ТОШКЕНТДА МДҲ ДАВЛАТЛАРИ САЙЛОВ ОРГАНЛАРИ РАҲБАРЛАРИ МАСЛАҲАТ КЕНГАШИНИНГ БИРИНЧИ ЙИҒИЛИШИДА УЧРАШДИЛАР

08.07.2023

2292

msk_yangiliklari_in

2023 йилнинг 8 июль куни Тошкент шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг сайлов органлари раҳбарлари Маслаҳат кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Маслаҳат кенгаши аъзолари – Арманистон, Беларус, Тожикистон сайлов органлари раҳбарлари, Қирғизистон ва Россия сайлов органлари раҳбарларининг вакиллари иштирок этди. Йиғилишда, шунингдек, Маслаҳат кенгашининг маслаҳат овози ҳуқуқига эга аъзолари – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бош котиби С.Лебедев бошчилигидаги Ижроия қўмитаси вакиллари хамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси Кенгаши Бош котиби – МДҲ ПА Котибияти раҳбари Д.Кобицкий бошчилигида Котибият вакиллари иштирок этдилар.

Маслаҳат кенгашнинг консенсус асосида қабул қилинган қарори билан мажлисда кузатувчи сифатида Қозоғистон ва Туркманистон сайлов органлари раҳбарлари ҳамда Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Осиё сайлов органлари ассоциацияси ва МДҲга аъзо давлатларнинг Демократия ва парламентаризмни ривожланиши ва фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш халқаро институти каби миллий сайловлар, референдумларнинг илмий-амалий масалалари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилишда янги ташкил этилган МДҲга аъзо давлатларнинг сайлов органлари раҳбарларининг Маслаҳат кенгаши фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилиш аввалида МДҲ Ижроия қўмитаси Бош котиби С.Лебедев йиғилганларни МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарлари Маслаҳат кенгаши фаолиятининг бошланиши билан табриклади. Маслаҳат Кенгашнинг демократик сайловлар, референдумларни ўтказиш, Ҳамдўстликка аъзо давлатларда сайлов жараёни иштирокчиларининг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, хамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларини амалга оширишда, сайлов органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштиришни таъминлашда етакчи роль ўйнайдиган муҳим бўғинлардан бири эканлигини алоҳида  таъкидлади.

С.Лебедев сайлов соҳасида самарали мулоқот майдонини яратиш ва фаол ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш зарурлигига Маслаҳат кенгаши аъзоларининг эътиборини қаратди. Янги ташкил этилган Кенгаш  ўз фаолияти билан МДҲга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликка катта ҳисса қўшишига ва муҳим таркибий қисм бўлиб хизмат қилишига умид билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низомходжаев йиғилиш иштирокчиларини қутлар экан, иштирок этаётган барча мамлакатлар сайлов органлари раҳбарларига икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдаги ўрни ва Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясини кузатишда фаол иштирок этаётганлари учун алоҳида миннатдорлик билдирди.

З.Низамходжаев Маслаҳат кенгаши янги платформани яратишга имкон бериб, сайлов соҳасидаги ҳамкорлик учун янги имкониятларни очади деб таъкидлади. З.Низамходжаев ўз нутқини «Ишончим комилки, Маслаҳат кенгаши МДҲга аъзо давлатларнинг сайлов органлари ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш ва мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. МДҲга аъзо давлатларнинг миллий қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларига мувофиқ сайлов жараёнини такомиллаштиришга кўмаклашади» деб якунлади.

Йиғилиш якунлари бўйича 2023-2024 йилларда Маслаҳат  кенгашига раислик қилиш Ўзбекистон МСК раиси З. Низамходжаевга, Маслаҳат кенгашига ҳамраислик эса Беларус МСК раиси И.Корпенкога  топширилди.

Муҳокамаларга қўйилган масалалар юзасидан Арманистон МСК раиси В.Овакимян, Беларус МСК раиси И.Карпенко, Тожикистон МСК раиси Б.Худоёрзода, Россия Федерацияси МСК раиси ўринбосари Н.Булаевлар сўзга чиқди.

МДҲга аъзо давлатларнинг сайлов органлари раҳбарларининг Маслаҳат кенгаши тўғрисидаги Низом талабларига мувофиқ Кенгаш ишчи аппарати функциялари Ўзбекистон МСК доимий аъзоси Г.Раҳимова ва МДҲ Ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари А.Заварзин зиммасига юклатилди.

Мажлис давомида Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси Бош котиби ўринбосари Чанг Юл Ли нутқ сўзлади. БСОА директори ўринбосари Тэрён Ли БСОАнинг ишларни ташкил этиш тажрибаси тўғрисида тақдимот қилди.

Маълумот учун: МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарларининг Маслаҳат кенгаши МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг 2022 йил 14 октябрда Остона шаҳрида бўлиб ўтган йиғилиши қарори билан ташкил қилинган.

Бугунги кунда Кенгаш таркибига Ҳамдўстликка аъзо давлатлар: Арманистон Республикаси, Беларус Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси марказий сайлов органлари раҳбарлари киритилган.

 

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур