Янги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятига бағишланган тадбир

10.11.2023

1428

msk_yangiliklari_in

Сўнгги вақтларда қабул қилинаётган қонунларнинг жамоатчилик муҳокамасига қўйилаётгани, ушбу жараёнда халқимиз фаол қатнашаётгани ҳамда ўз таклиф ва мулоҳазаларини эмин-эркин билдираётгани ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳар жиҳатдан пишиқлигини, ҳаётийлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилган нормалар ҳам мавжуд қонунчилигимизга сингдирилмоқда.

 


Шу нуқтаи назардан айтганда, бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди. Ушбу қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, муҳокамалар ўтказиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий сайлов комиссияси ҳамда Адлия вазирлиги вакилларидан иборат тарғибот гуруҳи томонидан мамлакатимиз минтақаларида қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

 

Жумладан, 2023 йил 9 ноябрь куни Самарқанд вилоят Адлия бошқармаси биносида адлия тизими ходимлари ҳамда вилоятда фаолият олиб бораётган нодавлат-нотижорат ташкилотларининг вакиллари иштирокида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

 

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Н.Ризаев, Ғ.Абдиев, Марказий сайлов комиссиясининг котиби Х.Маматовлар долзарб мавзуларда маъруза қилдилар.

 


Жаҳон тажрибасидан маълумки, сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда давлат ва жамият ўртасида ўзаро узвийликни таъминлашда очиқ ва шаффоф кўринишдаги сайлов тизими муҳим аҳамиятга эга. Зеро, сайлов – демократик давлатнинг муҳим белгисидир. Дунёнинг ривожланган мамлакатларида синовдан муваффақиятли ўтган сайлов тизимлари мавжуд бўлиб, буларнинг ичида, айниқса, демократик давлатлар тажрибасида сайлов тизимининг мажоритар, пропорционал ва аралаш шаклларидан унумли фойдаланиб келинмоқда.

 

Марказий сайлов комиссияси котиби Худоёр Маматов маърузада қайд этиб ўтганидек: “Ҳозирги кунда юртимизда сайлов жараёнлари мажоритар тартибда ўтказилиб, Қонунчилик палатаси депутатлари ушбу сайлов тизими асосида, яъни ҳудудий бир мандатли округ бўйича сайланади. Ўзбекистонда амалда бўлган ҳозирги даврдаги амалиёт ва умуман хорижий давлатлар тажрибаси мажоритар сайлов тизимининг ижобий жиҳатлари билан бирга, бир қатор ўзига хос камчиликларини ҳам намоён этмоқда.

 

 

Хусусан, парламентни шакллантиришда сайловчиларнинг ҳар бир берилган овози эмас, балки ғолиб бўлган номзодга берилган овозлари инобатга олинади. Яъни, ғолиб бўлган номзодни сайлаган фуқароларнинг хоҳиш-иродаси асосида вакиллик органлари шакллантирилиб, қолган сайловчиларнинг овозлари аҳамиятга эга бўлмайди.

 

Пропорционал сайлов тизимида эса, сайловчилар аниқ бир шахсга эмас, балки сиёсий партияларга овоз берадилар ва депутатлик ўринлари партиялар олган овозларга мутаносиб равишда тақсимланади.
Бир вақтда ҳам мажоритар ҳам пропорционал сайлов тизимини ўзида жамлаган тизим эса - аралаш сайлов тизими деб юритилади. Ҳозирги кунда Жанубий Корея, Бельгия, Венгрия, Қозоғистон, Германия ва Испания каби давлатлардаги сайловлар ушбу тизим асосида ўтказилади. Аралаш сайлов тизимига ўтилиши эса сиёсий партиялар ўртасидаги соғлом рақобатни янада кучайтиради.

 

Шу ўринда яна бир муҳим масалага эътибор қаратиш жоиз. Аралаш сайлов тизимига ўтилишида фуқароларнинг ҳам сиёсий ҳаётдаги позицияси катта роль ўйнайди. Сиёсий партиялар ва улардан сайланган депутатлар ўзларига берилган ваколатлардан унумли фойдаланмоғи лозим бўлади.

 

Аралаш сайлов тизимида сайловчилар парламент депутатларининг бир қисмини партияларга улар томонидан тақдим этилган номзодлар рўйхатига мувофиқ овоз бериш орқали сайлашади ва қолган депутатлар мажоритар тартибда алоҳида номзодларга овоз бериш орқали сайланади. Ўзбекистон амалиётига татбиқ этилаётган қонун талабига мувофиқ Қонунчилик палатаси депутатларининг 50 фоизи ҳудудий бир мандатли сайлов округидан сайланиб, қолган 50 фоизи партия рўйхати асосида сайланади.

 


Эътиборли жиҳати, аралаш тизим пропорционал тизимнинг умумий афзалликларини сақлаб қолган ҳолда, сайланган депутатлар ва сайловчилар ўртасидаги алоқани таъминлаш ҳамда мажоритар сайловда муваффақият қозона олмаган партияларга ҳам ўзлари олган овозларга мутаносиб депутатлик мандатларини қўлга киритиш имкониятини беради”.

 


Давлат ва жамият ўртасидаги уйғунликни таъминлашда шубҳасиз, сиёсий партиялар ва улардан сайланган депутатларнинг аҳамияти катта. Халқ вакилларининг сайланишида ва уларнинг мамлакат ҳаётида кечаётган сиёсий жараёнларда фаоллик билан иштирок этишида очиқ ва шаффоф сайлов тизими зарур.

 


Жаҳон тажрибасида ўзини оқлаган аралаш сайлов тизими – фуқароларимизнинг сиёсий фаоллигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бу эса миллий парламентимиз фаолиятининг кучайишида, сиёсий партияларнинг янада жадаллашувида дебоча вазифасини ўтайди.

 


Конституциявий қонун тарғиботига бағишланган тадбирлар давлат органлари, корхона, ташкилот, муассасалар ҳамда фуқаролик жамияти институтларида давом этмоқда.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур