Сайт тест режимида ишламоқда

ОАВ вакиллари учун янги сайлов қонунчилиги ҳамда “E-Saylov” ахборот тизимини тушунтиришга қаратилган семинар-тренинг ташкил этилди

13.09.2024

42

msk_yangiliklari_in

Жорий йилнинг 13 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси ташаббуси билан “Янгиланган сайлов қонунчилигига кўра сайловларни ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳамда ОАВ вакилларининг иштироки масалалари” мавзусида семинар-тренинглар ташкил этилди. Унда республикамизда фаолият олиб борувчи оммавий ахборот воситаларининг 100га яқин вакиллари иштирок этди.

 

Ўқув-амалий машғулотлардан кўзланган мақсад сайлов жараёнларини ёритишда иштирок этувчи ОАВ вакилларига янгиланган сайлов қонунчилигининг муҳим жиҳатларини тушунтириш, шунингдек, сайлов жараёнларини рақамлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган “E-Saylov” ахборот тизимидан фойдаланиш тартиб-тамойиллари билан таништиришдан иборат бўлди.

 

           

 

Машғулотлар давомида янгиланган сайлов қонунчилигига кўра, сайловларни ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатлари симуляцион сайлов участкасида амалий кўникмалар мисолида тушунтириб ўтилди. Шунингдек, номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби, ОАВ вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир ахборотлар берилди.

 

 

Кунинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда илк бор сайловлар соҳасида янги жорий этилган “E-Saylov” ахборот тизимининг имкониятлари ва ундан фойдаланишга доир маълумотлар ва муҳим тавсиялар бериб ўтилди.

 

Таъкидланганидек, “E-Saylov” ахборот тизими сайлов жараёни иштирокчилари ўртасидаги муносабатларни тўлиқ рақамлаштириш, сайлов тартиботларидаги бюрократия, ортиқча вақт сарфи ва ҳужжатлар ҳаракати қисқартириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, сайловларга оид маълумотларнинг янада очиқлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

 

 

                 

 

“E-Saylov” ахборот тизими орқали сайлов жараёнларига оид деярли 60 турдаги муносабатлар тўлиқ рақамлаштирилди. Ушбу жараёнлардан бири бу – ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш ҳисобланади.

 

Таъкидлаш керакки, сайловларда ОАВ вакилларини аккредитация қилиш масаласи илк бор электрон шаклда амалга оширилади. Шу муносабат билан “E-Saylov” ахборот тизимидаги аккредитацияга оид имкониятлари ОАВ вакилларига батафсил онлайн тарзда тушунтириб берилди.

 

“E-Saylov” ахборот тизими орқали жорий этилган аккредитация қилиш тартиби сайловларнинг янада очиқлигини ва унда ОАВ иштирокини қўллаб-қувватлаш мақсадида сезиларли даражада соддалаштирилди. Хусусан, аккредитация учун ариза беришда қуйидаги 3 турдаги ҳужжатларни тақдим этиш талаб этилмаслиги семинарда қайд этилди:

 

– ходимнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

 

– ОАВнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;

 

– ходимнинг электрон фотосурати.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан ОАВ вакилини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг, ОАВнинг ҳар бир вакилларининг мандатлари тизим орқали электрон тарзда шакллантирилади.

 

Шу билан бирга, семинарда “E-Saylov” ахборот тизимининг яна бир муҳим жиҳати – ОАВ вакилларига сайлов кампанияси даврида сайловга оид зарур ахборотлар ҳақида SMS-хабарномалар юбориб турилиши маълум қилинди.

 

Мунозара тарзида бўлиб ўтган семинар-тренингларда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга Марказий сайлов комиссияси экспертларидан батафсил маълумотлар олишди.

 

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур