МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ НАВБАТДАГИ МАЖЛИСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ

14.04.2023

3088

msk_yangiliklari_in

Бугун, 14 апрель куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис кун тартибидан Ўзбекистон Республикасининг референдуми даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг овоз бериш ҳуқуқларини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш, Ўзбекистон Республикасининг референдумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан айрим округ комиссиялари раисларининг ахборотлари тўғрисидаги масалалар ўрин олди. 
 
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси референдуми даврида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар муҳокама қилинди, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия бўлинмаларининг бу йўналишдаги қатор вазифалари белгилаб берилди.
 
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси референдумида ногиронлиги бўлган шахсларнинг овоз бериш ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирлар юзасидан қарор қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси референдумида овоз бериш бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланадиган трафарет намунаси ва тавсифи тасдиқланди ва кўзи ожиз ва заиф кўрувчи овоз берувчи фуқаролар референдум бюллетенида ўз хоҳиш иродасини мустақил ифода эта олишлари учун ҳар бир референдум участкаси трафарет билан таъминланиши белгиланди.
 
Ногиронлиги бўлган овоз берувчи фуқароларга қулай бўлиши учун овоз бериш жараёнларини бинонинг биринчи қаватида ўтказишга алоҳида эътибор қаратилиши, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини тайёрлаш ва тарқатиш орқали референдум ташвиқотини олиб боришда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг алоҳида эҳтиёжларини инобатга олиш таъкидлаб ўтилди. Имконияти чекланган овоз берувчи фуқаролар референдум участкаларида референдумга оид маълумотлар, плакатлар билан танишиши ҳамда ўзлари лозим деб топган вариант учун эркин, тўсиқларсиз ва яширин овоз бериши учун шароит яратилиши қайд этилди.
 
Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш юзасидан қабул қилинган қарорга мувофиқ 144 нафар маҳаллий ҳамда 11 нафар хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитация қилинди. Умумий ҳисобда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг сони 651 нафарни ташкил этмоқда.
 

Кун тартибига мувофиқ, мажлисда давомида референдум ўтказувчи 2-Андижон, 11-Фарғона округ комиссиялари раисларининг референдумга тайёргарлик кўриш ва уни юқори ташкилий даражада ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлари хусусида ахборотлари тингланди.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур