган сайлов бюллетенларидан ушбу номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилган сатр ўчирилади. Муддатидан олдин овоз бериш жараёнида бундай номзодни ёқлаб берилган овозлар участка сайлов комиссиялари томонидан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳақиқий эмас деб топилади.
Депутатликка номзодни партия рўйхатидан чиқариш. Партия рўйхатига киритилган номзодлар ушбу рўйхатдан қуйидаги асосларга кўра чиқарилиши мумкин:
1) номзоднинг ўз хоҳишига кўра берган аризасига асосан;
2) номзод ихтиёрий равишда сиёсий партия аъзолигидан чиққан тақдирда;
3) Сайлов кодексининг 42-моддасида назарда тутилган тартибда номзодлик мақомидан маҳрум этилганда;
4) Сайлов кодекси 71-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган асослар вужудга келган тақдирда;
5) номзоднинг бошқа партия рўйхатида ҳам номзоди кўрсатилганлиги аниқланганда;
6) номзод бошқа сиёсий партиянинг аъзоси эканлиги аниқланганда;
7) номзод вафот этганда;
8) номзоднинг бир мандатли сайлов округидан ҳам номзоди кўрсатилганлиги аниқланганда.
4. Номзоднинг ишончли вакиллари
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод ўн нафарга қадар, вилоят Кенгаши депутатлигига номзод беш нафарга қадар, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод уч нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли, ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, сайлаш учун ташвиқот олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.
Депутатликка номзод рўйхатга олинганидан кейин ишончли вакилларини ўз хоҳишига кўра белгилайди ва улар ҳақида тегишли сайлов комиссиясига маълум қилади. Сайлов комиссияси ишончли вакилларни рўйхатга олади ва уларга гувоҳномалар беради.
Номзод сайловга қадар ўз ишончли вакилини тегишли сайлов комиссиясига маълум қилган ҳолда исталган вақтда ваколатидан маҳрум қилиши ва уни бошқаси билан алмаштириши мумкин. Ишончли вакил исталган вақтда ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишга ҳақли.
Ишончли вакил сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.
Номзодлар ишончли вакилларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасидаги сафар харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланади.
5. Номзоднинг сайловолди ташвиқоти
Сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир.
Номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партиялар ва уларнинг вакиллари сайловолди ташвиқотини (бундан буён матнда ташвиқот деб юритилади) қонунда белгиланган шаклларда ва усулларда амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодларни ва партия рўйхатини белгиланган тартибда рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин тугатилади.
Депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини олиб бориш борасида тенг ҳуқуқларга эга.
Депутатликка номзод депутат этиб сайланиши учун унинг номидан ишончли вакиллар ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати бўйича номзодлар сайланиши учун сиёсий партиялар сайловолди ташвиқотини олиб боришлари мумкин.
Ташвиқот қуйидагича тарзда олиб борилади:
– сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни номзодни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;
– номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш.
Ташвиқот омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.
Ташвиқот:
– оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали;
– босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш орқали;
– сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.
Ташвиқот даврида уни олиб боришнинг Сайлов кодексида тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланилиши мумкин.
Ташвиқот олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади.
Давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.
Нодавлат оммавий ахборот воситаларида қонунчиликка мувофиқ эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.
Оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча учун тенг ва бир хил бўлиши керак.
Ташвиқот мақсадида оммавий ахборот воситаларидан бепул фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сиёсий партияларнинг фикрини инобатга олган ҳолда тегишли сайлов комиссияси томонидан белгиланади.
Номзодларга босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммаларни, босма маҳсулотнинг электрон шаклларини ва бошқа ташвиқот материалларини монеликсиз чиқариш ҳамда тарқатиш учун тенг шароитлар яратилади. Ташвиқот материаллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши керак.
Босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
– ташвиқот материалларини тайёрлаган юридик шахснинг номи (жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ва у ҳақдаги бошқа маълумотлар;
– ташвиқот материалларига буюртма берган юридик шахснинг номи (жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми);
– ташвиқот материалларининг адади, чиқарилган санаси тўғрисидаги ахборот.
Номзодларга ва сиёсий партияларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали ташвиқот учун тенг шароитлар яратилади.
Сайловчилар билан учрашувлар депутатликка номзодлар томонидан мустақил равишда ўтказилади. Сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш жойи ва вақти ҳақида тегишли ҳудудий, туман, шаҳар ёки участка сайлов комиссиясига маълум қилинади.
Сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари камида 3 кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилади. Бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб қилинмайди.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши шарт.
Номзод ёки унинг ишончли вакили бошқа номзод ёки унинг ишончли вакили билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.
6. Қуйидагиларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланади:
– давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг;
– Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг;
– сайлов комиссиялари аъзоларининг;
– диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.
Депутатликка номзодларга ва сиёсий партияларга ўзининг келгусидаги фаолияти дастурини, сиёсий партиянинг дастурини ва сайловолди платформасини ташвиқот қилиш ҳуқуқи берилади. Ташвиқот давлат суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилмаган бўлиши, халқнинг саломатлиги ҳамда маънавиятига таҳдид солмаслиги, урушни, миллий нафратни, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилмаслиги, конституциявий тузумни зўрлик ишлатиб ўзгартиришга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини чекловчи ҳаракатларга даъват қилмаслиги керак.