Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси делегацияси Мўғулистонда парламент сайловларини халқаро кузатувида иштирок этмоқда

27.06.2024

1828

msk_yangiliklari_in

Мўғулистон Бош сайлов комиссиясининг таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси З. Низамходжаев бошчилигидаги делегация Мўғулистон Буюк Давлат Хурали (парламент)га сайловларнинг халқаро кузатувида иштирок этиш учун Улан-Батор шаҳрига ташриф буюрди.

 

Ўзбекистон делегациясининг ташрифи дастури доирасида бугун,27 июнь куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Раиси З. Низамходжаев ва Мўғулистон Бош сайлов комиссияси раиси П. Дельгернаран ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

 

Учрашувда П. Дельгернаран Мўғулистон сайлов тизими ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди, шунингдек, 2024 йил 28 июнь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловларига тайёргарликнинг бориши тўғрисида гапириб берди.

 

Унинг таъкидлашича, 2023 йилда қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга кўра, парламентдаги депутатлик ўринлари сони 76 тадан 126 тага оширилган. Сайлов округлари эса кенгайтирилган.


 

 

Бундан ташқари, мазкур сайловлар аввалгиларидан фарқли равишда аралаш сайлов тизими бўйича ўтказилади: 78 нафар депутат мажоритар тизим бўйича 13 та кўп мандатли округлардан, 48 нафари пропорционал тизим (партиявий рўйхат) бўйича сайланади.

 

Мўғулистон фуқаролари 18 ёшдан сайлаш, 25 ёшдан эса сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга. Сайловда сайловчиларнинг 50 фоизи иштирок этган тақдирдагина сайлов ҳақиқий ва ўтган деб топилади. 2 238 360 нафар сайловчи сайловчилар рўйхатига киритилган. Сайлов кампаниясида 1 336 нафар номзод билан 19 та сиёсий партия ва 2 та сиёсий коалиция, шунингдек 42 та мустақил номзод иштирок этмоқда.

 

Шу билан бирга 34 та хорижий давлатда 20-24 июнь кунлари бўлиб ўтган муддатидан олдин овоз бериш жараёнларида жами 13 095 нафар Мўғулистон фуқаролари сайловчилар рўйхатига олингани қайд этилди.

 

Мўғулистондаги сайловлар тўрт босқичли сайлов маъмурияти томонидан ташкил этилади, Бош сайлов комиссияси сайлов жараёнини назорат қилиш учун масъул бўлган доимий орган вазифасини бажаради. Мазкур сайловлар учун БСК 22 та ҳудудий сайлов комиссиялари, 339 та туман сайлов комиссиялари ва 2198 та участка сайлов комиссияларини ташкил қилди.

 

Сайлов участкалари бюллетенларни комплекс сканерлаш, ҳисоблаш ва сақлаш учун электрон қурилмалар билан жиҳозланган. Қонунда овозларни машина усулида ҳисоблашдан сўнг бюллетенларни қўлда ҳисоблаш амалга оширилиши кўзда тутилган. Машина усулида ҳисоблаш натижалари расмий ҳисобланади.

 

Ўз навбатида, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Раиси З. Низамходжаев сайлов мониторингида иштирок этиш таклифи ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, овоз бериш муваффақиятли ўтишига ишонч билдирди.

 

З. Низамходжаев Ўзбекистонда демократия ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган миллий сайлов тизими ислоҳотларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида гапириб ўтди.

 

Сайлов соҳасида тажриба алмашиш муҳимлигига тўхталиб ўтиб, З. Низамходжаев Мўғулистон сайлов жараёнларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилаётганини алоҳида таъкидлади ва Давлат автоматлаштирилган овоз бериш тизимидан фойдаланиш тажрибасини ўрганишга қизиқиш билдирди.

 

 

 

Учрашувда икки мамлакат сайлов органларининг амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан ўзаро манфаатдорлиги таъкидланди.

 

Учрашув якунлари бўйича З.Низамходжаев Мўғулистон ОАВларига интервью берди.

Учрашувда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси аъзоси Г.Рахимова ҳам иштирок этди.

 

Марказий сайлов комиссияси

 

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур