Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№1334 2024 йил 29 май
“E-saylov” ахборот тизимини амалга киритиш орқали айрим бўшаб қолган ўринларга маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайловини тайинлаш тўғрисида
“E-saylov” ахборот тизимини синовдан ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16, 26 ва 93-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг 20-Пахтазор сайлов округида, халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг 27-Келес сайлов округида ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 53-Туркистон сайлов округида бўшаб қолган ўринларга депутатлар сайлови тайинлансин.
2. Мазкур бўшаб қолган ўринларга маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайлови 2024 йилнинг 30 июнь якшанба куни ўтказилсин.
3. Бўшаб қолган ўринларга маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирлар режаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Бўшаб қолган ўринларга маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирлар режасида кўрсатилган сайлов жараёни иштирокчилари ўртасидаги тегишли муносабатлар “E-saylov” ахборот тизими орқали амалга оширилсин.
5. Ушбу қарор халқ депутатлари Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳар Кенгашларига, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳамда тегишли ҳудудий сайлов комиссияларига юборилсин.
6. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. Низамходжаев