Бугун, 5 сентябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенларининг шакли, матни ва тавсифини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Йиғилишда таъкидланганидек, бу йилги сайловлардаги бюллетенлар мутлақо янги шаклда тасдиқланди. Ушбу сайлов бюллетенларининг ихчамлиги бюллетенни чоп этиш харажатларини камида 3 млрд сўмгача иқтисод қилиш имконини бермоқда.
Бундан ташқари, ҳар бир сайлов тури учун бюллетенларнинг ранги ҳам турлича, яъни, Қонунчилик палатасининг бир мандатли сайлов округи бўйича сайлов бюллетени оч кўк рангда, ягона сайлов округи бўйича сайлов бюллетени оч яшил рангда, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгаши сайлови бўйича сайлов бюллетени оч сариқ рангда, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгаши сайлови бўйича сайлов бюллетени оч кулранг рангда қилиб белгиланди. Худди шу тартибда овозларни санаб чиқиш натижаларини аниқлаш тўғрисидаги баённомалар ҳам сайлов бюллетенлари рангига мутаносиб равишда чоп этилиши қайд этилди.
Ушбу ҳолатда сайлов участкасида овоз бериш натижаларини ҳисоблаш алгоритмлари хронометраж қилинганда участка сайлов комиссиясининг иш ҳажми ва натижаларни аниқлаш учун сарфланадиган вақт сарфи қисқаргани кузатилди.
Жумладан, аввалги сайловларда овоз бериш натижаларини ҳисоблаш учун участка сайлов комиссиялари ўртача 4 соат вақт сарфлашган бўлса, янги шаклдаги сайлов бюллетенлари жорий этилиши ушбу вақтни камида 1 соатгача қисқартириш, бутун республика бўйича эса, комиссияларнинг камида 11 минг соатгача вақтини тежаш имконини беради.
Натижада, аввалги сайловлардаги участка сайлов комиссияларининг ўртача 11 нафар аъзолари сонини жорий йилда ўртача 10 нафаргача, яъни республика бўйича 2,1 минг нафаргача камайтиришга ҳамда улар учун сарфланадиган 2 млрд сўмлик компенсация тўловлари бўйича харажатларни ҳам иқтисод қилинишига эришилмоқда.
Шу билан бирга, сайлов бюллетенларининг ихчам ҳажми ва турли рангларда чоп этилиши сайловчилар учун ҳам қулайлик яратиб, бюллетенларни бир-биридан ажратиб олиш ва уларни тўлдириш жараёнларини янада осонлаштиради.
Қарор билан белгиланганидек, бир мандатли сайлов округлари бўйича Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми сайлов бюллетенига, сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш натижалари ҳамда сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлаш тўғрисидаги баённомаларга лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси тартибида киритилади.
Шунингдек, ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида иштирок этаётган сиёсий партияларнинг номи, рамзий белгиси сайлов бюллетенига, сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш натижалари ҳамда ҳудуд бўйича сайлов натижаларини аниқлаш тўғрисидаги баённомаларга уларнинг сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбатига мувофиқ кетма-кетликда киритилиши белгилаб берилди, жумладан:
биринчи, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси;
иккинчи, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси;
учинчи, Ўзбекистон Экологик партияси;
тўртинчи, Ўзбекистон Халқ демократик партияси;
бешинчи, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси.
Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан маҳаллий Кенгашлар сайловига доир сайлов бюллетенларининг шакли ва матни намунаси ҳам тасдиқланди.
Сайлов бюллетенлари Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан тақдим этилган маълумотга мувофиқ сайлов округи (ҳудуд) бўйича сайловчилар сонини инобатга олган ҳолда чоп этилади.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати