21.03.2023

2002

msk_yangiliklari_in

Азиз ватандошлар!
Муҳтарам ҳамкасблар!

Гўзал Ватанимизга уйғониш, янгиланиш, меҳр-оқибат ва хайру саховат айёми – Наврўзи олам нафаси кириб келди. Халқимиз ушбу қутлуғ шодиёнани бу йил ҳам кўтаринки кайфият ва эзгу орзулар билан кутиб олмоқда. Шукрки, она-юртимиз тинч, мамлакатимиз обод. Ана шундай озод юртнинг обод манзилларида халқимиз энг қадимий айём – Наврўзи оламни зўр қувонч ва катта тантаналар билан нишонламоқда.

Буюк муҳаддис, ҳазрати ал-Ҳаким ат-Термизий бобомиз ўзининг кўп йиллик илмий ва ҳаётий кузатишлари асосида яратган «Наврўзнома» рисоласида Наврўз ҳафтанинг сешанба куни кирса, «Ўша йили фараҳли, яъни қувончу шодлик бисёр бўлғай ва таомлар тобора мўл бўлиб, маъмурчилик кенг қулоч ёзғай», деб башорат қилган эканлар. Зеро, тинчлик-осойишталик, бағрикенглик, аҳиллик мустаҳкам қарор топган юртда қут-барака мўл бўлади. Ҳаётий муаммолар аста-секин барҳам топиб, ютуқ ва зафарлар кўпаяверади.

Барчангизни янгиланиш, яшариш ва юксалиш байрами - Наврўз айёми билан муборакбод этамиз. Сизларга, энг аввало, тинчлик-хотиржамлик, мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва узоқ умр тилаймиз. Ҳаётингиздан, хонадонингиздан ҳеч қачон файзу барака аримасин. Гўзал Ватанимизнинг равнақи йўлидаги хайрли ишларингизда ҳамиша муваффақиятлар ёр бўлсин!

Наврўз айёмингиз муборак бўлсин!

Марказий сайлов комиссияси жамоаси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур