Ўзбекистон МСК делегацияси Молдова Республикасига маҳаллий сайловларни кузатиш учун келди

05.11.2023

3532

msk_yangiliklari_in

Молдова Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси А.Караманнинг таклифига биноан З.Низамходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси делегацияси жорий йилнинг 5 ноябрь, якшанба куни бўлиб ўтадиган умумий маҳаллий сайловларнинг боришини кузатиш мақсадида 2023 йилнинг 4 ноябрь куни Молдова Республикасига ташриф буюрди.

 

Шу куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низамходжаев ва Молдова Марказий сайлов комиссияси раиси А.Караман ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда икки мамлакат сайлов органлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон делегацияси сайлов жараёнидаги замонавий технологиялар ва инновациялардан фойдаланган ҳолда сайловни ўтказишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асослари билан танишди.

 

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси қабул учун миннатдорлик билдириб, икки мамлакат сайлов органлари ўртасида тажриба алмашиш учун бундай ташрифлар муҳимлигини таъкидлади. З.Низамходжаев, шунингдек, икки мамлакат сайлов органлари ўртасидаги ҳамкорлик янада ривожланишига умид билдирди.

Ўз навбатида, А.Караман Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси делегациясига сайловни ўтказишга кўрсатган қизиқиши ва қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдириб, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ташкил этишнинг бориши, сайлов жараёнининг шаффофлиги, адолатлилиги ва хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида маълумот берди.

 

Учрашув якунлари бўйича томонлар сайловни кузатиш бўйича ўзаро ташрифлар сайлов соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашига умид билдирди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур