№1223 Ўзбекистон Республикаси референдумида овоз бериш бюллетенининг шакли ва тавсифини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг қарори

 

 

№ 1223                                                    2023 йил  5 апрель

 

 

Ўзбекистон Республикаси референдумида овоз бериш бюллетенининг шакли ва тавсифини тасдиқлаш тўғрисида

 

 

“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18, 29, 30-моддалари ва Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 16-моддаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида” 2023 йил 10 мартдаги 3017-IV-сон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида” 2023 йил 14 мартдаги СҚ-702–IV-сон қарорларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:

 

1. Ўзбекистон Республикаси референдумида овоз бериш бюллетенининг шакли ва тавсифи иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 

2. Белгилансинки:

 

овоз бериш бюллетенлари референдум ўтказувчи округ комиссиялари томонидан тақдим этилган маълумотга мувофиқ референдум округи бўйича овоз берувчилар сонини, шу жумладан референдум округи ҳудудида истиқомат қилаётган кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилларда овоз бериш бюллетенларини тайёрлаш бўйича эҳтиёжни инобатга олган ҳолда чоп этилади;

 

чоп этиш жараёнида яроқсиз деб топилган ва ортиқча чоп этилган овоз бериш бюллетенлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг масъул ходими ва овоз бериш бюллетенини чоп этувчи ташкилотнинг камида икки нафар вакиллари иштирокида дарҳол йўқ қилинади ҳамда бу ҳақда далолатнома тузилиб, имзоланади.

 

3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

 

2023 йил 10 апрелга қадар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум участкаларидаги овоз берувчилар сони ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этсин;

 

2023 йил 19 апрелга қадар овоз бериш бюллетенлари Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузуридаги референдум ўтказувчи участка комиссияларига етказиб берилишини таъминласин.

 

4. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Котибияти (Х. Маматов) чоп этилган овоз бериш бюллетенлари референдум ўтказувчи округ комиссияларига етказиб берилишини таъминласин.

 

5. Референдум ўтказувчи округ комиссиялари:

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан етказиб берилган овоз бериш бюлеттенлари ўрнатилган тартибда қабул қилиб олинишини, сифатли ҳолда сақланишини ва қўриқланишини таъминласинлар;

 

овоз бериш бюллетенларини референдум ўтказувчи участка комиссияларига 2023 йил 17 апрелгача референдум участкасидаги овоз берувчилар умумий сонининг 5 фоизи миқдорида, 2023 йил 27 апрелгача эса 95,5 фоизи миқдорида тегишли тилларда тақсимлаган ҳолда етказиб берсинлар.

 

Бунда, референдум ўтказувчи участка комиссияси оладиган овоз бериш бюллетенларининг умумий сони референдум участкаси бўйича овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган фуқаролар сонидан ярим фоизга ортиқ бўлиши (100,5 фоиз), бироқ ундан кўп бўлмаслиги инобатга олинсин.

 

6. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.

 

7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.

 

Раис                                                                            З. Низамходжаев

 

 

ИЛОВА