МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси (ПА) Кенгаши котибиятининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаев бошчилигидаги делегация 2024 йил 23 майда очилиши бўлиб ўтадиган “Ҳамдўстлик мамлакатларида Президентлик институти” халқаро илмий-амалий конференциясида иштирок этмоқда.
Ўзбекистон делегациясининг ташриф дастури доирасида, 22 май куни МСК раиси З. Низомхаджаев ва Санкт-Петербург шаҳри Сайлов комиссияси раиси М. Мейксин ўртасида учрашуви бўлиб ўтди.
M. Мейксин делегация аъзоларини 2024 йил 8 сентябрда бўлиб ўтадиган ягона овоз бериш кунида сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар билан таништирди.
Ягона овоз бериш кунида уч кун давом этадиган, яъни 6,7 ва 8 сентябрь кунлари, президент сайловлари каби ташкил этиладиган Санкт-Петербург губернатори ва Муниципал кенгашлар сайловлари бўлиб ўтиши қайд этиб ўтилди.
Муниципал Кенгашларга сайловлар Санкт-Петербургнинг 111 та округида бўлиб ўтади.
Муниципал Кенгашларга депутатлар худди губернатор каби 5 йилга сайланади. Шунингдек, Қонунчилик мажлисига қўшимча сайловлар бўлиб ўтади.
M. Мейксин таъкидлаганидек, сайлов комиссиясининг 30 йиллик фаолияти давомида турли даражадаги 650 дан ортиқ сайлов кампаниялари ўтказилди. 2024 йил 1 январь ҳолатига кўра Санкт-Петербург бўйича Сайлов рўйхатида 3 816 980 та сайловчи мавжуд бўлиб, сайловчилар рўйхати йилига икки маротаба актуаллаштирилади. Санкт-Петербургнинг сайлов тизими 1947 та участка ва 64 та ҳудудий сайлов комиссияларидан иборат бўлиб, уларда 23 мингга яқин киши ишлайди.
Учрашув иштирокчиларига фуқароларнинг сайлов қонунчилиги масалалари бўйича таълим олишини таъминлаш, айниқса ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, 2023 йил 9 февралда ёшларининг сайлов маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида Ёшлар сайлов комиссияси тузилганлиги таъкидланди.
16 май куни Санкт-Петербург сайлов комиссияси ўз йиғилишида 2024 йилда ёш ва бўлажак сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш учун Ёш сайловчилар куни, танловлар, олимпиадалар ва маърифий тадбирларни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон МСК раиси З. Низамходжаев миллий сайлов тизимидаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Ўзбекистон жамият ҳаётининг барча соҳаларини, жумладан, сайлов соҳасини модернизация қилишга қаратилган чуқур ва кенг қамровли ислоҳотлар даврини бошидан кечираётганини таъкидлади. Ушбу ислоҳотлар биринчи навбатда демократия ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган.
Ўзбекистонда халқаро сайлов стандартларини миллий қонунчилик ва амалиётга янада жорий қилиш, сайлов жараёни сифати ва шаффофлигини оширишга қаратилган янги рақамли технологияларни татбиқ этиш орқали миллий сайлов тизими такомиллаштирилмоқда.
З.Низамходжаев 2023 йил 18 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон МСК раиси Санкт-Петербург сайлов комиссияси раиси М. Мейксинга сайлов мониторингида иштирок этиш таклифи учун миннатдорчилик изҳор этди ва уларнинг муваффақиятли ўтказилишига ишонч билдирди.
Учрашувда шунингдек МДҲ ПА ДРМХИ директори И. Мушкет, ДРМХИ директори ўринбосари Е. Еременко, Ўзбекистон МСК аъзоси Г. Рахимова ва Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги Бош консули А. Махмудовлар иштирок этдилар.
Марказий сайлов комиссияси