ОКРУГ ВА УЧАСТКА САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИ ТАРКИБИНИ ШАКЛЛАНТИРИШНИНГ ДEМОКРАТИК УСУЛИ

25.01.2023

2246

msk_yangiliklari_in

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 21, 23 ва 25-моддаларига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сайлов комиссиялари, жамоат бирлашмалари, корхона, муассаса ва ташкилотлар учун округ ва участка сайлов комиссияларини аъзолигига номзодларни тавсия этиш механизмлари ёритиб берилган.

 

Сайловларни округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолиятисиз тасаввур қилиш қийин.

 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 21, 23 ва 25-моддаларига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сайлов комиссиялари, жамоат бирлашмалари, корхона, муассаса ва ташкилотлар учун округ ва участка сайлов комиссияларини аъзолигига номзодларни тавсия этиш механизмлари ёритиб берилган.

 

Сайлов кодексининг 25-моддасида сайлов комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблардан бири сифатида участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмаслиги белгиланган. Ушбу қоидани рўёбга чиқариш учун ҳудудлардаги имкониятларни ўрганиш амалий аҳамиятга эга.

 

Хусусан, участка сайлов комиссияси аъзоларини шакллантиришда:

 

- сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролардан;

- туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида рўйхатга олинган ишсиз фуқаролардан;

- нодавлат нотижорат ташкилотлари (Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари, Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгаши, “Нуроний” жамғармаси, Ёшлар иттифоқи, Ногиронлар жамияти, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқалар) вакилларидан;

- ҳуқуқий билим ва малакага эга шахслар, яъни юрисконсультлар, адвокатлардан;

- хорижий тилларни биладиган мутахассислари захиралардан фойдаланиш тавсия этилмоқда.

 

Шу билан биргаликда бўлажак сайловларда Сайловчилар ягона электрон рўйхатидан фойдаланилишини ҳисобга оладиган бўлсак, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати компьютер дастурлари билан ишлаш учун ҳар бир округ ва участка сайлов комиссияси таркибида ахборот коммуникация технологиялари соҳаларида билим ва амалий кўникмага эга камида икки нафар шахс аъзо бўлиши мақсадга мувофиқ.

 

Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар сайлов округлари тузилганидан сўнг уч кун ичида Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунининг 21 ва 22-моддаларида белгиланган тартибда фуқаролар йиғинида ёки фуқаролар вакилларининг йиғилишида ёхуд фуқаролар йиғини кенгашида муҳокама этиш ва муҳокама натижасига кўра Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодни тавсия этиш тўғрисидаги фуқаролар йиғини мажлиси баёни қабул қилиб, туман, шаҳар сайлов комиссиясига киритилади.

 

Бундан ташқари, участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар захирасини шакллантиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ўз ташаббусига кўра ёки Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларининг ёхуд туман, шаҳар сайлов комиссияларининг таклифларига асосан номзодлар захираси муҳокама қилиб, сайловга камида 50 кун қолганида халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига кўриб чиқиш учун таклиф тавсия этишлари мумкин.

 

Комиссия аъзолари сонини сайлов участкасидаги сайловчилар сонига нисбатан меъёрлар белгиланиши янгилик.

Яъни:

- сайлов участкасидаги сайловчилар сони 200 нафаргача бўлса, участка сайлов комиссияси аъзоларининг сони 5–7 нафар;

- сайловчилар сони 201 дан — 500 нафаргача бўлса, аъзолар сони 7–9 нафар;

- сайловчилар сони 501 дан — 1000 нафаргача бўлса, аъзолар сони 9–11 нафар;

- сайловчилар сони 1001 дан — 1500 нафаргача бўлса, аъзолар сони 11–13 нафар;

- сайловчилар сони 1501 дан — 2000 нафаргача бўлса, аъзолар сони 13–15 нафар;

- сайловчилар сони 2001 дан — 2500 нафаргача бўлса, аъзолар сони 15–17 нафар;

- сайловчилар сони 2501 ва ундан юқори бўлса, участка сайлов комиссияси аъзоларининг сони 17–19 нафар этиб белгиланиши мумкин.

 

Хусусан, округ ва участка сайлов комиссияси аъзоларининг комиссия таркибидан чиқиб кетган деб топиш учун қуйидаги асослар бўлиши керак: Комиссия аъзосининг ўз аризасига ёки уни комиссия аъзоси этиб тасдиқлаган органнинг қарорига кўра ёки

- бошқа сайлов комиссияси таркибига сайланганда;

- сиёсий партияга аъзо бўлганда;

- вилоят, туман, шаҳар ҳокими этиб тайинланганда (тасдиқланганда);

- прокуратура ёки судга масъул лавозимга тайинланганда (сайланганда);

- комиссия аъзосининг яқин қариндошлари (фарзанд, ота-она, ака-ука, опа-сингил, бобо, буви) ёки комиссия аъзоси бевосита бўйсунувчи шахслар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, депутатликка номзод ёхуд номзоднинг ишончли вакили этиб рўйхатга олинганда

- Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, депутатликка номзод ёхуд номзоднинг ишончли вакили этиб рўйхатга олинганда комиссия таркибидан чиқиб кетган деб ҳисобланади.

 

Баҳодиржон Юнусов

Марказий сайлов комиссияси аъзоси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур