САЙЛОВЧИЛАРНИНГ ЯГОНА ЭЛЕКТРОН РЎЙХАТИ - ҚАНДАЙ ШАКЛЛАНТИРИЛАДИ ВА ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНИЛАДИ?

19.06.2024

3984

msk_yangiliklari_in

Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодексининг қабул қилиниши мамлакатимиз сайлов амалиётида том маънода туб бурилиш ясади. Бунга яққол мисол сифатида сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини ташкил этилганлигини айтиш мумкин.

 

Сайлов Кодексининг 28-моддасига мувофиқ  сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органларининг ахборот базаларига мувофиқ сайловчи фуқаролар, уларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган давлат ахборот ресурсидир.

 

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органлари томонидан тақдим этиладиган ахборот негизида шакллантирилади ва янгилаб турилади, сайлов кампанияси даврида эса тегишли участка сайлов комиссиялари томонидан аниқлаштирилади.

 

Ҳар бир участка сайлов комиссияси тузилганидан кейин уч кун ичида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида тақсимланган мазкур участка сайловчиларининг дастлабки рўйхатини олади.

 

Участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг дастлабки рўйхатини олганидан кейин уни мазкур участка ҳудудида яшовчи аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан аниқлаштириш чораларини кўради.

 

Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатини аниқлаштириш бўйича ишда иштирок этиш учун жамоатчилик вакилларини жалб этиши мумкин. Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари сайловчиларнинг рўйхатларини аниқлаштириш ишларига кўмаклашади.

 

Сайлов комиссиялари аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш натижалари бўйича сайловчининг Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзилига оид тузатишлар қилиб, сайловчилар рўйхатларига ўзгартишлар киритиши мумкин.

 

Сайловчиларнинг рўйхати ҳар бир сайлов участкаси бўйича участка сайлов комиссияси томонидан тузилади ҳамда унинг раиси ва котиби томонидан имзоланади.

 

Сайлов куни сайлов участкаларида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан олинган сайловчилар рўйхатларидан фойдаланилади.

 

Юқори миграция шароитида сайловчининг тегишли сайлов округига бириктириш ва “Бир сайловчи – бир овоз” қоидасини амалда қўллашни таъминловчи тизимни яратиш муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, бундай тизим фуқароларнинг давлат ва жамиятни бошқаришда ўзи сайлаган вакиллари орқали иштирок этиш ва сайловларда қатнашишга оид муҳим сиёсий ҳуқуқларини чеклашга олиб келмаслиги керак. Зеро бундай ҳуқуқ Конституцияда мустаҳкамланган бўлиб, ўрнатиладиган чекловга нисбатан устуворликка эга[1].

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 октябрдаги ПҚ–3961-сон қарорига биноан мамлакатимизда сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ишлаб чиқилган эди.

 

Мазкур ахборот ресурси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг “ХАТЛОВ 1.0.3” ва “Манзил” базасидаги маълумотлар яшаш манзилида рўйхатда бўлмаган ва вафот этган фуқароларни чиқариб ташлаш, шунингдек, амалда яшаб турган, лекин маълумотлар базасида бўлмаган фуқароларни базага киритилиши орқали янгиланиб борилади.

 

Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда “ХАТЛОВ 1.0.3” ва “Манзил” базасидаги маълумотларни Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ва Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестридаги маълумотлар билан солиштириш ва базадаги маълумотларни долзарблаштириш асосида Давлат персоналлаштириш маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Сайловчиларининг ягона электрон рўйхати шакллантирилади.

 

Сайловчилар ягона электрон рўйхатини шакллантириш борасида тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари билан 2018 йилнинг ноябрь ойидан 2019 йилнинг апрелига қадар уйма-уй юриб 33,0 миллиондан зиёд фуқаро хатлови ўтказилган бўлиб, фуқароларнинг паспорт маълумотлари 7,0 миллионга яқин кўчмас мулк объектининг кадастр рақамларига боғлаб чиқилган. Натижада 20,5 миллиондан зиёд сайловчининг ягона электрон рўйхати шакллантирилиб автоматик равишда 10260 та сайлов участкаларига тақсимланган эди[2].

 

Ушбу кўрсаткични қиёслаганда, 2021 йилда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик давомида 21.266.011 нафар сайловчи рўйхатга олиниб, сайлов участкалари сони 10761 тани ташкил этди.

 

Сайлов жараёнига тааллуқли идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари ўзаро интеграцияланади, шунингдек реал вақт режимида актуаллаштириб борилади.

 

Сайловчилар ягона электрон рўйхатини янгилаш мақсадида Операторга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти серияси ва рақамини,  Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортида ўзбек ва инглиз тилларида акс этган фамилияси, исми ва отасининг исмини,  Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти бўйича туғилган куни, ойи ва йили кўрсатилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг яшаш жойи манзиллари кадастр рақамларига мувофиқ ҳолда сайловчилар тўғрисидаги маълумотларни рўйхат ва жадвал асосида кўрсатган ҳолда электрон шаклда тақдим этилади.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоят, Тошкент шаҳар, округ ва участка сайлов комиссиялари Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидаги тегишли ҳудуд бўйича Сайловчилар ягона электрон рўйхатидан фойдаланиш имкониятига эгадирлар.

 

Марказий сайлов комиссияси ва тегишли сайлов комиссияларининг Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш имкониятлари “Электрон ҳукумат” тизимининг маълумотлар узатиш тармоғи орқали амалга оширилади.

 

Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимида тегишли сайлов комиссияси аъзоси ёки масъул ходимлари сайловчиларни аниқлаш, лозим ҳолда маълумотларга ўзгартириш ёки қўшимча киритиш, сайловчилар рўйхатини қоғозга чоп этишда идентификация ахборот тизими орқали фойдаланадилар. 

 

Яна бир муҳим томони сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати  сайлов кампанияси даврида тегишли участка сайлов комиссиялари томонидан аниқлаштирилади.

 

Халқаро тажрибада сайловчилар регистри деган тушунча ҳам юритилади – бу маълум бир сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган барча сайловчилар тўғрисидаги маълумотлар тўпламини назарда тутади. Регистр термини бир неча сайлов участкаларини ўз ичига олган маъмурий бирликларни назарда тутади[3].

 

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органлари томонидан тақдим этиладиган ахборот негизида шакллантирилади, сайловчини шахсини тасдиқловчи маълумотлар ички ишлар вазирлиги томонидан, яшаш манзили ҳақидаги кадастр  маълумотлари Кадастр хизмати томонидан берилади ва янгилаб турилади, сайлов кампанияси даврида эса тегишли участка сайлов комиссиялари томонидан аниқлаштирилади.

 

Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими орқали хавфсиз алоқа каналлари бўйича идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан интеграциялаш орқали Сайловчилар ягона электрон рўйхатини шакллантириш жараёни автоматлаштирилади, сайловчилар ягона электрон рўйхатига тузатиш киритиш имконияти билан сайлов участкалари бўйича сайловчиларни тақсимлаш воситалари тақдим этилади, шунингдек, сайловчиларга ўз сайлов участкаларига оид ахборотлар билан танишишга ва сайлов участкасини ўзгартиришга сўровнома юбориш имкони яратилади.

 

Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими Сайловчилар ягона электрон рўйхатида сақланадиган маълумотлардан фойдаланувчиларнинг фойдаланиш ва сайлов участкалари бўйича рўйхатларга тузатиш киритиш ҳуқуқларини тақсимлайди.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоят ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиялари ҳузурида ташкил этилган ишчи гуруҳларига участка сайлов комиссияси томонидан тегишли ҳудудда яшовчи сайловчилар тўғрисидаги маълумотларнинг тўғрилигини хонадонма-хонадон айланиб чиқиш жараёнида аниқланган сайловчилар рўйхатдаги камчиликларни, ноаниқликларни бартараф этиш учун Сайловчиларни ягона электрон рўйхатига ўзгартириш киритиш ва уни юклаб олиш имконияти яратилади.

 

Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган сайловчилар сайловчилар ягона электрон рўйхатига киритилади.

 

Давлат органлари  Давлат персоналлаштириш марказига тегишли электрон шаклда маълумотларни тақдим этади.

 

 Ҳар бир участка сайлов комиссияси тузилганидан кейин уч кун ичида округ сайлов комиссияси компьютеридан Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида тақсимланган мазкур участка сайловчиларининг дастлабки рўйхатини олади. 

 

Сайловчилар рўйхати - сайловчилар регистридан фарқли ўлароқ овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ва маълум бир сайлов участкасига киритилган барча сайловчилар ёзилган маълумотлар тўпламидир[4].

 

Сайлов кампанияси даврида ушбу маълумотлар Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов округлари тузилгандан сўнг округлар бўйича, округ сайлов комиссиялари томонидан сайлов участкалари тузилгандан сўнг сайлов участкалари бўйича тақсимланади. Бундай тақсимотни амалга ошириш давомида муайян ҳудудлар, улардаги сайловчилар сони автоматик равишда тақсимланади. Бунда бир сайлов участкасидаги сайловчилар сони 20 тадан кам бўлмаган ва 3000 тадан ошмаган ҳолда белгиланади.

 

Округ сайлов комиссияси Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимида ишлашга масъул аъзоси мазкур тизимга кириш ҳуқуқини участка сайлов комиссияси аъзосига тақдим қилади.

 

 Участка сайлов комиссияси ўз  ҳудудига тегишли тақсимланган рўйхатни олгач, сайлов участкасидаги кўчалар, кўп қаватли уйлар бўйича  уйма-уй юриб рўйхатга аниқлик киритади. Бунда ушбу рўйхатга киритилган барча сайловчиларнинг шахсий маълумотлари ва яшаш манзиллари тўғри киритилганлиги ўрганилади.

 

Заруриятига кўра ички ишлар, кадастр идоралари билан ҳамкорликда рўйхатдаги номувофиқликлар бартараф этилади. 

 

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати округ сайлов комиссияси томонидан Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими орқали сайлов участкалари бўйича тақсимлангандан сўнг ҳам сайловчилар рўйхатида ўзгаришлар кузатилади.

 

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, муддатидан олдин овоз берган сайловчилар ҳақидаги маълумотлар Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимига участка сайлов комиссиялари томонидан киритилади, айнан шу амалиёт сайловчини бошқа сайлов участкасида иккинчи марта овоз беришини олдини олишга хизмат қилади.

 

Сайловчилар рўйхатида хато ва ноаниқликлар аниқланган тақдирда ҳар бир фуқаро участка сайлов комиссиясига мурожаат этишга ҳақли. Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатига киритилмаганлиги, нотўғри киритилганлиги ёки рўйхатдан чиқариб ташланиши, шунингдек рўйхатда сайловчи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилишида йўл қўйилган ноаниқликлар  шикоятларни ўрганиб чиқиб, белгиланган тартибда сайловчини сайлов ҳуқуқини таъминлаш чораларини кўради.

 

Хулоса қилиб айтганда, Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати сайлов жараёнида “бир сайловчи-бир овоз” тамойилини амалга ошириш ҳамда сайловчиларнинг овоз бериши ҳақидаги маълумотларни тезкорлик билан юритишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

 

Баҳодиржон Юнусов

Марказий сайлов комиссияси аъзоси

 

[1] Марказий Сайлов комиссиясининг 2020 йил 28 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг “Сайлов – 2019: ютуқлар, муаммолар, таклифлар” якуний ахбороти тўғрисида”ги 1040-сонли қарори

[2] Марказий Сайлов комиссиясининг 2020 йил 28 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг “Сайлов – 2019: ютуқлар, муаммолар, таклифлар” якуний ахбороти тўғрисида”ги 1040-сонли қарорининг 1-иловаси 18-бет

[3] Сайловчиларни рўйхатга олишни кузатиш бўйича қўлланма. ЕХҲТ ДИИҲБ томонидан нашр қилинган. Ul.Miodowa 10,00-251 Варшава. Польша.-15-бет.www.osce.org/odihr

[4] Сайловчиларни рўйхатга олишни кузатиш бўйича қўлланма. ЕХҲТ ДИИҲБ томонидан нашр қилинган. Ul.Miodowa 10,00-251 Варшава. Польша.-15-бет.www.osce.org/odihr

Изоҳ қолдириш учун :One-ID тизимидан рўйхатдан ўтишингиз зарур