19.06.2024

4174

msk_yangiliklari_in

Сиёсий партия муайян ижтимоий гуруҳлар манфаатларини ифодаловчи, уларнинг энг фаол вакилларини бирлаштирувчи сиёсий ташкилот.

 

«Партия» сўзи лотинча «part» сўзидан келиб чиққан бўлиб, «иш», «қисм» деган маъноларни англатади.

 

Сиёсий партия — фуқароларнинг энг фаол, муштарак мафкура асосида боғланган, давлат ҳокимиятини қўлга киритиш, уни сақлаб қолиш ва амалга оширишга интилувчи қисми, ихтиёрий иттифоқи.

 

Сиёсий партиялар қуйидаги асосий белгиларга эга:

 

Биринчи босқич – XV аср – XVIII аср охирларини ўз ичига олган, бу даврда сиёсий партияларга нисбатан душманлик кайфияти устуворлик қиларэди. “Сиёсий партия” деганда ўз етакчиларининг хусусий манфаатларини амалга ошириш фаолиятини мақсад қилиб олган нолегитим гуруҳлар тушунилган.

 

Иккинчи босқич - XVIII аср охири - XIX асрнинг бошларига хос бўлиб, бу даврда сиёсий партиялар давлат томонидан тан олина бошланди. Файласуфлар, сиёсатшунослар ва сиёсатчилар ўз фаолиятларида партияларнинг жамият ҳамда давлат ҳаётида яшаш ҳуқуқига эга эканлигини эътироф этди, уларнинг зарурийлигини тан олди, ўз фаолиятларида уларга таяна бошлади.

 

Учинчи босқич - XIX асрнинг охири - XX асрни ўз ичига олиб, бу давр учун сиёсий партияларнинг тўлиқ легатимлиги (жамият томонидан тан олиниши) характерлидир.

 

Партияларнинг энг муҳим мақсади, бу - манфаатларини ўзлари қондириши лозим бўлган ижтимоий қатламлар ваколатларини сиёсий тизимда ифода этишдир. Партиялар турли ижтимоий гуруҳлар, қатламларнинг манфаатлар ваколатларини жамиятнинг сиёсий тизимида ифода этиш йўли билан давлат билан жамият ўртасидаги боғловчилик ва воситачилик функцияларини бажаради, шу билан бир вақтда улар жамиятнинг яхлитлиги ва бир бутунлигини таъминлайди. Давлат тизимидаги турлича: баъзан мусбатлашиб, баъзан манфийлашиб турадиган манфаатларни манфаатлар гуруҳлари, жамоат ташкилотлари ва партияларсиз назорат қилиб бўлмайди. Сиёсий партиялар у ёки бу манфаатларни ифода этибгина қолмасдан, бу манфаатларни шакллантиришда ҳам бевосита фаол иштирок этади. Партиялар фуқаролик жамиятини давлат билануйғунлаштирибб, муросасизликларни йўқотиш ёки юмшатишни таъминлайди, қонун чиқарувчи ва ижроия ҳокимиятларининг барқарорлигини сақлашга ўз ҳиссасини қўшади. Кучли партиялар давлатни кучсизлантирмайди, балки улар давлатни жамиятнинг маҳаллий органлари билан мустаҳкам боғлаб, сиёсий жараёнларни назорат қилишга ёрдамлашади.

 

Сиёсий партиялар жамият билан сиёсий муносабатларни интеграция қилиб, уларнинг бўлинмас бир бутунлигини таъминлайди. Лекин сиёсий партияларнинг либерал демократик тизим билан авторитар ва тоталитар тизимлардаги функциялари бир-биридан фарқ қилади. Тоталитар тизимда яккаҳоким партия давлат тизимлари билан бирлашиб, чирмашиб кетади. Демократик жамиятда эса турли рақобатдош партиялар ўз кўламлари даражасида ҳаракат қиладилар. Демократик партиялар минтақавий ва маҳаллий тизимлар ҳамда жамоавий бирликлар билан мустаҳкам алоқада бўлиб, улар умуммиллий мақсадлар руҳини дастлаб шу ҳудудлардан олади. Қолаверса, партияларнинг бир-бири билан рақобатдошлиги туфайлиумуммиллийй сиёсий тизимлар барча гуруҳлардан ва мансабдорлардан (улар қанчалик катта лавозимларни эгалламасин) юқори қўйилади. Шу тариқа сиёсий тизим билан алоҳида мансабдорлар ўртасига аниқ чегара қўйилади.

 

Сиёсий партияларнинг жамиятда ички ва ташқи функциялари бор. Ички функциялар - партияга аъзолар жалб қилиш, партия ҳаётини молиялаштириш, мулкий ва бошқа муносабатларни мувофиқлаштириш,бошланғичч тузилмалар ва оддий аъзолар билан партия элитаси муносабатларини йўлга қўйиш каби йўналишлардир.

 

Ташқи функцияларга эса ҳокимиятни эгаллаш учун кураш, ҳокимият тепасига келганда ўз дастурини амалга ошириш, халқаро партиявий муносабатлар ўрнатиш, халқ билан давлат тизимлари алоқаларини таъминлаш, халқнинг сиёсий маданиятини ошириш, сиёсий лидерлар танлаш ва тайёрлаш, улар воситасида жамиятнинг бошқарув тизимларида иштирок этиш, сиёсий жараёнларнинг бошқа иштирокчилари билан ўз манфаатларини уйғунлаштириш, фуқароларни сиёсий ижтимоийлаштириш кабилар киради.

 

Партияларнинг ўз функцияларини амалиётда бажаришларининг асосий усули, бу - сайловлар кампанияси даврида партия, давлатнинг қонун чиқарувчи органларига сайланишлари учун ўз номзодларини кўрсатишларидир. Бу номзодларнинг сайланишларига эришиш учун партия фаоллари аҳолининг кўпчилик қисмини томонига оғдириши, сайловчилар ўртасида ташвиқот ва тарғибот ишларини олиб бориши лозим. Айниқса, бу даврда жамоатчилик • фикрига таъсир қила олиш қобилиятига эга бўлиш партиянинг энг асосий мақсадидир.

 

Шу билан бирга, партиялар ўзининг келажак сиёсати, дастури, мафкураси йўналишларини халқда қизиқиш уйуйғотадиганаклларда халқ руҳиятига сингдира билиши - партиянинг сайловларда ғалабага эришишининг кафолатларидан биридир. Партия ўзининг мақсадлари ўзи амал қиладиган қадриятларни эълон қилганида (у ўзининг кўпчилик сайловчилар овозини ололмаслигини англаса ҳам), мафкуравий мақсадларда ҳар бир сайлов кампаниясидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади.

 

Қонун чиқарувчи органларга ўз вакилларининг кўплаб сайланишига эришган партия идора қилувчи элитани шакллантириш, бошқарув органларининг раҳбарлик лавозимларига номзодлар тайёрлаш ва кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Партия энг аввало ана шу ўзи тайёрлаган ва ўзи номзодларини кўрсатган депутатлар, шунингдек, бошқарув лавозимларидаги мансабдорлар воситасида сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёни ва уни назорат қилишда иштирок этиш учун легитим ҳуқуққа эга бўлади.

 

Сайловлардан кейинги партия фаолияти турли хил партиялараро битимлар тузиш, ҳукуматни шакллантириш жараёнида иштирок этиш, турли оқимлар ва партиялар билан блоклар ҳамда иттифоқлар тузишдан иборат бўлади. Сайловлар партия фаолиятининг энг фаол даври бўлса ҳам, сайловларда ғалабага эришган партия аҳолини ўз сиёсий йўлини барқарор равишда халқ томонидан қўллаб-қувватлашга эришиш учун ҳаракат қилади. Партия фаоллари томонидан, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида хҳукуматолиб бораётган ички ва ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлаш учун турли кампаниялар ва тадбирлар ўтказиб туради.

 

Партияларнинг асосий функциялардан яна бири сайлов тизимида фуқароларнинг сиёсий иштирокини маълум бир шаклга солиш ва институтлаштириш, ўз-ўзидан, стихияли, норасмий, кўпинча ноқонуний равишда келиб чиққан сиёсий ҳаракатлар шаклларини қонун устуворлиги ва ижтимоий адолат талабларига хос шаклга солиш, бу жараёнларни анъанага айлантиришдир. Мамлакатимизда сўнгги беш йил давомида демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида жамият ҳаётининг барча соҳаларида туб демократик ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Бунда фуқаролик жамиятининг таркибий институтлари ҳисобланган оммавий ахборот воситалари, жамоат ташкилотлари, тадбиркорлик, оила ва эркин меҳнатни замон талаблари асосида жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини белгилаш юзасидан муайян ютуқларга эришдик десак, муболаға бўлмайди. Айниқса, сиёсий партияларнинг давлат ва жамият ҳаётида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётганлиги фикримизнинг яққол далилидир.

