Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№1400 2024 йил 12 октябрь
Айрим сайлов участкаларида тажриба-синов тариқасида овоз беришни электрон шаклда амалга оширилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
2024 йил 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида овоз бериш жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 26-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиясининг тавсиясига асосан Тошкент шаҳридаги 16, 17, 18, 19, 20, 21, 22, 23, 24 ва 25-сайлов участкаларида сайлов куни электрон овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш тажриба-синов тариқасида жорий этилсин.
Ушбу сайлов участкаларида сайловчилар ўз хоҳиш-иродаларини эркин намоён этган ҳолда ихтиёрий равишда электрон шаклда ёки сайлов бюллетенлари орқали (анъанавий тарзда қоғоз шаклда) овоз бериш ҳуқуқи мавжудлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Тажриба-синов тариқасида айрим сайлов участкаларида электрон овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда:
электрон овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш учун жорий йилнинг 15 октябрига қадар мазкур қарорнинг 1-бандида кўрсатилган сайлов участкаларида электрон овоз бериш қурилмалари ўрнатилиши ва сайлов куни узлуксиз ишлашини таъминласин;
электрон овоз бериш ташкил этиладиган сайлов участкаларидаги комиссия аъзолари учун электрон овоз бериш тартиби ҳақида тушунтириш ва ўқитиш ишлари амалга оширилсин.
4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ билан биргаликда жорий йилнинг 18 октябрига қадар электрон овоз бериш ташкил этиладиган сайлов участкалари узлуксиз электр энергия манбасига уланиши ҳамда уларда захира электр таъминоти мавжуд бўлишини таъминласин.
5. Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссияси электрон овоз бериш ташкил этиладиган сайлов участкаларининг комиссия аъзолари билан биргаликда ушбу сайлов участкаларида тажриба-синов тариқасида овоз бериш электрон шаклда амалга оширишнинг имконияти мавжудлиги ҳақида сайловчиларга кенг тушунтириш ишлари олиб бориш чораларини кўрсин.
6. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
7 Ушбу қарор нусхаси Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиясига юборилсин.
8. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. Низамходжаев