Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарлари Маслаҳат кенгашининг йиғилишида иштирок этди

02.10.2025

230

msk_yangiliklari_in

2025 йил 30 сентябрь куни Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси раислигида МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари раҳбарлари Маслаҳат кенгашининг олтинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

 

Акмолa вилояти Бурабай шаҳрида бўлиб ўтган мажлисда Маслаҳат кенгаши аъзолари – Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Ўзбекистон ва Тожикистон марказий сайлов органлари раҳбарлари иштирок этдилар.

Шунингдек, мажлисда маслаҳат овози ҳуқуқи билан МДҲ Ижроия қўмитаси ва МДҲ ПА Котибияти вакиллари қатнашдилар.

 

Маслаҳат кенгаши иштирокчиларига видео мурожаат орқали МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Бош котиби Д. Кобицкий сўз билан чиқди.

 

Электорал муҳокама доирасида Маслаҳат кенгаши аъзолари 2026 йилда Арманистон Республикасида бўлиб ўтадиган парламент сайловлари муносабати билан сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, Қозоғистон Республикасида маҳаллий сайловлар ва сиёсий тизимни янада такомиллаштириш, Қирғиз Республикасида 2025 йилда ўтказилган сайлов жараёнлари, Россия Федерациясида 2025 йил 14 сентябрда ўтказилган умумий овоз бериш кунининг якунлари, Тожикистон Республикасида маҳаллий халқ депутатлари мажлислари таркибидан чиқиб кетган депутатлар ўрнига ўтказилган сайловлар ҳақидаги маърузаларни тингладилар.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси мамлакатда 2024 йилда парламент ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўтказилган сайловлардан кейинги даврда МСК фаолиятининг айрим жиҳатлари бўйича маълумот берди.

З. Низамходжаев таъкидлаганидек, сайловдан кейинги даврда сайлов органлари олдидаги устувор вазифалардан бири – халқаро кузатувчилар тақдим этган ҳисоботлар, тавсиялар ва таклифларни чуқур таҳлил қилишдир. Ушбу таҳлил сайлов жараёнининг халқаро стандартларга мувофиқлигини баҳолаш, шунингдек оптималлаштириш ва такомиллаштириш мумкин бўлган соҳаларни аниқлашга қаратилган.

 

Ҳар бир ўтган сайловларни кузатган халқаро миссияларнинг якуний ҳужжати бўйича амалдаги қонунчиликни тушунтирган ҳолда шарҳлар тайёрланади. Шу билан бирга халқаро амалиёт, жумладан, халқаро сайлов стандартлари, ҳуқуқий база ва хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлил қилинади.

Натижада уларни амалга ошириш бўйича кўрилиши мумкин ёки қабул қилинган чора-тадбирлар, сайловларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш йўналишлари акс этган Йўл харитаси ишлаб чиқилди.

 

Мажлисда Маслаҳат кенгаши ҳузуридаги сайлов соҳасида ёшлар сиёсати бўйича ишчи гуруҳи, МДҲ ПА ДРМХИ ва унинг филиалларининг МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси иштирокчи давлатларида ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ва сайлов фаоллигини ошириш борасида ўзаро ҳамкорлиги, Маслаҳат кенгаши аъзоларининг Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (A-WEB) фаолиятида иштирок этиши ҳамда бошқа ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Жорий йилнинг 1 октябрь куни “Сайлов жараёни иштирокчиларининг электорал маданиятини шакллантириш” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди.

 

Унда иштирокчилар тажриба алмашиб, сайловчилар, номзодлар, сайлов комиссиялари аъзолари ва бошқа иштирокчиларнинг хабардорлиги ҳамда ҳуқуқий маданиятини ошириш билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.

 

Давра суҳбатида Ўзбекистон МСК аъзоси Г. Рахимова ўз маърузасида 2024 йилда Ўзбекистонда парламент ва маҳаллий сайловларга тайёргарлик ва уларни ўтказиш жараёнида Ахборот стратегиясини амалга оширишнинг асосий жиҳатлари ҳақида маълумот берди. Сайлов жараёни ҳақида барча иштирокчилар учун маълумотларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, иштирокчиларнинг қоидалар ва тартиб-таомиллар ҳақида хабардорлигини ошириш мақсад қилиб қўйилгани таъкидланди.

Маслаҳат кенгаши тадбирлари доирасида онлайн форматда МДҲга аъзо давлатларнинг сайлов органлари раҳбарлари Маслаҳат кенгаши ҳузуридаги сайлов соҳасида ёшлар сиёсати бўйича ишчи гуруҳнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.

Шунингдек, тадбир ташкилотчилари томонидан МДҲга аъзо давлатларнинг сайлов органлари томонидан тайёрланган ҳуқуқий маърифат, сайловда иштирок этиш маданиятини шакллантириш соҳасидаги тажрибаларни акс эттирувчи услубий материаллар кўргазмаси ташкил этилди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси бўлими 2024 йилги сайловларга тайёргарлик кўриш борасида ишлаб чиқилган қатор ўқув-услубий ва ахборот материаллари билан тақдим этилди.

МДҲга аъзо давлатлар сайлов органлари вакилларида интерактив экранларда намойиш этилган Ўзбекистон сайлов тизими ривожланиш тарихига бағишланган «Сайловлар: кеча ва бугун» номли видеофильм катта қизиқиш уйғотди.

 

Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон МСК раисларининг учрашуви ҳамда қатор бошқа икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур