Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№1401 2024 йил 12 октябрь
Сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини видео-трансляция қилиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8, 14 ва 16-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Сайлов куни овоз бериш жараёнини реал вақт режимида (онлайн) видео-трансляция қилиш мақсадида техник талабаларга мувофиқ бўлган республиканинг туман ва шаҳарлари ҳудудида жойлашган сайлов участкаларида видеокузатув камера ва бошқа зарур қурилмалар ўрнатилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда:
2024 йил 15 октябрга қадар овоз бериш жараёнини видео-трансляция қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссияларининг тавсиялари асосида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тақдим этилган рўйхатга мувофиқ сайлов участкаларида видеокузатув камера ва зарурий қурилмалар ўрнатилиши ҳамда жиҳозланишини таъминласин;
2024 йил 18 октябрга қадар Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказидаги экранларда, saylov.uz расмий веб-сайтида ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон 24” ва бошқа телеканалларида овоз бериш жараёнини реал вақт режимида (онлайн) кузатиш имкониятини яратиш чораларини кўрсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ билан биргаликда 2024 йил 18 октябрга қадар:
сайлов участкаларини узлуксиз электр энергия манбаи билан таъминлаш чораларини кўрсин;
овоз бериш жараёни реал вақт режимида (онлайн) видео-трансляция қилинадиган сайлов участкаларида захира электр таъминоти мавжуд бўлишини таъминласин.
4. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
5. Ушбу қарор нусхаси Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссияларига ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларга юборилсин.
6. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. Низамходжаев