Марказий сайлов комиссиясида ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди

02.10.2024

1535

msk_yangiliklari_in

Бугун Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида ёшлар билан учрашув ўтказилди.

 

Учрашувда жорий йил 27 октябрь санасида ўтказиладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови янгиланган Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган кучли парламентаризм ва жойларда вакиллик органларининг ваколатлари сезиларли даражада кучайтирилган шароитда ўтиши, шунингдек, илк бор Қонунчилик палатасига аралаш сайлов тизими асосида бўлиб ўтадиган сайловнинг моҳияти ва аҳамияти юзасидан сўз юритилди.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва Сайлов кодексига мувофиқ фуқаролар 18 ёшдан сайлаш ҳуқуқига эга бўлади. Жорий йилги сайловларда 700 минг нафарга яқин ёшлар биринчи марта овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланади. Бу эса, сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳияти бўйича ёшлар орасида тарғибот ишларини янада кучайтиришни тақозо этади.

 

 

Шунингдек, мамлакатимизнинг 20 минг нафарга яқин ёшлари сайлов комиссиялари фаолиятида бевосита иштирок этиш орқали ҳам ўз сиёсий фаоллигини ифода этиб келмоқдалар.

 

 

 

Миллий сайлов қонунчилигимизга кўра Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар 25 ёшга, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар эса 21 ёшга тўлган бўлиши керак.

 

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, аввалги сайловларга қараганда номзодлар ҳам анча ёшарган. Бу йилги давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловларида депутатликка номзодларнинг 3 минг нафардан ортиғини ёшлар ташкил этади.

 

 

Учрашувда сайлаш ва сайланиш – бу ёшларнинг нафақат конституциявий ҳуқуқи, балки фуқаролик бурчи ҳам эканлиги таъкидланди.

 

Шу билан бирга, учрашув иштирокчиларига миллий сайлов амалиётига татбиқ этилган янгиликлардан яна бири “E-Saylov” ахборот тизими ва унинг афзалликлари юзасидан ҳамда сайлов кампаниясининг муҳим босқичлари хусусида маълумотлар берилди. Иштирокчиларнинг сайловга оид фикр ва мулоҳазалари тингланди ҳамда уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

 

   

 

Бундан ташқари, тадбир иштирокчиларининг овоз бериш тартиби бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида симуляцион сайлов участкасида сайлов кунидаги овоз бериш жараёни бевосита амалий хатти-ҳаракатлар мисолида атрофлича тушунтириб берилди.

 

   

 

Бундай тадбирларнинг ўтказилиши сайловда биринчи маротаба овоз берувчи ёшларда сайловларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги аҳамияти нақадар муҳимлигини англаб етишларига хизмат қилади.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур