САЙЛОВЧИНИНГ ХОҲИШ-ИРОДАСИНИ ЭРКИН ИФОДА ЭТИШ ҲУҚУҚИ ҚОНУН БИЛАН КАФОЛАТЛАНГАН

31.01.2023

2532

msk_yangiliklari_in

Умум эътироф этилган халқаро сайлов стандартларида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари асосан икки қисмга, фаол сайлов ҳуқуқи ва пассив сайлов ҳуқуқига бўлинади. Фаол сайлов ҳуқуқи – фуқароларнинг давлат раҳбари ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловида сайловчи сифатида иштирок этиш, яъни овоз бериш ҳуқуқидир. Пассив сайлов ҳуқуқи – фуқаронинг давлат органларига (давлат раҳбари лавозимига) сайланиш ҳуқуқидир. Фаол сайлов ҳуқуқидан фарқли ўлароқ, пассив сайлов ҳуқуқи фуқароларга қўйиладиган нисбатан юқори ёш талаби, муайян мулкка эга бўлиш талаби, мамлакат ҳудудида муайян муддат ўтроқ яшаган бўлиши каби талаблар билан чегараланиши мумкин.

 

Юқоридаги таърифдан кўриниб турибдики, фаол сайлов ҳуқуқига эга бўлган фуқаро сайловчи ҳисобланади. Сайловчи – сайлов жараёнининг асосий иштирокчиси, чунки у Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бошқа фуқаролари билан биргаликда Ўзбекистон халқини ташкил этади ҳамда ҳокимиятнинг бирдан-бир манбаи ҳисобланади. Овоз беришда иштирок этиш орқали давлат ҳокимияти ва маҳаллий вакиллик органларини, сайланган мансабдор шахсларни тегишли ҳокимият ваколати билан таъминлайди.

 

Биз сайловчи деганда, энг аввало сайлов кампанияси даврида овоз бериш жараёнида иштирок этувчи, яъни бюллетенга яширин равишда овоз берувчи шахсни тасаввур қиламиз. Гўёки сайловчи фақат овоз бериш ҳуқуқига эга деган тасаввур мавжуд. Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси ва бошқа норматив ҳужжатларида сайловчининг айнан сайлов ҳуқуқи билан боғлиқ ҳуқуқлари доираси анча кенг белгиланган. Уларнинг асосийлари қуйидагилардан иборат:

 

- сайлов жараёнида овоз бериш, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқи;

- номзод кўрсатишни қўллаб-қувватлаш учун имзо тўплаш ёки имзо варақасига имзо қўйиш орқали номзодни қўллаб-қувватлаш ҳуқуқи;

- молиявий харажат талаб қилмайдиган усуллар билан сайловолди ташвиқотини олиб бориш ҳуқуқи;

- сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиси (кузатувчи, ваколатли вакил, ишончли вакил, комиссия аъзоси ва ҳ.з.) мақомига эга бўлиш ҳуқуқи;

- сайлов участкасида, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида шакллантирилган ўзига оид маълумотлар билан танишиш ҳуқуқи;

- сайлов комиссияларини шакллантиришда иштирок этиш ҳуқуқи;

- ўзининг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи, ўзига тегишли сайлов ҳуқуқларини камситувчи қарорлар ёки ҳаракатлар, шу жумладан овоз бериш натижалари устидан шикоят қилиш ҳуқуқи.

 

Амалдаги миллий сайлов қонунчилигига асосан фуқаролар 18 ёшга тўлганда фаол сайлов ҳуқуқи вужудга келади ва бу ҳуқуқ уларнинг овоз беришда иштирок этиш имкониятига эгалигида ифодаланади. Фуқаронинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқейидан қатъи назар унинг фаол сайлов ҳуқуқини чеклашга йўл қўйилмайди.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига асосан суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

 

Фуқаро ўзининг фаол сайлов ҳуқуқини, қоида тариқасида, унинг яшаш жойи жойлашган ҳудудда ташкил этилган сайлов участкасидаги яширин овоз бериш хонасида ёки кабинасида амалга оширади. Шу билан бирга, агар соғлиги ёки ногиронлиги туфайли сайловчи ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш учун сайлов участкасининг овоз бериш хонасига кела олмаса, унга овоз бериш хонасидан (сайлов участкасидан) ташқарида, яшаш жойида овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиш имконияти яратилади.

 

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 56-моддасига мувофиқ, айрим сайловчилар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, тегишли участка сайлов комиссияси овоз беришни ушбу сайловчиларнинг илтимосига биноан улар турган жойда ташкил этади. Тегишли комиссиянинг камида икки нафар аъзоси кўчма сайлов қутиси билан сайловчининг турган жойига юборилади, улар сайловчининг хоҳиш-иродаси сир сақланишига риоя этилган ҳолда овоз бериш амалга оширилишини таъминлайди. Бунда кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкин.

 

Шунингдек, Сайлов кодексининг 10-моддасига асосан санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, ҳарбий қисмларда олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкин. Бундай ҳолларда участка сайлов комиссиялари шу каби жойларда ташкил этилган сайлов участкаларида сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятини таъминлайди.

 

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов даврида доимий яшаш жойидан ёки у ерда ташкил этилган сайлов участкаси ҳудудидан ташқарида бўлиши уни овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун асос бўла олмайди. Бу каби сайловчилар ўзларининг доимий яшаш жойларидаги сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш орқали фаол сайлов ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин.

 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги 1066-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ, участка сайлов комиссиялари аъзолари сайлов участкаси ҳудудини уйма-уй айланиб чиқиш орқали сайловчилар рўйхатига аниқлик киритади. Агар сайлов участкаси ҳудудида вақтинча истиқомат қилаётган фуқаролар (ишлаш, ўқиш, хизмат сафари, дам олиш, меҳмондорчилик сабабли) бўлса ҳамда улар билан шахсан суҳбат чоғида овоз бериш куни уларнинг ушбу сайлов участкаси ҳудудида бўлиши аниқланса, ушбу фуқаролар вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган ёки олинмаганлигидан қатъий назар вақтинча турар жойи ҳудудидаги сайлов участкаси сайловчилар рўйхатига киритилади. Бунда, участка сайлов комиссияси аъзоси фуқаронинг доимий яшаш жойидаги сайлов участкасига сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизими орқали хабар юбориб, уни сайловчилар рўйхатида чиқариш чораларини кўради.

 

Шу тариқа, сайловчининг овоз бериш куни қайси ҳудудда бўлишидан қатъий назар “битта сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин”, “бир сайловчи бир овозга эга” каби умумеътироф этилган демократик принципларга қатъий амал қилган ҳолда, фуқаронинг фаол сайлов ҳуқуқидан фойдаланиш имконияти таъминланади.

 

Халқаро сайлов стандартларига мувофиқ, сайловда овоз бериш яширин ҳисобланади ҳамда фуқаронинг хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши устидан ҳар қандай назорат қилиш имконияти чекланишини талаб қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 7-моддасида ушбу халқаро демократик норма тўлиқ ўз аксини топган. Унга кўра – сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди. Яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланади.

 

Сайлов ва ахборот соҳасини тартибга солувчи миллий қонунларга мувофиқ ҳар бир фуқаро сайлов жараёни тўғрисида ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Сайлов комиссиялари, давлат ҳокимият органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқароларга сайлов жараёнлари тўғрисида холис ва ҳаққоний ахборот бериб боради.

 

Сайлов кампанияси даврида фуқароларга тақдим этиладиган ахборот- маълумотларнинг ҳажми ва мазмуни уларнинг сайлов ҳуқуқларидан самарали фойдаланиш ва сайловда ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш имкониятини таъминлаши керак. Нега деганда, сайловларнинг ҳаққонийлиги, қонунийлиги, объективлиги, легитимлиги сайловчиларга сайлов жараёни ҳақида ҳаққоний ва холис, тўлиқ ва тезкор, беғараз ахборот тақдим этилишига бевосита боғлиқ.

 

Сайловчилар шунингдек, Сайлов жараёнини бошқариш тизимида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан, сайлов участкаларида шакллантирилган сайловчилар рўйхатидан ўзига оид маълумотлар билан танишиш ҳуқуқига эга.

 

Сайловчилар ўзларининг яшаш, ишлаш ёки ўқиш жойларида йиғилишлар ташкил этиш ва унда иштирок қилиш орқали ўз номзодларини ёки бошқа сайловчиларнинг номзодларини тегишлича округ ёки участка сайлов комиссиялари аъзолигига киритиш учун таклиф бериш ҳуқуқига эга.

 

Давлат сайловчиларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши ва амалга оширилишини кафолатлайди. Давлат органлари билан бир қаторда сайлов комиссиялари ҳам сайловчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашда кўмаклашади. Сайловчиларга ўзларининг бузилган ҳуқуқлари устидан шикоят қилиш ҳуқуқининг берилганлиги, улар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг муҳим кафолати ҳисобланади. Амалдаги қонунларга асосан сайловчилар ўзларининг сайлов ҳуқуқлари бузилган тақдирда, шу жумладан сайлов комиссияларининг қарорлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

 

Сайловчиларга нисбатан миллий сайлов қонунчилигимизда ўрнатилган ягона мажбурият бу – сайлов қонунчилигига амал қилиш мажбуриятидир. Юқорида ифода этилганидек, сайловчининг сайловда, овоз беришда иштирок этиши бу мажбурият эмас, балки ҳуқуқ саналади. Бироқ, бу ҳуқуқдан самарали фойдаланиш, ўз тақдирини давлат, жамият, халқ тақдири билан боғлиқ ҳолда кўриш, мамлакатда амалга оширилаётган инсонпарвар, адолатли ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиш ҳар бир фуқаронинг инсонийлик бурчидир.

 

Худоёр МАМАТОВ,

Марказий сайлов комиссияси

котиби, юридик фанлари доктори, профессор

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур