ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ РАИСИНИНГ ЎРИНБОСАРИ БАХРОМ КУЧКАРОВНИНГ БРИФИНГДАГИ НУТҚИ

30.04.2023

2821

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Бахром Кучкаровнинг брифингдаги

НУТҚИ

 

МСК Матбуот маркази

2023 йил 30 апрель

соат: 18:00

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Бугун кун давомида Сизларга овоз бериш жараёни ва овоз берувчи фуқароларнинг иштироки тўғрисида маълумотларни етказиб бормоқдамиз. Ҳозир навбатдаги маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Жойлардан 17:00 га қадар олинган маълумотларга кўра Ўзбекистон ҳудудидаги 19 миллион 414 минг 914 нафар референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларимиздан 15 млн 802 минг 95 нафари ёки 81,39 (саксон бир бутун юздан ўттиз тўққиз) фоизи овоз берди.

Ҳозирга қадар Владивосток, Токио, Сеул, Кванджу, Пекин, Шанхай, Гуанджоу, Куала-Лумпур ва Сингапур шаҳарларидаги референдум участкаларида овоз бериш жараёнлари якунланди. Ушбу референдум участкаларида овоз бериш натижаларини аниқлаш, бюллетенларни санаш жараёнлари бошланган.

Тошкент вақти билан соат 17:00 да АҚШнинг Вашингтон ва Нью-Йоркдаги референдум участкаларида овоз бериш бошланди.

Бошқа хорижий мамлакатларда тузилган референдум участкаларида овоз бериш жараёни давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз хорижий давлатлардаги референдум участкаларида 307 минг 895 нафар фуқаролар овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилган.

Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларида референдум натижаларига таъсир қилмайдиган айрим камчиликлар аниқланди.

Жумладан, айрим референдум участкаларида овоз берувчиларнинг рўйхатлари ўз вақтида барча танишиб чиқиши учун стендга жойлаштирилмаганлиги ёки раис ва котиби томонидан имзоланмаган ҳамда комиссия муҳри билан тасдиқланмаганлигикўзи ожиз фуқаро овоз бериш учун ўз вақтида Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафарет тақдим этилмаганлиги, яширин овоз бериш кабинасига оила аъзолари билан биргаликда кириб овоз беришга уриниш ҳолатлари бўлди.

Шу билан бирга, бугун Интернет ва айрим ижтимоий тармоқларда референдум жараёнига оид камчиликлар тўғрисида айрим маълумотлар тарқалди. Улар орасида афсуски асосланмаган ахборотлар ҳам йўқ эмас.

Масалан, 14-Тошкент референдум округи 129-референдум участкасида бир аёлнинг икки маротаба овоз бераётган фотосурати тарқалган. Комиссия аъзолари томонидан бу ҳолат ўрганилганда, шу жумладан, камералардаги ёзувлар кўтариб кўрилганда у ҳақиқатга тўғри келмаслиги маълум бўлди.

Шу сабабли, барчани, айниқса ОАВларни маълумотлар тарқатишда холис ва объектив бўлишга чақириб қоламиз.

Ҳурматли референдум жараёнининг иштирокчилари: кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, референдум ташкилотчилари.

Қарийб 2 соатдан сўнг, яъни соат 20:00 да мамлакатимиз ҳудудидаги 10 минг 758 та референдум участкаларининг барчасида фуқароларнинг овоз бериш жараёнлари тўлиқ якунланади ва натижаларни аниқлаш жараёни бошланади.

Очиқлик ва ошкоралик билан ўтаётган мазкур референдумда фуқароларимизнинг ҳар бир овози инобатга олиниши шарт.

Референдумда овоз бериш натижалари ҳаққонийлигини таъминлашнинг энг самарали йўли бу – жамоатчилик назоратидир.

Шунинг учун референдум жараёни барча иштирокчиларидан овозларни санаб чиқиш жараёнида қонун талабларига қатъий амал қилган ҳолда, бу жараённи қатъият билан амалга оширишларини сўраб қоламиз.

Эътиборларингиз учун раҳмат!

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур