Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида давра суҳбати ўтказилди

02.11.2023

1408

msk_yangiliklari_in

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси мақсад-мазмунига бағишланган семинар ўтказилди.

 

Вилоятимизнинг турли ҳудудларидан келган ёшлар иштирок этган тадбирда Марказий сайлов комиссияси котиби Худоёр Маматов, Қонунчилик палатаси депутатлари Наврўз Рўзиев, Ғайрат Абдиевлар қонун лойиҳасининг мазмуни, унда белгиланган янгиликларнинг ижтимоий, сиёсий аҳамияти ҳақида сўз юритди.

 

 

Таъкидланганидек, жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини ҳамда фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш демократик ислоҳотларнинг муҳим босқичи ҳисобланади. Сайловда аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизимини жорий этиш ва шу орқали Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини янги тартиб асосида ўтказиш жараённи янада жадаллаштиради. Яъни, бу билан сиёсий партияларнинг сайловчилар олдидаги масъулияти камида икки ҳисса ортади, сайловчилар фақат партиялар томонидан кўрсатилган шахсларга эмас, балки партиянинг ўзига, дастурига ҳам овоз беради.

 

— Қонун лойиҳасида сайлов комиссиялари тузилиши, фаолият тартибини такомиллаштириш ҳам назарда тутилган, - дейди Худоёр Маматов. – Ҳисоб-китобларга кўра, тизимдаги бу ислоҳотлар сайлов кампаниясини ўтказиш учун сарфланадиган харажатларни 30 миллиард сўмга қисқартириш имконини беради. Шунингдек, унда ёшлар, хотин-қизларнинг депутат сифатида сайланиши учун тенг имкониятлар яратиш, жараёнда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бир сўз билан айтганда, қонун лойиҳаси миллий сайлов тизимимизда муҳим сиёсий бурилиш яратади. Биз шу каби семинарлар орқали унинг аҳамиятини жамиятимизнинг энг фаол қатлами – ёшларга тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур