САЙЛОВ КАМПАНИЯСИНИНГ БАРЧА БОСҚИЧЛАРИНИ ЁРИТИШ - МУҲИМ ЖАРАЁН

19.06.2024

1183

msk_yangiliklari_in

Жорий йил 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига старт берилгач, ушбу муҳим сиёсий жараённи ёритиб бориш, аҳолининг сайлов бўйича ҳуқуқий билими ва электорал маданиятини ошириш, юртимизда олиб бориладиган тарғибот-ташвиқот ишларининг марказлаштирилган шаклдаги тизимини яратиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси ҳузурида сайлов кампанияси даврида вақтинча фаолият кўрсатувчи Матбуот маркази тузилди.

 

Марказий сайлов комиссияси Матбуот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилиниб, мазкур марказнинг низоми тасдиқланди. Унга кўра, Матбуот марказида тажрибали журналистлар, ҳуқуқшунослар, таржимонлар, экспертлар ва бошқа мутахассислардан иборат ихтисослаштирилган еттита гуруҳ фаолият юритиши кўзда тутилган.

 

Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнларини ОАВда ёритиш бўйича режалар ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширилишини таъминлаш, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларини аккредитация қилиш билан боғлиқ ҳужжатларни, ОАВ вакиллари учун сайловнинг асосий босқичлари ҳақида Марказий сайлов комиссияси томонидан ўтказиладиган брифинглар ҳамда матбуот анжуманларини тайёрлаш ва ўтказилишини ташкил этиш марказнинг асосий вазифалари сифатида белгиланди.

 

Шунингдек, мазкур марказ зиммасига Президент сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишнинг бориши ва номзодлар ҳамда уларнинг ишончли вакиллари сайловолди ташвиқотларига доир миллий ва хорижий ОАВда эълон қилинадиган ахборотларни мунтазам равишда ўрганиш, мониторингини юритиш, таҳлил қилиш ҳамда натижаларини белгиланган тартибда Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиш, сайлов кампанияси даврида ҳудудий матбуот марказлари устидан умумий раҳбарликни амалга ошириш ва уларнинг ишини мувофиқлаштириш вазифаси ҳам юкланган.

 

Айтиш жоизки, марказ олдига сиёсий партиялар номзодлари ва уларнинг ишончли вакилларига теледебатлар орқали сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун матбуот марказларида тегишли платформалар яратиб бериш, сайлов жараёнининг ёритилиши бўйича ягона ахборот стратегиясини ишлаб чиқиш, ҳудудий матбуот марказларига ўз фаолиятларини умумий “Saylov2021” замонавий имижи орқали юритиши учун қатъий талабларни белгилаб бериш сингари топшириқлар ҳам юклатилган бўлиб, айни кунгача бу борада ҳам салмоқли ишлар қилинди.

 

Марказий сайлов комиссияси Матбуот маркази таркибига мамлакатимизнинг тажрибали журналистлари, муқаддам сайлов кампанияларида сайловни ёритишда фаол қатнашган мутахассислар танлаб олинди. Ўтган давр мобайнида улар Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампаниясини олиб бориш бўйича махсус календарь режага биноан амалга оширилаётган ишлардан оммавий ахборот воситалари кўмагида аҳолини хабардор этиб келмоқда.

 

Матбуот маркази томонидан Марказий сайлов комиссиясининг “Saylov 2021” веб-портали ҳамда “Saylov 2021” мобил иловалари тайёрланиб, юритилиши таъминланмоқда.

 

Матбуот маркази сайлов жараёнлари ҳақида сайловчиларни кенг хабардор қилиш, жамоатчилик орасида сайлов қонунчилигини тарғиб этиш мақсадида турли инфо ёндашувлар ва ахборот контентларини ҳам (ролик, мақола, телерепортаж ҳамда шу кабиларни) яратиб, аҳоли орасида тарқатиб келмоқда.

 

Умуман, Матбуот маркази ташкил этилгандан буён МСК Матбуот хизмати билан ҳамкорликда кўплаб анжуманлар, пресс-кофелар, брифинглар ҳамда бошқа инфотадбирлар ўтказилди. Ушбу тадбирларга теле ва радиожурналистлар, интернет сайтлари мухбирлари, газета ва журналларда фаолият юритувчи ҳамкасбларимиз жалб қилинди. Бундай тадбирлар доирасида юртимиздаги барча омммавий ахборот воситалари орқали мингга яқин хабар, репортаж, таҳлилий мақола, интервью, блиц-тест ҳамда яна бошқа форматдаги кўплаб журналистик материаллар эълон қилинди.

 

Айни пайтга қадар марказ томонидан Марказий сайлов комиссиясининг жорий фаолиятини кенг ёритиб бориш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда. Хусусан, 28 июль куни Матбуот марказида “Saylov 2021” мобил иловаси, “Saylov 2021” http://saylov2021.uz веб-портали фаолияти ҳамда Матбуот марказида журналистларга яратилган шарт-шароитлар тўғрисида маълумот бериш учун матбуот анжумани ташкил этилди. 29 июль куни сиёсий партиялар ваколатли вакилларига мандатлар топшириш маросими ва брифинг бўлиб ўтди. 7 август куни эса журналистлар ва блогерларни ўзаро ҳамкорликка чорлаш, ўртадаги “кўринмас парда”ларни олиб ташлаб, ҳамиша дўстона ва самимий муҳитни яратиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси билан қалам аҳли ўртасида “галстуксиз учрашув” форматида пресс-кофе уюштирилди. 120 нафардан зиёд журналист ҳамда блогер иштирок этган ушбу учрашув барчада илиқ таассурот қолдирди.

 

ОАВ вакиллари, мустақил журналистлар ҳамда блогерлар иштирокида ташкил этилган учрашувда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев, унинг ўринбосари Баҳром Қўчқоров ва МСК аъзоси Шерзодхон Қудратхўжа йиғилганлар саволларига батафсил жавоб берди.

 

Самимий ва очиқ кайфиятда ўтган тадбирда журналистлар Президент сайловига тайёргарлик ҳамда унинг ўтказилиши билан боғлиқ жараёнлар ҳақида фикр алмашилди. Марказий сайлов комиссияси вакиллари муҳим аҳамиятга эга ушбу воқеликни кенг ва холис ёритишда ОАВ ходимлари ҳамда блогерлар билан ҳамкорлик тарихий зарурат эканини таъкидлади.

 

Зайниддин Низомхўжаев “сайловнинг адолатли ва шаффоф бўлишида фақат Марказий сайлов комиссиясининг эмас, балки журналистлар ва блогерларнинг ҳам ўрни ниҳоятда муҳим”лигини алоҳида қайд этди.

 

Ҳозирги кунга қадар Марказий сайлов комиссияси матбуот маркази томонидан юқоридаги каби муҳим масалалар доирасида 10 дан зиёд турли-туман тадбир ўтказилиб, унга 800 дан зиёд маҳаллий ва хорижий журналист жалб этилди.

 

Сайлов жараёнини ёритишда оммавий ахборот воситалари ходимларини рўйхатга олиш ва аккредитациядан ўтказиш – бутун дунёга хос бўлган ҳуқуқий тажриба. Ўзбекистонда ҳам ОАВ ходимларининг ваколатлари Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши ҳамда бошқа давлатларнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилиши зарурлиги Сайлов кодексининг 35-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган. Шу кунга қадар 45 та маҳаллий ОАВ, жумладан, телерадиокомпаниялар, босма ва интернет нашрларнинг 859 нафар вакили рўйхатга олинди. Бундан ташқари, Озарбайжоннинг “АзерТаж” агентлиги, Буюк Британиянинг “BBC”, “Sky News” телерадиокомпаниялари, “Reuters” агентлиги, “The Economist” журнали, Эроннинг “IRIB” телерадиокомпанияси, “Fars news” агентлиги, Қозоғистоннинг “Казинформ”, “Хабар” агентликлари, “Курсив” газетаси, Хитойнинг “Синьхуа” агентлиги, Россиянинг ВГТРК, “Новый век” телерадиокомпаниялари, “Интерфакс”, “Россия сегодня”, “Sputnik”, “ТАСС” ахборот агентликлари каби 29 та хорижий ОАВнинг 48 нафар журналисти аккредитациядан ўтказилган.

 

Бир сўз билан айтганда, бугун Марказий сайлов комиссияси Матбуот маркази юртимизда кечаётган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампаниясининг барча босқичларини ОАВ орқали халқимизга мукаммал етказиб келмоқда. Бу эса аҳолининг сайловга доир ҳуқуқий билимини янада кучайтириш, юртдошларимиз, хусусан, ёшларнинг электорал маданиятини янада оширишга хизмат қилаётир.

 

Жалолиддин УСМОНОВ,

Марказий сайлов комиссияси раисининг

ахборот сиёсати масалалари бўйича

маслаҳатчиси – Марказий сайлов

комиссияси матбуот котиби

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур