Шу кунларда бутун мусулмон оламида бўлгани каби мустақил мамлакатимизда ҳам муборак Қурбон ҳайити кенг нишонланмоқда. Барча юртдошларимизни ана шу муқаддас айём билан самимий табриклаймиз.
Юртимизда миллий ва диний қадриятларимизни ривожлантириш, виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида улуғвор ишлар амалга оширилмоқда. Аввало, ана шундай буюк ўзгаришлар учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз.
Ушбу саодатли кунларда кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилаётгани, эл-юртимизнинг тинчлиги, бахти ва келажаги учун дуойи фотиҳалар қилинаётгани бу ойнинг файзу тароватини янада оширади.
Халқимизнинг қадимий ва бетакрор байрамларидан бири бўлган муборак Қурбон ҳайитининг замирида инсон қадрига улкан эҳтиром, эзгулик, шукроналик ва меҳр-оқибат сингари анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этишдек эзгу амаллар мужассам. Муқаддас китобларимизда дарж этилганидек, бу фоний дунёда инсондан қоладиган энг савобли амал – яхшиликдир.
Қурбон ҳайитининг файзу баракоти қалбларимизни ва хонадонларимизни янада мунаввар қилиб, барчамизни эзгу амалларга ундайверсин!
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси