ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ РАИСИ БОШЧИЛИГИДАГИ ДЕЛЕГАЦИЯНИНГ ХАЛҚАРО КУЗАТУВДА ИШТИРОКИ ТЎҒРИСИДА

04.03.2025

536

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси 2025 йил 2 март куни бўлиб ўтган Тожикистон Республикаси Мажлиси Олининг қуйи палатаси – Маджлиси намояндагонга навбатдаги сайловларига тайёргарлик ва уни ўтказиш жараёнларини кузатишда иштирок этди.

 

Тожикистон Республикаси Марказий сайлов ва референдумлар комиссияси томонидан 231 нафар халқаро кузатувчи аккредитациядан ўтказилди. Улар орасида МДҲ Миссияси (таркибида МДҲ ПА, КХШТ ПА, Беларусь ва Россия Иттифоқи Парламент Ассамблеяси ва МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилар гуруҳи), ШҲТ ва икки томонлама ҳамкорлик доирасида Грузия, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Россия, Туркия, Ўзбекистон марказий сайлов органлари ва хорижий мамлакат кузатувчилари бор эди.

 

Ўзбекистон делегацияси таркибида МСК аъзолари, Котибият ходимлари, Тошкент ва Фарғона вилоятларининг ҳудудий сайлов комиссиялари вакиллари, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати вакиллари иштирок этдилар.

 

Ўзбекистон делегацияси раҳбари З.Низамходжаев Тожикистон Республикаси Марказий сайлов ва референдумлар комиссияси раиси Б.Худоёрзода билан учрашди. Учрашувда парламент сайловларига тайёргарлик ва уларни ўтказиш жараёни ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шу куннинг ўзида Ўзбекистон делегацияси округ сайлов комиссияларига ташриф буюрди.

 

 

     

2 март куни – овоз бериш кунида, делегация аъзолари ўз халқаро миссиялари доирасида Душанбе ва унинг атрофидаги сайлов участкаларига ташриф буюрдилар.

 

Мажлиси Намояндагонга сайловлар аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади. Қуйи палата 63 нафар депутатларнинг 22 нафар ягона сайлов округидан партиявий рўйхат асосида, 41 нафар бир мандатли сайлов округларидан сайланади.

                 

 

          

Сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида Тожикистон Марказий сайлов ва референдумлар комиссияси томонидан ягона умумреспублика сайлов округи, 41 та бир мандатли сайлов округи ва округ комиссиялари ҳамда 3 513 та сайлов участкалари ташкил этилди.

   

 

 

      

Мамлакат фуқароларининг хорижда овоз бериш ҳуқуқини амалга ошириш мақсадида 28 давлатда 36 та сайлов участкаси тузилди. Бу сайлов участкалари Тожикистон Республикаси Маджлиси намояндагонга сайлов ўтказиш бўйича Шоҳмансур №3 бир мандатли ҳудудий сайлов округига бириктирилди, чунки мамлакат ташқарисида алоҳида сайлов округлари ташкил этилмайди.

 

Овоз бериш жараёни эрталаб соат 6:00 дан кечки 20:00 гача давом этди.

         

 

 

3 март куни Ўзбекистон делегацияси Тожикистон Марказий сайлов ва референдумлар комиссияси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этди. Унда мамлакат парламенти қуйи палатаси сайловларининг дастлабки натижалари эълон қилинди.

 

 

Эълон қилинишича, 5 522 038 нафар сайловчидан 4 712 967 нафари овоз берган, бу эса сайловчиларнинг 85,3 % ни ташкил этган.

 

     

 

 

Ягона умумреспублика сайлов округида сиёсий партиялар рўйхати бўйича Тожикистон Аграр партиясини 21% сайловчи, Тожикистон Демократик партиясини 5,1%, Тожикистон Иқтисодий ислоҳотлар партиясини 12,7%, Тожикистон Социалистик партиясини 5,3%, Тожикистон Халқ Демократик партиясини эса 51,9% сайловчи қўллаб-қувватлади. Тожикистон Коммунистик партияси 1,9% овоз олди, бу 5 % дан кам бўлгани учун у депутатлик мандатидан маҳрум бўлди. Барча сиёсий партиялар рўйхатига қарши овозлар сони 50 895 нафарни ташкил этгани хабар қилинди.

 

Шунингдек, бир мандатли сайлов округлари бўйича сайловда иштирок этган партиялар олган мандатлар сони ҳам эълон қилинди: Аграр партия 5 та, Демократик партия 1 та, Иқтисодий ислоҳотлар партияси 3 та, Социалистик партия 1 та ва Халқ Демократик партияси 12 та депутатлик мандатига эга бўлишди.

    

 

 

Тожикистон қонунчилигига мувофиқ, парламент сайловларининг якуний натижалари парламент сайловларида овоз бериш кунидан бошлаб камида 14 кундан кечиктирмай эълон қилиниши керак.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур