Европа сайлов ташкилотчилари ассоциацияси ташаббуси билан ҳар йили февраль ойининг биринчи пайшанбасида Бутунжаҳон сайлов куни нишонланади.
Уни ташкил этиш ташаббуси 2005 йил сентябрь ойида Шиофоке шаҳрида (Венгрия) бўлиб ўтган Сайлов ташкилотчиларининг III-Глобал конференсиясида илгари сурилган.
Бутунжаҳон сайлов кунини нишонлаш санаси тасодифан танланмаган. Aйнан шу куни турли мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари сайлов бўйича энг кўп халқаро шартномаларни имзоладилар.
Бутунжаҳон сайлов кунини белгилашнинг асосий мақсади - фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш, сайлов жараёнларини такомиллаштириш муаммосига халқ эътиборини қаратишдир.
Сана муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомходжаев ЕХҲТ ДИИҲБнинг Сайлов департаменти, Европа давлатлари сайлов ташкилотчилари ассоциацияси (AEEO), Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (A-WEB) ва бошқа бир қатор халқаро ташкилотларга ҳамда хорижий давлатларнинг сайлов органларидаги ҳамкасбларига табрик мактубларини йўллади.
МСК Раиси З.Низомходжаев Бутунжаҳон сайлов кунининг 17 йиллиги билан табриклар экан, сайловлар кучли фуқаролик жамиятига эга демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас қисми эканлигини, халқ иродасининг асосий шакли ва давлат бошқарувидаги иштирокининг асосий шаклларидан бирилигини алоҳида таъкидлади.
Табрикда қайд этилишича, эркин ва адолатли сайловлар, демократлаштириш жараёнининг ҳал қилувчи омили, халқ хоҳиш-иродасини ифода этишнинг асосий воситаларидан бири экани ҳозир дунёнинг барча минтақаларида эътироф этилмоқда.
МСК