Ўзбекистон Республикаси
Марказий сайлов комиссиясининг қарори
№1256 2023 йил 15 май
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга ижозат бериш тўғрисида
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга ижозат беришни сўраб тақдим этган ҳужжатларини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16, 38 ва 63-моддаларига ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш ва имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 1067-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга ижозат берилсин.
2. Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг иштирок этишига ижозат бериш тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда белгиланган миқдорда имзо варақаларининг бланкалари сиёсий партиянинг ваколатли вакилига топширилсин.
3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
Раис З. Низамходжаев