Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олиниши лозим. Бунинг учун сиёсий партиянинг раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни сўраб Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этиши керак.
Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича Календарь режада белгиланган талабларга ва муддатларга амал қилган ҳолда жорий йил 31 май куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси Марказий сайлов комиссиясига ушбу партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олишни сўраб мурожаат этди ва қонунчиликда белгиланган ҳужжатларни топширди.
Қайд этиш жоиз, Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йил 24 май куни “Сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи эксперт гуруҳларини тузиш тўғрисида” қарор қабул қилинган эди.
Ушбу эксперт гуруҳлари томонидан Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги 1067-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш ва имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш тартиби тўғрисидаги низом талабларига қатъий риоя қилган ҳолда сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текшириш жараёни бошланди.
Марказий сайлов комиссиясининг ишчи гуруҳи эксперт гуруҳлари билан ҳамкорликда қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган барча ҳужжатларни текшириб чиқади ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар, шу жумладан номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари қонунчилик талабларига мувофиқ бўлса, Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш ҳақида қарор қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланган Календарь режага мувофиқ сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олиш ҳақида Марказий сайлов комиссиясига мурожаат этишининг охирги муддати 2 июнь ҳисобланади.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати