Россия Федерацияси Президенти сайловини кузатиш бўйича ташриф дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси МСК раиси З. Низамходжаев бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 15-16 март кунлари Россия Федерацияси МСК томонидан ташкил этилган “Сайлов суверенитети ва халқаро стандартлар” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди.
Конференция қуйидаги икки сессия: “Миллий сайлов жараёнларидаги замонавий босимлар ва халқаро стандартлар” ва “Сайлов жараёнини рақамлаштириш: мақбул чегаралар” мавзусида бўлиб ўтди.
Иккинчи сессия доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаев “Ўзбекистонда сайлов жараёнида рақамли технологиялар” мавзусида маъруза қилди.
Очилиш ва қутлов нутқи билан тематик сессияни Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси раиси Э. Памфилова ва Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Н. Булаевлар очиб берди.
Конференция иштирокчилари – Россия ва 100 дан ортиқ давлатлардан халқаро кузатувчилар - сайлов органлари вакиллари ва мутахассис-экспертлари сайлов жараёнини рақамли ўзгартириш соҳасидаги рақамли серверлар, сайловчилар имзоларини электрон шаклда тўплаш ва улардан фойдаланиш, имзо варақларини текшириш учун нейротармоқлар технологияси, масофавий электрон овоз бериш, сайлов участкаларидаги овоз бериш биноларидан видеокузатув технологияси ва участка сайлов комиссияларининг овоз бериш натижалари тўғрисидаги баённомаларини QR-кодлаш, сайловолди ташвиқотини рақамлаштириш каби муҳим масалаларни муҳокама қилдилар.
Хусусан, Россия томони масофавий электрон овоз бериш (МЭОБ)дан фойдаланиш амалиётида тўпланган тажриба билан ўртоқлашди. Тақдимот қилганлар таъкидлаганидек, МЕЭБ тартиб-қоидаларига бўлган талаб нафақат сайловчи учун қулайлик, балки шахсий хавфсизлик ва сайлов ўтказишнинг технологик жараёнини ташкил этиш соҳасидаги кўплаб долзарб муаммоларни ҳал этиш имкониятини яратиб беради.
Шу билан бирга, бугунги кунда Россия Федерациясида рақамли трансформация нафақат овоз бериш, балки сайлов жараёнларини амалга ошириш ва керакли маълумотларни олиш имконини берувчи қуйидаги рақамли хизматларни таклиф қилади: яшаш жойида овоз бериш учун сайловчилар рўйхатига киритиш, сайлов участкаси маълумотлари, мазкур сайловлар, номзодлар, сайловчилар рўйхатида сайловчи мавжудлигини текшириш ва ҳоказолар. Бундай хизматлар бугунги кунда фуқароларга ўз сайлов ҳуқуқларини қулай ва шахсий ресурслардан кам сарф қилиш эвазига амалга ошириш имконини тақдим қилади.
Сайловчилар имзосини электрон шаклда тўплаш имконияти ҳам рақамлаштириш борасидаги жиддий қадам сифатида қайд этилди. “Госуслуги” портали орқали электрон имзо тўплаш тартиби дастлаб бир қатор ҳудудларда синовдан ўтказилган ва ундан фойдаланиш амалиёти ижобий баҳоланган.
Ўзбекистон МСК раиси ўз нутқида мамлакатимизда сайлов жараёнларида рақамли технологиялардан фойдаланиш ҳақида батафсил ахборот бериб ўтди.
У дунёнинг кўплаб мамлакатлари сингари Ўзбекистонда ҳам ижтимоий ҳаётнинг турли соҳа ва жабҳаларида рақамли трансформация илгари сурилаётганини алоҳида таъкидлади. Мамлакатда давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш бўйича бир қанча ташаббус ва лойиҳалар амалга оширилган.
Ўзбекистонда рақамлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг муҳим жиҳатларидан бири бу электрон ҳукумат тизимини жорий этилишидир. Унинг асосий мақсади фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай ва тезкор онлайн хизматларни таклиф этиш, шунингдек, барча давлат органлари фаолиятини рақамлаштиришдан иборатдир.
З. Низамходжаев “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш ва давлат бошқарувига рақамли технологияларни жорий этиш ҳам сайлов жараёнларини рақамлаштиришга бевосита хизмат қилганини алоҳида таъкидлади.
У сайлов жараёнининг барча босқичлари билан бевосита боғлиқ бўлган турли модулларни ўзида мужассамлаштирган Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш масалаларига тўхталар экан, шу билан бирга сайлов жараёнларининг шаффофлиги ва ҳалоллигини таъминлашга қаратилган яна бир рақамли воситалардан бири – Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати тўғрисида ҳам батафсил ахборот берди. МСК раиси сайловчилар учун онлайн хизматлар жорий этилгани, бу орқали фуқаролар сайловчилар рўйхатида мавжудлигини текшириши, сайлов участкасини аниқлаши ёки уни ўзгартириши, хориждаги дипломатик ваколатхоналарда ташкил этилган сайлов участкаларида онлайн рўйхатдан ўтиши мумкинлиги тўғрисида гапириб ўтди.
Марказий сайлов комиссияси