 

Бу борада Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2019 йил 22 август куни мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашувида қуйидагиларни таъкидлаб ўтган эди: Бугунги кунда юртимизда бешта сиёсий партия – “Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Экологик партия фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ўз ғоя ва дастурларини амалга ошириши, сайловларда тенглик, очиқлик ва холислик тамойиллари асосида фаол иштирок этиб, парламент, маҳаллий вакиллик органларида ўз фракциялари ва партиявий гуруҳларини шакллантириши ҳамда мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиши учун барча қонуний асослар яратилган. Янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси бу борада янада кенг имкониятлар яратиши билан аҳамиятлидир.

 

Айни пайтда жамиятимизнинг тобора демократлашиб бориши ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг чуқурлашуви сиёсий партиялар олдига янги-янги вазифаларни қўймоқда. Сиёсий партияларнинг давлат ҳокимиятида, айниқса, унинг маҳаллий вакиллик органларидаги иштирокини ташкил этишда хорижий мамлакатлар тажрибасини ва бу борада дунё ижтимоий фанларида шаклланган сиёсий-ҳуқуқий ғояларни ўрганиш ва уни мамлакатимиз вакиллик ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш жараёнида қўллаш бугунги кундаги долзарб масалалардан биридир.

 

Фуқаролик жамиятининг энг муҳим институтларидан бири бу сиёсий партиялардир. Сиёсий партиялар фуқаролик жамиятини сиёсий тизим билан ўзаро алоқаларининг доимийлигини таъминлайди. Маълумки, давлат ҳокимияти жамиятга боғлиқ ва унинг жамият томонидан назорат қилиниши кўп ҳолларда сиёсий партиялар воситасида амалга оширилади.

 

Сиёсий партиялар у ёки бу манфаатларни ифода этибгина қолмасдан, балки манфаатларни шакллантиришда ҳам бевосита фаол иштирок этади. Партиялар фуқаролик жамиятини давлат билан уйғунлаштириб, муросасизликларни йўқотиш ёки юмшатишни таъминлайди, қонун чиқарувчи ва ижроия ҳокимиятларининг барқарорлигини сақлашга ўз ҳиссасини қўшади. Кучли партиялар давлатни кучсизлантирмайди, балки улар давлатни жамиятнинг маҳаллий органлари билан мустаҳкам боғлаб, сиёсий жараёнларни назорат қилишга ёрдамлашиб, давлатни янада кучайтиради. Аксинча, партияларнинг кучсизлиги давлатнинг кучсизлигига сабаб бўлиши мумкин.

 

Партиялар ўз аъзоларининг сиёсий иродасини ифодалаб, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини тузишда иштирок этишни, шунингдек Республика Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашларига сайланган ўз вакиллари орқали ҳокимият органларининг фаолиятида қатнашишни асосий вазифа қилиб қўядилар. Уларнинг дастурий ҳужжатлари бўлади ва бундай ҳужжатлар матбуот орқали омманинг эътиборига ҳавола қилинади. Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси ўз сиёсий иродасини ўзи хоҳлаган сиёсий партияга аъзо бўлиб, ўша партия орқали ифода этиши мумкин. Бундай эркинлик, ўз навбатида, халқ сиёсий онгининг ўсишига, мамлакатда ҳар хил дунёқарашга эга, ўз Ватани истиқлоли ва ҳар томонлама ривожланишига бор куч-ғайратини сарфлайдиган инсонларнинг кўпайишига олиб келади. Ўзбекистондаги сиёсий партиялар ҳар хил йўллар билан ўз аъзолари ва бошқа фуқароларнинг давлат ишларида иштирок этишини таъминлашга ҳаракат қилади.

 

Жаҳоннинг илғор ривожланган мамлакатлари қаторидан муносиб ўрин олишга интилаётган Ўзбекистон учун, жамият сиёсий ва ҳуқуқий тизимини замон талаблари асосида ислоҳ этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатли таъминлаш, халқ ҳокимиятчалигини қарор топишида сиёсий партияларнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш, суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, халқнинг ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

 

Мамлакатимизда ҳам мустақилликка эришилгандан кейин сиёсий партиялар юзага кела бошлади. Мамлакатда халқ манфаатлари ва сиёсий иродаларини эркин билдириш, эркин ифода этиш учун ҳуқуқий асослар ҳамда эркин сиёсий муҳит яратилиши билан ўзаро тарзда сиёсий партиялар ҳам тузила бошланди”.

 

1991 йилнинг ноябрида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунда сайловнинг кўппартиявийлик асосида ўтказилиши ҳуқуқий жиҳатдан эътироф этилди. Мазкур Қонунда сиёсий партиялар мамлакат Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига эга эканлиги баён этилди.

 

Сиёсий партияларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларини шакллантиришда иштироки учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш мақсадида ва энг муҳими фуқаролик жамиятининг таркибий қисми бўлган сиёсий партияларнинг фаоллигини ошириш мақсадида 2007 йил апрель ойида қабул қилинган “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонундавлат ва жамият ҳаётида, давлат қурилишида муҳим ислоҳотлар даврини бошлаб берди.

 

Бинобарин, мазкур Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти тизимида ҳам изчил конституциявий-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишга асос бўлди.

 

Ўзбекистон Республикасида кўппартиявийликнинг амалда шаклланиши шунга олиб келдики, бу жараённи махсус ҳуқуқий тартибга солиш зарурияти пайдо бўлди.

 

Дарҳақиқат, мамлакатда янги аср бошида парламент ислоҳотларининг бошланиши, икки палатали парламентни шакллантириш учун ҳуқуқий асосларнинг ишлаб чиқилиши муносабати билан сиёсий партияларнинг жамиятдаги ва давлат қурилишидаги ўрни янада юксалди. 2004 йил декабрдаги парламент ва маҳаллий вакиллик органларига бўлган сайловларда парламентнинг куйи палатаси – Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқининг сиёсий партияларга берилиши билан партияларнинг қонун чиқарувчи ҳокимиятни шакллантириш соҳасидаги янги даври бошланди.

 

Сиёсий партияларга янги ваколатларнинг берилиши билан ўз-ўзидан уларнинг жамият олдидаги масъуллиги кучайди. Умуман, сиёсий партиялар ваколатларининг кенгайтирилиши жамият сиёсий соҳасини эркинлаштириш жараёнининг янги босқичини бошлаб берди. “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” сиёсий концептуал дастурнинг асл моҳияти ҳам, асосан, ана шу мақсадга қаратилди.

 

Ривожланган мамлакатларда сиёсий партияларнинг юксалиши, уларнинг давлат билан жамият ўртасидаги муносабатларини таъминлашдаги ўрнининг юксалиб бораётганлигининг асосий сабабларидан бири – уларни давлат ҳокимиятини шакллантиришдаги ўрни билан изоҳланади. Ҳали инсоният тарихида партияларсиз сиёсий элитани адолатли тарзда шакллантиришнинг бирон-бир воситаси ихтиро қилинмаган. Фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш амалиёти шуни алоҳида кўрсатдики, фақат сиёсий партиялар воситасидагина шаклланган сиёсий элита ҳам давлат, ҳам жамият манфаатлари асосида фаолият кўрсата олишга қодирдир.

 

Партияларнинг энг муҳим функцияларидан бири, бу нафақат ўз аъзолари ва ўз таянч базаси бўлган ижтимоий қатламнинг манфаатларини ифодалаш, балки уларнинг ўз манфаатларини англаш даражасига эришишига ҳам кўмаклашишдир. Ҳеч бир шахсда сиёсий манфаатлар ўз-ўзидан шаклланмайди. Бунинг учун шахс билан партия ташкилотлари ўртасида мулоқот ва муносабат бўлиши, шахснинг жамоат ташкилотларидаги иштироки, шахс фаоллиги учун ижтимоий-сиёсий кенгликлар яратилиши талаб этилади. Ҳар бир шахснинг партия ташкилотлари фаолиятида иштирок этиши учун мазкур ташкилотларда унинг ўз манфаатларини ифодаланиши ва амалга ошишига ишонч руҳияти шаклланиши талаб этилади.

 

Ҳали демократик жамиятда яшаб кўрмаган, узоқ даврлар тоталитар тузум зулми остида бўлган халқларда миллий, иқтисодий ва сиёсий манфаатлар намоён бўлиши мумкин, лекин ташкиллашган сиёсий ижтимоийлашув жараёнларисиз уларнинг сиёсий манфаатларининг шаклланиши қийин кечади. Бунинг асосий сабаби шундаки, инсоннинг сиёсий онги ва қарашлари фақат унинг гуруҳий ташкилотлардаги фаол иштироки натижаси ўлароқ шаклланиши мумкин. Бинобарин, сиёсий онги етарли даражада шаклланмаган инсонда бирон-бир партияда иштирок этиш учун эҳтиёжнинг ўзи йўқ. Кўриниб турибдики, мамлакатдаги партияларнинг бошланғич ташкилотлари ёки вакиллари фуқароларнинг яшаш ва ишлаш жойларида фаолият кўрсатмаса, сайловчилар дунёқарашига таъсир эта олмаса, партиялар ўз ваколатларини ҳаётга татбиқ эта олмайдилар.

 

Бундан қарийб 12 йил олдин, яъни 2008 йил 2 август куни Ўзбекистон экологик ҳаракати ташкил топган эди. Айни пайтгача у ўзининг мақсад ва вазифаларини тўла амалга оширди. Лекин орадан шунча вақт ўтиб, табиатда ҳам, жамиятда ҳам қанчадан-қанча ўзгаришлар содир бўлди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган жиддий ислоҳотлар, жамиятнинг барча институтларига янги-янги вазифаларни қўймоқда. Бу вазифаларни амалга ошириш учун янгича ёндашув, янги куч талаб этилади.

 

Дарҳақиқат, мамлакатимизда давлат ва жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг янги босқичидаги кейинги қадам сифатида Ўзбекистон экологик ҳаракати фаолиятида тўпланган тажрибалар асосида янги сиёсий партияни ташкил этиш зарурати вужудга келди. Шу боис 2019 йил 8 январь куни мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида муҳим воқеа содир бўлди. Шу куни мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи марта экологик барқарорликни таъминлаш йўлида янги сиёсий куч, Ўзбекистон Экологик партияси таъсис этилди.

 

Ушбу партия олдингидек депутатларни конференция аъзолари томонидан сайлаб эмас, балки бевосита сайловчилар танлови асосида вакиллик ҳокимияти органларида бошқа партиялар билан соғлом рақобат асосида курашиб, муайян ўринларга эга бўлиши мумкин. Шу боис “сиёсий партияларнинг жамиятда қанчалик мавқега эга эканлигини белгиловчи асосий мезон бу, уларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўладиган сайловларда қандай натижаларга эришганлиги ҳисобланади”.

 

Конституциямизнинг 60-моддасида Сиёсий партиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар. Сиёсий партиялар ўз фаолиятларини молиявий таъминланиш манбалари ҳақида Олий Мажлисга ёки у вакил қилган органга белгиланган тартибда ошкора ҳисоботлар бериб турадилар.  Бу қоиданинг мавжудлиги сиёсий партиялар фаолиятининг ҳуқуқий асосидир.

 

Сиёсий партияни тузишда конституциявий нормаларнинг аҳамияти катта. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади”, 34-моддасига асосан, “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмалари, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек, ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас” каби фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуришнинг демократик қадриятлари ва тамойиллари шаклланишини таъминлайдиган қонун ва қоидаларнинг киритилиши Ўзбекистон жамиятининг келажак мақсадларини белгилаб берганлигининг ҳуқуқий кафолатидир. Шулардан келиб шиқиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасида сиёсий партияларга бирлашиш ҳуқуқи конституциявий мақомга эга.

 

Хулоса қилиб айтганда сиёсий партияларининг вужудга келиши тарихи ва уларнинг ривожланиш жараёни таҳлиллардан жамиятда мазкур институтга нисбатан эҳтиёжнинг доимо ошиб борганлигини кўришимиз мумкин. Айниқса бугунги кунда ҳам партиялар назариясини ўрганиш долзарб аҳамият касб этиб келмоқда.Таҳлилларга кўра яқин келажакда партияларда жиддий трансформация жараёни юз бериши эҳтимоли юқори. Бу эса ўз навбатида жамиятда янгича қиёфадаги имкониятлари кенг партияларнинг вужудга келишга хизмат қилади.

 

 

О.Ш.Базаров, Қарши муҳандислик

иқтисодиёт институти ректори

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур