Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси делегацияси Жанубий Кореядаги умумий сайловларни кузатиш бўйича халқаро дастурда иштирок этмоқда

09.04.2024

2176

msk_yangiliklari_in

Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Жанубий Кореяда бўлиб ўтадиган, мамлакат Халқ ассамблеяси (парламенти)нинг 22-таркибини белгилайдиган умумий сайловларни кузатиш бўйича халқаро дастурда иштирок этмоқда.

 

Кореядаги парламент сайловларини кузатишда 27 та давлатдан 58 нафар сайлов органлари, шунингдек, сайлов масалалари билан шуғулланувчи халқаро ташкилот вакиллари иштирок этмоқда.

 

Жорий йилнинг 5 апрель куни Халқаро кузатув дастурининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, унда иштирокчилар Жанубий Кореянинг амалдаги сайлов тизими, унинг шаклланиш ва ривожланиш босқичлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

 

Халқаро кузатув дастури доирасида Ўзбекистон делегацияси 5-6 апрель кунлари Сеул шаҳридаги сайлов участкаларида бўлиб ўтган муддатидан олдин овоз бериш жараёнларини кузатишда иштирок этди. Миллий сайлов комиссияси (МСК)нинг маълумотларига кўра, жума ва шанба кунлари бўлиб ўтган муддатидан олдин овоз бериш жараёнларида сайлов ҳуқуқига эга бўлган 44,2 млн. сайловчиларнинг 31,2% ёки 13,8 млн. нафари овоз беришда иштирок этган. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Жанубий Кореяда илгари ҳеч қандай муддатидан олдин овоз беришда иштирок этиш кўрсаткичлари ўттиз фоиз чегарасига етмаган.

 

     

 

8 апрель куни Ўзбекистон делегацияси аъзолари 2024 йилги сайловлар бўйича Сеул халқаро форумида иштирок этди.

 

Корея МСК ҳар йили баҳорда мазкур халқаро форумга мезбонлик қилиб келади. Комиссия бу соҳадаги мутахассисларни сайловларни бошқариш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш, фикр алмашиш ва бутун дунё бўйлаб сайловларни қандай қилиб шаффоф, адолатли ва яхшироқ ўтказишни муҳокама қилиш учун таклиф қилади. Форум сиёсий қутбланиш ва замонавий сайлов жараёнларида сунъий интеллектнинг ўрни масалаларига бағишланган сессиялар доирасида ташкил этилди.

 

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси ва Корея Миллий сайлов комиссияси раиси ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. З. Низамходжаев Корея МСКга сайловларни кузатиш бўйича халқаро дастурда иштирок этиш таклифи ва информатив суҳбат учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, у йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистон сайлов қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.

 

Ҳамкасблар 2016 йил 6 февралда имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум доирасида сайлов кампанияларни ташкил этиш ва ўтказиш тажрибасини ўрганиш бўйича икки мамлакат марказий сайлов органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.

 

Корея Миллий сайлов комиссияси раҳбари  Тэ-ак Ро Ўзбекистон делегациясига парламент сайловини халқаро кузатув дастурида бевосита иштирок этаётгани учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси билан алоҳида ҳамкорлик алоқалар мавжудлигидан мамнунлигини таъкидлади. У Комиссиялар ўртасида ўзаро муносабатлар ва ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ривожлантириш истагида эканлигини билдириб ўтди.

 

 

Халқаро кузатув дастури доирасидаги тадбирлар 12 апрелга қадар давом этади.

 

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур