Тил ва эҳтиёж
Давлат тилига эътибор, унинг нуфузини янада ошириш борасидаги ишлардан гап очилса, одатда, кўча-кўй, жамоат жойлари ва оммавий ахборот воситаларидаги рекламалар матни-ю ғализ битикли пешлавҳалардан ёзғириш бошланади: ажнабий атамалар урчиб кетган, хатосиз ёзилган ўзбекча сўз анқонинг уруғи... Ёзғириш поёни ҳам кўпинча: “Оврўпа мамлакатларига борсангиз...” деган ўкинчга бориб тақалади.
Асрлардан буён мустақиллик нашидасини суриб яшаётган бадавлат, сермаърифат мамлакатлар аҳлига ҳавасимиз келиши, улардан улгу олишга интилишимиз табиий. Фақат қарийб 150 йил давом этган истибдоддан халқимиз куни кеча халос бўлганию ҳар жабҳада қаддини дадил тиклаётганини баъзан унутиб қўяётгандекмиз.
Инсон ўзи шундай – озодлик, фаровонлик, бойлик каби ҳаммага ва ҳамиша ҳам насиб этавермайдиган неъматларга тезроқ эришишни истайди. Қанча дўржи бўлса, шунча камдек туюлаверади. Эҳтиёжнинг эса ҳад-чеки йўқ.
Бу ҳам табиий.
Аммо ортимизга бирров назар ташласак, даҳшатли туш каби туюладиган аянчли манзаралар ёдимизга тушмайдими. Инсоф билан айтганда, бошқа неъматларни қўя турайлик, оддий нон, шакар, туз харид қилиш илинжида пештахталари ҳувиллаб ётган магазинлар олдида каллаи саҳардан ярим тунгача навбатда турмаганмидик. Истиқлолимиз берган имконият ўлароқ, фаровон юртларга илк бор қадам қўйганимизда, “ҳатто автомобилларнинг магазинларда сотилаётганини” кўриб, оғизларимиз ланг очилиб қолмаганмиди.
Бугунги тадбиркорларнинг аксарияти ўша тақчиллик замонида — ҳам моддий, ҳам маънавий иммунитети пасайган даврда шаклланган, “ҳовлисида эшаги билан пишагидан бошқа мулки бўлмаган”, камбағал ишчи-деҳқон оиласидан чиққани билан умри бўйи фахрланиб ўтган йўқсиллар вакиллари ёки уларнинг фарзандлари эмасми. Йўқсиллик психологиясидан қутулиб, хусусий мулкчилик, тўқчилик маданияти, тафаккури ва маънавиятига эришиш осон кечадиган жараён эмаслиги аён.
Қонунларда қанчалик кенг эркинлик ва имконият назарда тутилмасин, фуқаролар улардан тўғри, самарали фойдаланишни билмаса, нафи кам. Шундай экан, жамиятда молиявий-иқтисодий шарт-шароит, имконият қатори, миллий тадбиркорлик маданияти ва тафаккури ҳам шаклланиши зарур. Зеро, она тилини, миллий анъаналаримиз ва маданиятимизни пухта билмасдан, фақат пул-маблағ билан қут-баракага эришиш душворлиги аён бўлиб қолди.
Йўқса, Парижни томоша қилиб келган тужжор аёл қишлоқдаги ҳовлисининг пахса деворига “Vêtements de mariage” деган уч қулочлик пешлавҳани илиб қўйиб, мақтаниб юрармиди. Орзуга айб йўқ, албатта. Аммо фаранг хонимлари тубканинг тагидаги ўша қишлоққа келиб, бўй етган қизларига келинлик либосини буюртма беришига ҳозирча ишониш қийинроқ. Келганида ҳам эндиликда ёпилиб кетган ўша бичиш-тикиш дўконини ўзбекча пешлавҳаси орқали ҳам бир амаллаб топиб олиши мумкиндир...
