Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси делегацияси индонезиядаги сайловлар кузатувида иштирок этди

29.11.2024

1064

msk_yangiliklari_in

2024 йил 27 ноябрь куни Индонезия Республикасида ҳудудий ҳокимият органларининг сайловлари бўлиб ўтди. Мазкур сайловлар мамлакат тарихидаги энг йирик сиёсий жараён бўлиб, илк бор деярли бутун мамлакат ҳудудини тўлиқ қамраб олди. Маҳаллий сайловларда 37 та провинция, 415 та туман ва 93 та шаҳарда сайловчилар губернаторлар, шаҳар ҳокимлари ва туман раҳбарларини сайладилар.

 

 

   

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси делегацияси, жумладан, МСК Котибияти раҳбари А.Рўзиев ҳамда Котибият бўлим бошлиғи А.Адхамовлар сайлов жараёнининг халқаро кузатувида бевосита иштирок этишди.

 

 

27 ноябрь – овоз бериш куни ўзбекистонлик кузатувчилар Сурабая шаҳрида жойлашган бир қатор сайлов участкаларида бўлиб, овоз бериш ҳамда овозларни санаб чиқиш жараёни билан бевосита танишдилар. Кузатув жараёнида сайлов органлари масъуллари ва овоз беришга келган фуқаролар билан сайлов жараёнлари, номзодлар, сиёсий партиялар ва сайловнинг ташкилий жиҳатларига боғлиқ масалалар ҳақида суҳбатлашиб, уларнинг фикрларини ўргандилар. Ўз навбатида, сайловда сайловчилар фаол иштирок этгани таъкидлаш лозим.

 

Шарқий Явадаги сайловларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, губернатор ва вице-губернаторлик лавозимлари учун ҳар бир номзод жуфтлигидан камида биттаси аёллардан иборат бўлиши лозим.

 

 

Овоз бериш жараёнлари тинч ва шаффоф муҳитда ўтди. Сайлов участкалари зарурий техника воситалари билан тўлиқ жиҳозланган бўлиб, овоз бериш жараёнлари имконияти чекланган шахслар учун ҳам қулайлик яратишга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олган.

 

МСК делегацияси сайлов жараёнида Индонезиянинг Марказий сайлов комиссияси томонидан ишлаб чиқилган овозларни ҳисоблашнинг янги дастури – “SIREKAP”нинг ишлаш жараёни билан танишиб чиқди. Ушбу тизим орқали сайлов участкаларидаги баённомалар махсус иловадан фойдаланиб юкланади ва маълумотларни тезкор қайта ишлаш имконияти яратилади. Сайловнинг дастлабки натижалари 28 ноябрь куни йиғилади, расмий якуний натижалар эса 16 декабрда эълон қилиниши кутилмоқда.

 

 

Сайловларда хорижий мамлакатлар сайлов органлари делегациялари, элчихона вакиллари, халқаро ташкилотлар, шунингдек маҳаллий ННТ ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. Ташриф давомида Ўзбекистон МСК делегацияси бошқа мамлакатлардан ташриф буюрган сайлов соҳасидаги эксперт ва мутахассислар билан тажриба алмашди ҳамда мазкур кузатувлар сайлов соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур