Муҳтарама онахонлар!
Қадрли опа-сингиллар!
Сизларни гўзал ва бетакрор Ватанимизга баҳор нафаси кириб келган ушбу фараҳли кунларда эзгулик, гўзаллик ва оилавий қадриятлар байрами 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни билан чин дилдан, самимий муборакбод этишдан ғоят мамнунмиз!
Бу байрам бувиларимизга, оналаримизга, опа-сингилларимизга, қизларимизга меҳр-мурувватимизни янада оширадиган, уларнинг шаънига энг самимий ва эзгу тилакларимизни, чуқур ҳурмат-эҳтиромимизни изҳор этадиган қувончли айёмдир.
Миллий давлатчилигимизнинг қадимий ва бой тарихида аёллар ҳеч қачон давлат ва жамиятнинг Янги Ўзбекистондаги каби юксак эъзоз-эътибори ва ғамхўрлигига сазовор бўлмаган. Мамлакатимиз миллий сайлов тизимини ривожлантиришга фаол ҳисса қўшаётган хотин-қизларимизнинг сафлари тобора кенгайиб бораётгани ана шундай доимий ғамхўрликнинг амалдаги юксак самараларидандир.
2024 йили 27 октябрь куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда бундай юксак эътибор яна бир бор намоён бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг 38 фоизини хотин-қизлар ташкил этгани фикримизнинг далилидир. Бу Ўзбекистон тарихида энг юқори кўрсаткичдир.
Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссиялари аъзоларининг 41 фоизини, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари аъзоларининг 43 фоизини, округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 48 фоизини аёллар ташкил этди. Участка сайлов комиссияларида иш юритган аёлларимизнинг сафи эса янада кенг - 53,6 фоиздир.
Ушбу рақамлар замирида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш аввало азиз ва мукаррама аёлларимизни улуғлашдан бошланади деган эзгу тамойил асосида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, гендер тенгликни қарор топтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли буюк ислоҳотларнинг улкан самаралари мужассамдир.
Муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар!
Барчангизга аввало, мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва узоқ умр тилаймиз. Ҳаётингиздан, хонадонингиздан ҳеч қачон файзу барака аримасин. Гўзал Ватанимизнинг равнақи йўлидаги хайрли ишларингизда ҳамиша юксак муваффақиятлар ёр бўлсин!
Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссияси жамоаси