Қани энди, неча ўн йиллар, ҳатто, асрлар давомида йиғилиб қолган муаммоларни бир кунда, бир фармон ёки бир қонун билан ҳал этишнинг иложи бўлса. Қани энди, халқимизни, яъни сизу бизни семинар-тренингларда ўқитиш йўли билан онгу тафаккуримизни бир кунда ўзгартириб, мутараққий давлатлар фуқаролари каби юксак маърифатли, муттасил ўқиб-ўрганадиган, фаровон яшайдиган қилиб қўйишнинг чораси топилса.
Дунёқарашни ўзгартириш қонунларни ўзгартиришдан анча қийин. Буюк шоир айтганидек, “ғишт устига ғишт қўймоқ учун ҳам фурсат керак”.
Янги тарих ва юксак эътибор
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан 21 октябрь санасининг «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилиниши мамлакатимизнинг янги тарихи, янги тараққиёт босқичида амалга оширилаётган буюк ислоҳатларнинг юксак самараларидан биридир.
Ўзбек тили байрами – она тилимизни шарафлаш, унинг қаддини ва қадрини янада юксалтириш айёмидир. Бу байрам давлат тилининг Ўзбекистонда яшаётган барча миллатлар ва элатларнинг севимли тилига, маънавий эҳтиёжига, фахр-ифтихорига айланишида муҳим омил бўлади.
Бу борадаги ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда ва унинг дастлабки самаралари кўзга ташлана бошланди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини олайлик.
Бугун ўнга яқин миллат вакиллари меҳнат қилаётган Марказий сайлов комиссиясининг аксарият ходимлари фақат давлат тилини эмас, хорижий тилларни ҳам пишиқ-пухта билади. Сайлов комиссиясининг мажлислари оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирокида давлат тилида ўтказилади. Комиссиянинг ҳужжатлари тўла давлат тилида ишлаб чиқилади, тайёрланади ва қабул қилинади. Айни пайтда ҳуқуқшунослар, тилшунослар ва адиблар билан бамаслаҳат сайловга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат тили нуқтаи назаридан янада такомиллаштириш, четдан кириб келган атамаларнинг ўзбекча муқобилларини топиш, яратиш ва амалиётга жорий этиш борасидаги изланишлар изчил давом этмоқда.
Кўлами кенг, аҳамияти беқиёс
Мамлакатимизда давлат тилини ривожлантириш ва уни барча жабҳаларга кенг жорий этиш борасидаги ишларга эътибор сўнгги йилларда ғоят ошди. Бунда юқорида номи қайд этилган фармонда белгилаб берилган дастурий вазифалар муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Кўлами кенг, аҳамияти беқиёс ушбу вазифалар собитқадамлик билан амалга оширилаётир.
“Давлат тили ҳақида”ги қонун бор эди-ю, унинг ижроси учун масъул ташкилот йўқ эди. Ўттиз йил мобайнида бу борадаги муаммоларга доир ёзғиришлар кутилган самаралар бермаганининг боиси ҳам, бир ҳисобда, шундан. Энди юқоридан қуйигача масъуллар тайин.
Бу –Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркибида ташкил этилган янги тузилма – Давлат тилини ривожлантириш департаменти, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари фаолияти йўлга қўйилганидир.
Ўтган қисқа вақт ичида амалга оширилган ишлар тўғрисида гап кетганда, кўпчиликнинг эътиборини тортган муҳим бир ўзгаришни қайд этиш ўринли. Илгари давлат тилига бағишланган гап-сўзлар, тадбирлар, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар асосан, “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кун - 21 октябрь олдидан кўпаяр эди-ю, кейин гўё бу масала деярли унутилар эди. Энди бу борадаги ишлар тобора кенг кўлам ва мунтазамлик касб этиб бормоқда.
Буни, аввало, оммавий ахборот воситалари - теле-радиоканаллар, газета-журналлар, ижтимоий тармоқларда, жумладан, Давлат тилини ривожлантириш департаментининг расмий сайти ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳафаларида давлат тилини тарғиб қилиш, муаммолар ва камчиликлар ҳақида танқидий-таҳлилий чиқишлар сезиларли даражада кўпайиб, жамоатчиликнинг эътибор ва эътирофига сазовор бўлаётганида кўриш мумкин.
Буни барча бўғиндаги маслаҳатчилар ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан биргаликда жойларда рекламалар матнлари, пешлавҳалар, жой номларини давлат тилига ва рекламага оид қонунлар талабларига мослиги юзасидан бирма-бир хатловдан ўтказиб, тегишли чора-тадбирлар кўраётганида кўриш мумкин.
Буни давлат тилини ривожлантириш, амалиётда қўллаш, фаол ўрганиш, ўзбек тилининг илмий асосларини янада мустаҳкамлашга бағишланган турли танловлар, жумладан, илмий ишлар учун грант танловлари ўтаказилаётганида, янгидан-янги китоблар, луғатлар, қўлланмалар нашр этилаётганида, уларнинг электрон шакллари интернет тармоғига жойланиб, минглаб-миллионлаб мухлислар томонидан фаол фойдаланила бошлаганида кўриш мумкин.
Она тилимизнинг нуфузини, жамиятдаги ва халқаро миқиёсдаги мавқеини оширишга хизмат қилаётган ушбу жараёнда жамоатчилик томонидан кўплаб амалий таклифлар айтилмоқда. Инновацион ғоялар ва технологияларга асосланган замонавий фикрлар илгари сурилмоқда.
Давлат тили ва таълим
“Давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиши зарур, - деб таъкидлади Президентимиз Шавкат Мирзиёев. - Ёш авлод қалбига она тилимизни болаликдан сингдириш мақсадида таълимнинг барча босқичларида ўзбек тилини замонавий ва инновацион технологиялар асосида мукаммал ўргатишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Токи, болаларимиз ўзбек тилида равон ўқийдиган, равон ёзадиган ва теран фикрлайдиган инсонлар бўлиб етишсин”.
Бундай улуғвор мақсадга эришиш умумтаълим жараёнида умумий саводхонликка, она тили ва адабиёт таълимига эътиборни янада кучайтиришни тақозо қилади.
Ҳаётда тез-тез учраб турадиган бир ҳолат эсга тушади. Бошқаларни қўяверинг, олий маълумотли баъзи мутахассислар ҳам ўзининг она тилида, яъни ўрта мактабда ва олий таълим муассасида ўзбек тилида таълим олганига қарамай, хат-ҳужжатни давлат тилида тузукроқ ёза олмайди. Эътироз билдирсангиз, “мен тилшунос ёки журналист эмасман”, дейди. Гўё ўзбек тилини фақат ушбу касб эгалари билиши кераг-у, бошқаларга тааллуқли эмасдай.
Шу жиҳатдан жамоатчилик ўртасида мактабларда ўзбек тилини ўқитишни такомиллаштириш билан боғлиқ масаланинг кўтарилгани ва муҳокама қилинаётгани жуда хайрли иш. Айрим тилшунос-педагогларнинг фикрича, ўқувчиларнинг она тилини ўрганиши қийин кечиб, умумий саводхонлик даражасининг пастлигича қолаётганининг сабаби - дарсларда асосий урғу назарияга қаратилаётгани билан боғлиқ. Энди мактабда замонавий услублардан фойдаланиб, амалий гармматикани, яъни сўзлашувда ва ёзишда фаол қўлланиладиган тил қоидаларини ўргатишга ўтиш зарур. Бошқача айтганда, фарзандларимиз эга билан кесим, олмош, сифатнинг қоидаси билан бирга тўғри ёзишни, тўғри гапиришни ва тўғри фикрлашни ҳам пухтароқ ўргансин.
Албатта, ҳар қандай бахс-мунозарада бўлгани каби бу ўринда ҳам фикрлар хилма ҳил. Аммо бир масалада кўпчилик якдилки, ҳар қандай тилни яхши ўрганиш ва ўргатиш учун ўша тилнинг табиатидан келиб чиқиб иш кўрилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, ҳар бир миллатнинг ўзига хос турмуш тарзи, урф-одатлари ва маданияти бор. Тил унинг энг муҳим таркибий қисмидир.
Юксак самараларнинг буюк омиллари эса ҳар биримизда. Президентимиз таъкидлаганидек, “ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”.
Қулман ОЧИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси
Раисининг маслаҳатчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
Манба: “Гулистон” журнали,
2020 йил, 4-сон.