Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси делегациясининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган учрашувлари ва тақдимотлари

08.12.2023

3469

msk_yangiliklari_in

Аввал хабар қилинганидек, жорий йилнинг 7-8 декабрь кунлари Остона шаҳрида Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 30 йиллигига бағишланган тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

 

8 декабрь куни Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлигида рақамли ҳукумат масалалари, жумладан, сайловларда қўлланиладиган дастурлар, сайлов жараёнларини автоматлаштириш ва рақамлаштиришга қаратилган тақдимот бўлиб ўтди.

 

 

Тадбирнинг иккинчи қисмида Қозоғистон МСК, Фалсафа, сиёсатшунослик ва диншунослик миллий институти, М. Нарикбаев номидаги ҚОЗДЮУнинг Илмий экспертиза ва таҳлил институти, Остона халқаро университетининг Жиноят ҳуқуқи ва жиноят процессуал ҳуқуқи муаммоларини ўрганиш институтлари томонидан ҳозирги даврда сайлов тизимининг ривожланиши масалалари бўйича монография, “Қозоғистон Республикасида сайловлар тўғрисида”ги Қозоғистон Республикаси Конституциявий қонунига шарҳ, сайлов ва референдумлар бўйича маълумотлар тўплами (2012–2013 йй.) ҳамда онлайн глоссарийларга бағишланган тақдимотлар намойиш қилинди.

 

 

Тантанали тадбирлар давомида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси делегацияси Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси раиси Н. Абдиров билан учрашув ўтказди.

 

 

Н. Абдиров Ўзбекистон делегациясига юбилей тадбирда иштирок этгани учун миннатдорлик билдириб, икки давлат сайлов органлари ўртасида ўрнатилган дўстона муносабатлар Марказий сайлов комиссиялари ўртасида ўзаро Англашув меморандуми имзоланиши билан тасдиқланганини алоҳида таъкидлади. У сайлов соҳасидаги ҳамкорликни янада самарали ривожлантириш ва тажриба алмашишга умид билдирди.

 

Шу билан Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси делегациясининг Остонага ташрифи якунланди.

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур