Марказий сайлов комиссиясининг муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунларига бағишланган мажлиси тўғрисида ахборот

11.07.2023

4641

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мазкур мажлисида 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

 

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 15,6 миллиондан зиёди ёки 79,88 фоиз ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, ўзи муносиб деб билган номзодга овоз берди.

Мажлисда 2023 йил 9 июль куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари бўйича баённома тузилди ҳамда сайлов натижаларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

Жумладан, сайловда овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 87,05 фоиз овози билан Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланганлиги тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Робахон Анваровна Маҳмудовага сайловчиларнинг 4,43 фоизи, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Илёсович Иноятовга 4,02 фоизи ва Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Абдушукур Худойқулович Ҳамзаевга 3,74 фоизи ёқлаб овоз берилганлиги баённомада акс эттирилди.

 

Бундан ташқари, мажлисда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди. 

 

 

Марказий сайлов комиссиясининг

Матбуот хизмати

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур