Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 26 август куни бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини тузишга оид масала кўриб чиқилди.
Сайлов кодексига мувофиқ, партия рўйхати асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ягона сайлов округи бўйича сайловини ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари тузилади.
Шунга кўра, мажлисда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан “E-saylov” ахборот тизими орқали юборилган тақдимномага асосан Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш бўйича қарори қабул қилинди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 39 та чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 56 та сайлов участкалари тузилиши белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузуридаги сайлов участкалари Тошкент шаҳри ҳудудига бириктирилди.
Марказий сайлов комиссияси
Матбуот хизмати