Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш бўйича мурожаатларни тақдим этиш муддати ўз ниҳоясига етди

19.10.2024

1534

msk_yangiliklari_in

Сайлов қонунчилигига кўра, ОАВ вакиллари сайлов кампанияси даврида холис ахборотларни кенг, тезкор ва эркин тарқатиш, шунингдек ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этиши учун аккредитация қилинади.

 

Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 5 октябрдаги 952-сон қарори билан тасдиқланган Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-бандига мувофиқ, ОАВ вакиллари сайловга камида ўн кун қолгунига қадар аккредитациядан ўтказиш юзасидан мурожаат қилишлари мумкин.

 

Жорий йил Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов жараёнларини бошқаришни автоматлаштириш, ортиқча вақт сарфи ҳамда қоғозбозликни қисқартириш мақсадида аккредитациядан ўтказиш жараёнлари “E-saylov” ахборот тизими орқали амалга оширилди.

 

 

Шундан келиб чиқиб, ОАВ вакиллари сайлов жараёнларининг ёритиб бориш мақсадида ўз вакилларини аккредитациядан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига “E-saylov” ахборот тизими орқали мурожаат юборишди. Аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги аризалар 16 октябрга қадар “E-saylov” ахборот тизими орқали қабул қилинди.

 

Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

 

Мажлисда АҚШ, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Жанубий Корея, Италия, Озарбайжон, Россия, Туркия, Хитой каби 37 та хорижий давлатлардаги 82 та ОАВларининг 97 нафар вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

Шунингдек, мажлисда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг 325 нафар вакиллари, жумладан ЕХҲТ ДИИҲБ Миссиясининг 236 нафар қисқа муддатли кузатувчилари, бошқа халқаро ташкилотларнинг 13 нафар кузатувчилари, 25 та хорижий давлатларнинг 76 нафар кузатувчилари аккредитациядан ўтказилди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур

  • MASHARIPOV JAVLON IBRAGIMOVICH

    Номзодлар рзйхатини кўрсатинг барчасини